OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 23 феваль
Мушоҳада: ФАРОВОНЛИК ОМИЛИ

Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатининг қўшма ­мажлисидаги маърузасида иқтисодиётимизни модернизациялаш, жамият ва давлат қурилиши тизимларини янада демократлаштириш соҳасидаги ютуқларимизни мустаҳкамлаб бориш учун мавжуд имкониятларга теранроқ ёндашиш, ишга янгича муносабатларни шакллантириш вазифаларини таъкидладилар.

Жамият ҳаётида рўй берган ҳар бир хайрли юмуш, элнинг манфаати ва фаровонлигини таъминлашга қаратилган ҳар бир изланиш одамларнинг онг-шуурида, тафаккурида муайян из қолдириши, табиий. Бу ҳолатни ўзим яшаб турган маҳалла аҳли кайфиятидан, хўжалигимиз ишчиларининг руҳан бардамлигида кўраман. Шундан келиб чиқиб айтаманки, энди биз бугунги ва эртанги кунимизга ҳар қачонгидан ҳам масъулият билан қарайдиган, айтган сўзимизнинг, орзу-умидларимизнинг, амалий ишларимизнинг мазмун-моҳиятини ёрқинроқ идрок этадиган янги замон одамларимиз. Ўз оиламиз — рўзғоримизнинг ташвишлари узоқ-яқинда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нечоғли боғлиқлигини таҳлил қила биладиган авлодмиз. Бу, табиийки, давлатимизнинг, мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ жамиятни эркинлаштириш, шахснинг мулкка, ерга эгалик муносабатларини шакллантириш борасидаги оқилона сиёсати ҳосиласидир.

Ана шундай қалби уйғоқ элнинг вакили бўлиш, унинг ваколатли органида фаолият юритиш масъулияти тўғрисида Президентимизнинг қўшма мажлисда айтган гаплари биз учун дастуриламал бўлади. Қамровни кенг ва катта олиб ҳаракат қилиш эса дастурларимизнинг, эртанги ишларимизнинг салмоғини таъминлаши, табиий. Қамров фаолиятимиз давомийлиги, ҳаракатларимизнинг босқичма-босқич ривожланишига замин яратиб беради. Мана, қишлоқни ислоҳ қилишнинг бош йўналишларидан бири бўлган фермер хўжалиги камолини олинг. Хўжалигимиз бундан 15 йил илгари ташкил топган. 20 гектар ер олиб иш бошлаганмиз. Бироқ танлаган йўлимиз тўғри, ҳаётий эканки, шу митти жамоа ўшанда довруғи баланд ширкат хўжаликларининг соя­сида қолиб кетмади. Аксинча, ўзининг мулкка эгалик қилиш, меҳнатидан манфаатдорлик жозибаси билан рақобат майдонида қўли, мавқеи баланд кела ­бошлади.

Президентимизнинг “Озиқ-­овқат экинлари экиладиган майдонларни оптималлаштириш ва уларни етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса бу ҳаракат кўламларини янада кенгайтирди. Фермерлик ҳақидаги тасаввурлар тиниқлашган, янгича имкониятлар қирралари кўзга ташланиб қолган, шу билан бирга, айрим муаммолар ечимини сўраб турган бир пайтда бу Фармон ислоҳотларга ­янгича йўл, янгича сарҳадлар очиб берди.

Хўжалигимизнинг ҳозир 213,8 гектар ери, 100 га яқин ишчиси, йигирмадан зиёд техника воситалари, ўз гаражи, участкалари, изга тушиб олган ҳисоб-китоб олиб бориш тизими, тажрибаси бор. Тарқоқлик ўрнига тизимлилик, фаолият торлиги ўрнига кенг тармоқлилик тамойилларимиз янада сайқаллашди. Бунинг самараси ўлароқ, бултур 452 тонна пахта, 100 гектар майдонда 750 тонна ғалла етиштирдик. Даромадимиз 500 миллион сўмга етди. Ишчиларимизнинг иш ҳақи бир ярим бараварга ошди.

Мамлакатимизнинг, жумладан, воҳамиз фермерларининг фаолиятида ҳам шундан қолишмайдиган ютуқларга эришилгани янада муҳимдир. Бунинг натижасида жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг қишлоқларимизга таъсири деярли сезилмади. Қишлоқ ўзини ўзи эплайдиган, унча-мунча қишлоқ кишилари муаммосини маслаҳатни бир жойга қўйиб, кенгашиб ечадиган, шаҳар билан муносабатларини самарали ­тарзларда олиб борадиган ­марраларга чиқиб олди, десам адашмайман.

Давр биздан қамров ва иш кўламларимизни кенгайтириб боришни тақозо қилмоқда. Президентимиз қўшма мажлисда таъкидлаганларидек, фаолиятимизни умумдавлат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этмоғимиз, вакил сифатида масалаларга ҳудуд ва минтақалар муаммолари нуқтаи назаридан қарамоғимиз лозим.

Дастур ва режаларни кундалик ҳаётга боғлаш, бунёдкор халқимизнинг ташаббускорлик фазилатига суяниш, шу аснода аҳолининг иш билан бандлигини таъминлашдаги муаммолар ечимини топишга эътиборни қаратиш қишлоқ ҳудудлари учун муҳим ишлардан бўлиб қолаётганини таъкидлагим келади. Қишлоқ одамлари, юқорида эслатганимиздек, томорқа хўжалигини ўз кучлари билан ривожлантиришда хайрли юмушларни қилаяпти: 15 сотих томорқанинг бир йиллик даромадидан янги уй-жой қураётган, енгил машина харид қилаётган, фарзанд­ларини ўзлари истаган институтларда ўқитаётганлар кўп.

Бироқ одамларга сервис хизмати кўрсатиш шохобчаларини очиш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини йўлга қўйиш, истеъмолчилар билан муносабатларини мувофиқлаштириш, улар етиштирган маҳсулотни қишлоқнинг ўзида қайта ишлаш тизимини яратиш, томорқага кичик технологияларни олиб кириш, бу жабҳага ёшларни кўпроқ жалб этишни кучайтиришни яна бир бор таҳлил этиб кўрадиган вақт келди, деб ўйлайман. Касб-ҳунар коллежлари билан ўзини ўзи бошқариш идоралари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, оила бизнеси — касаначиликни қишлоқда хусусий тадбиркорликнинг асосий бўғинига айлантириш фаровонлигимиз ошишига хизмат қилади.

Шу ва бошқа соҳаларга тегишли вазифалар сайловчиларимиз олдида, юрт олдида ёруғ юз ­билан ишлашимизни, ишончни оқлашимизни, олдинги марраларда фаолият юритишимизни ­таъминлайди.

Исахон БАҲРОМОВ,
Ангор туманидаги «Саид Носирхон» фермер хўжалиги раҳбари,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

ЎзА
("Халқ сўзи" газетаси, 2010 йил 23 февраль)

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati