Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2010 йил 22 январь

22 январь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни комиссия раиси М. дусаломов олиб борди.

Мажлисда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 58-моддасига ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига 2010 йил 20-22 январь кунлари бўлиб ўтган сайлов натижалари кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига сайланган 84 нафар аъзо рўйхатга олинди.         

Марказий сайлов комиссияси мажлисида таъкидланганидек, ҳокимият вакиллик органлари депутатларининг Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш бўйича қўшма мажлислари сайлов қонунчилиги талабларига мувофиқ ўтди. Яширин овоз бериш натижасида Сенат аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — олти кишидан — Қорақалпоғистон Республикаси Жўқор­ғи Кенгеси, вилоятлар, туман ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари ­депутатлари орасидан ­сайланди.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ, ­Сенат аъзолигига номзодлар маҳаллий Кенгашларнинг давлат ва жамият фаолиятида катта амалий тажрибага эга ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли депутатлари орасидан Оқсоқоллар кенгашлари томонидан кўрсатилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг сайлови Марказий сайлов комиссияси аъзолари иштирокида, очиқ ва ошкора ўтгани таъкидланди. Қонунчилик бузилиши билан боғлиқ бирор-бир ҳолат қайд этилмади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ­Сенатининг 16 нафар аъзоси тайинланди.

Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисини чақириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 81-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўғрисида»ги Конституция­вий қонуннинг 10-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисини 2010 йил 25-26 январда чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар бўйича Марказий сайлов комиссиясининг қарори, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг  Сенатнинг 16 нафар аъзосини тайинлаш тўғрисидаги Фармони матбуотда эълон қилинади.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2010 йил 22 январь)

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati