OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 23 апрель
Мушоҳада - Фаоллик ва ташаббускорлик депутат фаолиятининг муҳим мезонларидир

Маълумки, мамлакатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида депутат ва сенаторлар ҳамда маҳаллий Кенгашлар фаолияти ҳақида сўз юритар экан, уларнинг фаолиятини замонга мос ҳолда жонлантириш билан боғлиқ бир қатор вазифаларни белгилаб берди.

Албатта, ушбу вазифаларни бажаришда доимий комиссия ва депутатлик гуруҳлари ёрдамига таянамиз. Бунда асосий эътиборни ҳар бир депутатнинг ташаббускорлигини оширишга қаратаяпмиз. Айни пайтда Президентимиз томонидан қўйилган вазифаларни бажаришда доимий комиссиялардаги депутатларнинг соҳани чуқур билиши, ҳар бир масала бўйича ўз фикрига эга бўлиши муҳим аҳамият касб этишини инобатга олиб, бу борада ҳам муайян ишларни амалга ошираяпмиз. Аёнки, зукко, билимли, айни чоғда мамлакат тақдирига бефарқ бўлмаган депутат сайловчи билан тезда тил топишади ва уларнинг кўмагида катта масалаларга ечим топади.

Бундай мисолларни ўз фаолиятимдан ҳам кўплаб келтиришим мумкин. Масалан, яқинда Сардоба туманида қишлоқ фуқаролар йиғинлари фаоллари ва фермерлар иштирокида ўтказилган йиғилишни олиб кўрайлик. Унда иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглар эканмиз, ўзимиз учун кўплаб фойдали таклифларни олдик.

Масалан, вилоят экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ҳақидаги мулоҳазалар ана шундай таклифлардан бири бўлди. Ушбу таклифни таҳлил қиларканмиз, масаланинг биз учун маълум бўлмаган қирралари ҳам аён бўла борди. Ҳозирда шу таклиф асосида вилоят экин майдонлари атрофида тик (вертикал) зовурлар қазилмоқда. Ушбу агротехник тадбир натижасида ер унумдорлиги ошиб бораётганлиги эса ҳаммасидан қувонарлидир.

Маълумки, Мирзачўлнинг аксарият ҳудуди кучли шамол йўналишида жойлашган. Тез-тез ва узоқ эсадиган шамоллар ерни эрозияга дучор қилади, натижада тупроқ таркиби бузилади. Сайловчилар бу масалада фаоллик кўрсатиб, экин майдонлари атрофида иҳотазорлар барпо этиш таклифини илгари суришди. Дарвоқе, шу пайтгача бир қанча жойларда иҳотазорлар ташкил этилган бўлиб, улар яхши самара бериб келмоқда. Уларнинг бу таклифини ҳам таҳлил қилиб, иш режасига киритдик. Шу асосда ҳозирда вилоят ҳудудида дов-дарахтлар янада кўпайтирилиб, янги боғлар барпо этилмоқда.

Айтиш лозимки, юртимизда аграр соҳани ривожлантириш, қишлоқда қайта ишлаш тизимини кенгайтириш учун етарлича ҳуқуқий ва иқтисодий асос яратилган. Аммо давр, тараққиёт бир жойда туриб қолмайди. Қонунлар такомиллашиб бормоқда. Энг муҳими, мамлакатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар тобора чуқурлашаётир. Боз устига, бугунги кунда халқимизнинг фаоллиги ошиб, депутат ва сенаторларга, ислоҳотлар учун масъул бўлган ҳар бир инсонга катта умид ва ишонч билан қаралмоқда.

Шундай экан, биз, депутатлар нафақат ташаббускор ва билимли, айни чоғда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлишимиз зарур. Бундай юксак ишончни оқлаш бизнинг муқаддас бурчимиздир.

Абдумавлон МАҲМУДОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси,
Сардоба туманидаги «Барака»  фермер хўжалиги раҳбари.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati