OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 20 март
ҚОНУН ИЖОДКОРЛИГИ ФАОЛИЯТИДА ЎЗАРО ҲАМКОРЛИКНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

Шу йил 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ташкил қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қўмиталарининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги ўзаро ҳамкорлиги: амалиёт ва самарадорлик» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати қўмиталарининг раислари, сенаторлар ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ­(омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди ва Олий хўжалик суди судьялари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги инс­титути ходимлари, Тошкент давлат юридик институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ички ишлар вазирлиги академияси олимлари, мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Адвокатлар палатаси раҳбарлари ва мутахассислари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, жамоат бирлашмалари, ­оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок ­этдилар.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг шу йил январь ойида бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасида биринчи бор 2004 йилда сайланган икки палатали парламент фаолияти якунларини сарҳисоб қилар экан, «...парламентнинг профессионал органи сифатида доимий фао­лият олиб борадиган, қонунларни ишлаб чиқадиган ва қабул қиладиган қуйи палатаси ва ҳудудий вакиллик органи сифатида минтақаларимизнинг манфаатларини тўлиқ акс эттирадиган юқори палата бўлмиш Сенатни шакл­лантириш бўйича асосий вазифалар, умуман олганда, муваффақиятли ҳал қилинди. Қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг сифати ва асосланиши тубдан яхшиланди. Умумдавлат ва минтақавий манфаатлар ўртасидаги мутаносиблик ва уй­ғунлик янада самарали таъминланмоқда», деб таъкидлагани кўрсатиб ўтилди. Шу билан бир қаторда, давлатимиз раҳбари Олий Мажлиснинг кейинги беш йиллик даврдаги вазифалари ва устувор йўналишларини аниқлаб берди, қабул қилинадиган қонунларнинг сифатини тубдан яхшилаш зарурлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари томонидан парламент олдига қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, давра суҳбати иштирокчиларининг диққат-эътибори чуқур ва ҳар томонлама ишлаб чиқилган, узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган, мамлакатда олиб борилаётган социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг талаблари билан узвий боғлиқ бўлган қонун ижодкорлиги фаолияти дастурини яратиш масалаларига қаратилди. Иқтисодий, сиёсий, гуманитар соҳаларда жадал ривожланаётган ислоҳотларни амалга ошириш учун ҳаётий зарур бўлган қонунларни киритиш ташаббуси билан чиқишда ва уларнинг қабул қилинишини тезлаштиришда депутатлар корпусининг

сус­т­кашлиги, уларда фаолликнинг етишмаслигини енгиш, қабул қилинаётган қонунларга уларнинг рўёбга чиқарилишини таъминлайдиган процессуал механизмларни киритиш зарур бўлиб, бу охир-оқибатда парламентдан юксак даражада ташаббускорликни, қонун ижодкорлиги фаолиятининг самарадорлигини ошириш йўлларини узлуксиз равишда излашни талаб қилади.

Масалани муҳокама қилиш чоғида давра суҳбати иштирокчилари иш тажрибасини алмашдилар, Қонунчилик палатаси ва Сенат қўмиталарининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ҳамда такомиллаштириш масалалари юзасидан ўз таклиф ва ­истакларини билдирдилар.

Давра суҳбати иштирокчилари қабул қилинаётган қонунларнинг сифатини ошириш ва тақдим этилган қонунларнинг мазмун-моҳияти юзасидан юқори ҳамда қуйи палата келишув комиссиялари доирасида келиб чиқадиган баҳс-мунозаралар масалаларини ҳам қизғин муҳокама қилдилар.

Давра суҳбати якунлари бўйича муҳокама қилинган масалага доир тегишли тавсиялар қабул қилинди.

УзА
Халқ сўзи газетаси

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati