OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR На русском                                                      

2010 йил 20 май
МИКРОМОЛИЯЛАШ – МАМЛАКАТ МИНТАҚАЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом ­Каримовнинг 2010 йил 27 январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш — устувор мақсадимиздир» номли маърузасида парламентнинг, маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари — Кенгашларнинг энг муҳим вазифаси марказда ижро этувчи ҳокимият, ҳукумат ва жойларда ҳокимликлар парламент томонидан қабул қилинган қонунларни қандай ижро этаётганлиги устидан қаттиқ парламент, депутатлик назоратини амалга оширишдан иборат эканлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2010 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг устувор йўналишларига бағишланган мажлисида кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантиришни молиялашда тижорат банкларининг ролини кучайтириш борасидаги ишларни давом эттириш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Шу муносабат билан 2010 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналари учун камида 2,5 триллион сўм ҳажмида кредит ресурслари ажратилишини, микрокредитлар ҳажми эса 420 миллиард сўмгача кўпайтирилишини таъминлаш вазифа қилиб қўйилмоқда.

Ушбу вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида яқинда Жиззах вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси билан халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг “Микромолиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг бажарилишини ўрганиш якунларига бағишланган қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Ушбу Қонуннинг Жиззах вилоятида 2007 — 2009 йилларда ва 2010 йилнинг биринчи чорагида ижро этилиши, шунингдек, минтақада кредит ташкилотларининг микро­молия­вий хизматларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Вилоят депутатлар корпусининг мазкур Қонуннинг сифатли ижро этилишидаги иштироки масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

“Микромолиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Инқирозга қарши чоралар дастурини муваффақиятли амалга ошириш ҳамда инқироздан кейинги тараққиётнинг, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг ғоят муҳим омили сифатида микромолиявий хизматларни ривожлантириш учун зарур ҳуқуқий базадир.

Ҳозирги вақтда Жиззах вилоятида тижорат банкларининг 39 та филиали, шунингдек, иккита нобанк кредит ташкилоти ишлаб турибди. Улар томонидан 2009 йилда кўрсатилган микромолиявий хизматлар ҳажми 14,3 миллиард сўмни ташкил этган бўлиб, бу 2008 йилдагига нисбатан 1,5 баравар кўпдир. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъект­ларига 2007, 2008, 2009 йилларда ушбу хизматларнинг кўрсатилиши натижасида вилоятда тегишлича 5233, 6152 ва 16637 та, 2010 йилнинг биринчи чорагида эса 2871 та иш жойи ташкил этилди.

Шу билан бирга, сенаторлар ва депутатлар бу соҳадаги ишни янада такомиллаштириш ҳамда рағбатлантиришга, қонун ва қонуности ҳужжатларининг процессуал нормалари ва механизмларини амалга оширишга биринчи навбатда эътибор бериш талаб қилинаётганлигини кўрсатиб ўтдилар. Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан иш жойлари ташкил этиш, ишлаб чиқариш ҳажм­лари ва хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш, шунинг­дек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъект­ларининг инвестициявий фаоллигини оширишнинг таъсирчан ва самарали омили бўлган микромолиялашни, айниқса, қишлоқ жойларда янада ривожлантириш юзасидан тегишли амалий чоралар кўрилиши зарурлиги таъкидланди.

Муҳокама асносида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, маҳаллий хом ашёдан фойдаланиш ҳамда энергияни тежайдиган ва чиқитсиз ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ишлаб чиқариш цикли учун вақтни қисқартиришнинг рағбатлантирувчи воситаси ва самарали шакли бўлган микролизинг хизматларини, айниқса, қишлоқ жойларда кўрсатишни янада кенгайтириш ҳақида фикр билдирилди. Микромолиявий хизматлар тузилмасида микролизинг хизматларининг улуши бир қатор банклар бўйича ўрганиб чиқилаётган даврда пастлигича қолмоқда. Айниқса, ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга оширишда ҳокимиятнинг вакиллик органлари, ҳокимликлар ва бошқа ман­фаатдор тузилмаларнинг тижорат банклари билан ҳамкорлиги ва биргаликдаги фао­лияти даражасини анча яхшилаш талаб қилинмоқда.

Мажлисда кўрсатиб ўтилганидек, бозорда лизинг ва инжиниринг компанияларининг хизматлари улуши ҳозирча арзимас даражада кам бўлиб қолмоқда, инновациявий технологияларни ривожлантириш бўйича ишланмалар етишмаётир.

Сенаторлар ва депутатлар “Микромолиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини тўла-тўкис ва самарали амалга ошириш учун ҳокимликлар ҳамда бошқа маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари микромолиявий маблағлар олган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмаси имкониятларидан самарали фойдаланишда ёрдам беришлари зарурлигини таъкидладилар. Қўшма мажлис қатнашчилари депутатлар, банк ва нобанк тизимларининг, лизинг, суғурта ва инжиниринг компанияларининг ходимлари ҳамда бошқа манфаатдор томонлар микромолиялаш масалалари юзасидан аҳоли, тадбиркорлик тузилмалари ўртасида тушунтириш ишини яхшилашлари бўйича таклифларни ҳам баён этдилар.

Муҳокама якунлари бўйича тегишли қўшма қарор қабул қилинди.

Қўшма мажлисда сенаторлар, Жиззах вилояти халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, ­бошқа манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг, тижорат банклари ва нобанк кредит ташкилотларининг, лизинг, суғурта ва инжиниринг компанияларининг вакиллари, олимлар ва экспертлар, шунингдек, ­оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашдилар.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati