O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 йил 22 декабрь

 

Фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш йўлида

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталарининг шу йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги улкан дастурий мазмун-моҳиятли маърузасида мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилиши зарур бўлган, мақсад ва мазмунига кўра, юртимизнинг ёрқин истиқболини, порлоқ келажагини белгилаб берувчи концептуал вазифаларни илгари сурди.

Концепцияда, жумладан, фуқаролик институтларини янада равнақ топтириш, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан ижтимоий ҳамкорлигини кучайтириш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг жойларда ижтимоий дастурларни бажариш ҳамда жамият қурилишига доир муҳим аҳамиятга эга бўлган қарорларни қабул қилишдаги фаол иштирокини кенгайтириш лозимлиги қайд этилади. Шу маънода, Юртбошимизнинг маҳаллалар фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, уларнинг вазифалари — ваколатлари кўламини бундан-да кенгайтириш масаласига оид кўрсатмалари алоҳида диққатга сазовордир.
Зеро, бугун халқимизнинг “Маҳалла ҳам отанг, ҳам онанг” деган пурмаъно ибораси ҳар бир хонадон, элу юртнинг қиёфаси бўлган маҳалла ҳаётида ўзининг ҳақиқий исботини топмоқда. Маҳалла, қисқача айт ганда, фуқаролик жамиятининг фақат ўзимизга хос бўлган миллий ва энг демо кратик институти бўлиб қолди.
Бошқача айтганда, маҳалла фақат катта бир жамоа ёхуд яшаш масканигина эмас, балки аҳолининг ижтимоий-иқтисодий, маърифий-маданий фаолиятини ривожлантирувчи, халқимизнинг азалий қадриятларига бўлган ҳурмат, ўзаро муносабатларда одоб ва ахлоқ, жамият олдидаги мажбуриятларини сўзсиз бажариш ва масъулликнинг ўзига хос тамо йилларига амал қилишга ўргатувчи ҳаёт мактабига айланмоқда.
Дарҳақиқат, истиқлол йилларида амалга оширилган кенг қамровли ишлар натижасида том маънода аҳолининг кенг қатламларини қўллаб-қувватлайдиган турли фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллаларнинг ҳам жадал юксалиш даври бўлди. Айнан бу даврда, Президентимиз маърузасида таъкидланганидек, “Бошқарув соҳасини марказлаштиришни чеклаш, бу борадаги вазифаларнинг бир қисмини республика даражасидан вилоят, туман ва шаҳар миқёсига ўтказиш, Ўзбекистонда маҳаллий ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб шакли бўлган маҳалла тизимини шакллантириш масалаларига катта аҳамият қаратилди”.
Бундай саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, маҳаллаларнинг бугунги кунда фуқароларнинг долзарб муаммоларини ҳал этиш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси ва жойларда жамоат тартибини сақлаш масалаларида ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва ҳиссаси кундан-кунга ортиб бораётганини кўрамиз.
Буни амалга оширилган ишлар ва қўлга киритилган натижалар ҳам тасдиқлаб турибди. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллий мафкурамизга садоқат каби мавзуларда 12 миллиондан зиёд аҳоли иштирокида 260 мингга яқин маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Айни чоғда фуқаролар йиғинлари масъул ходимлари учун турли мавзуларда 30 мингга яқин семинарлар ва ўқишлар ташкил этилди.
Шу билан бирга, 2009 йили ва жорий йилнинг ўтган даврида маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида, уларга 1600 та компьютер жамламаси ҳамда 1000 га яқин мебель жиҳозлари етказиб берилгани ҳам эътиборга молик.
Шу ўринда чуқур мамнуният билан таъкидлаб айтамизки, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 18 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда 2011 йилни “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб аташни таклиф этдилар. Бу таклиф бутун мамлакатимиз жамоатчилигининг айни кўнглидаги гап бўлди. Чунки кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик одамларимиз учун янги иш ўринларини очиш, барқарор даромад манбалари яратишнинг энг муҳим омилига айланиб бормоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятининг ихчамлиги ҳамда ҳаракатчанлигини ҳисобга олсак, бу соҳалар мамлакатимизнинг иқтисодий юксалишида юқори самаралар бериши ўз-ўзидан тушунарлидир. Тадбиркорликнинг бозор конъюнктурасига, истеъмолчиларнинг талаб ва эҳтиёжига тез мослаша олиш хусусияти, айниқса, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида янада яққолроқ намоён бўлмоқда. Пировардида ҳар қандай давлат учун мамлакат иқтисодий ўсишининг асосини ташкил этишда муҳим саналган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришдек долзарб масалада мамлакатимизда ҳали ишга туширилмаган катта имкониятларнинг мавжудлигини муҳтарам Юртбошимиз ўз маърузаларида кўрсатиб бердилар.
Шундан келиб чиқиб, республикамизда маҳаллаларни аҳолининг аниқ йўналтирилган ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантирилишини даврнинг ўзи тақозо этмоқда, дейиш мумкин. Бунинг ўзига хос хусусиятлари бор. Аввало, бугун юртимизда амалда жадал ривожланиб келаётган соҳа бўлган оилавий бизнеснинг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилиши кичик бизнеснинг иқтисодиётдаги мавқеини янада мустаҳкамлаши ҳеч кимга сир эмас. Бу эса давлатимиз томонидан мунтазам равишда қўллаб-қувватлаб келинаётган тадбиркорликнинг фаоллашувига пухта замин бўлиши билан бир қаторда, маҳаллаларда янги иш ўринлари яратилиши, оилалар иқтисодининг ривож топиши ва пировардида аҳоли турмуш даражасининг яхшиланишига хизмат қилади.
Президентимиз маърузасида кўрсатиб ўтилганидек, маҳалла фаолиятининг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, унинг самарали фаолият юритиш механизмлари ҳамда ваколатларини кенгайтириш ушбу вазифаларни ижобий ҳал қилишда муҳим омиллардан биридир.
Шуни ҳисобга олиб, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, яъни уни такомиллаштиришга доир таклифларимизни киритдик.
Айни чоғда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳам ана шундай ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклифи берилди.
Албатта, юртимиздаги ҳар бир фуқаро ўзининг келажагини, энг аввало, маҳалласида кўради. Бир ишни бошлашдан олдин “Маҳалла нима деркин?” деган савол кўпчилигимизни ўйлантиради, керак бўлса, худди шу саволнинг ўзи юртдошларимизни мулоҳаза, мушоҳадага чорлаб, эзгу ишларни амалга оширишга етаклайди. Сирасини айтганда, маҳалла — халқ виждони. Шундай экан, унинг оқсоқоллари, маслаҳатчилари элнинг назарига тушган инсонлар бўлиши талаб этилади.
Табиийки, Президентимиз томонидан билдирилган ушбу таклифнинг ҳаётга татбиқ этилиши аҳолининг маҳаллага ишончини янада оширади, фуқароларнинг демократик жамиятни шакллантиришдаги фаоллигини кучайтиришга хизмат қилади.

 

 

Анвар АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, республика «Маҳалла» жамғармаси бошқаруви раиси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati