O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 йил 19 ноябрь

Парламент назорати

Йўл ҳаракати хавфсизлиги ва ижро масъулияти

Кундалик турмушимизни транспорт воситаларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Зеро, автомобиль транспорти одамларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қиладиган энг мақбул воситага айланиб улгурди. Айни пайтда эса автомобиллар сони тобора кўпайиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш юзасидан самарали тадбирларни амалга ошириш, юз бераётган транспорт ­ҳодисаларининг оқибатларига эътиборни кучайтиришни тақозо қилмоқда.
Интернет манбаларида келтирилишича, дунё бўйича йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳар йили 1,5 миллион киши ҳаётдан кўз юмаётир, яна миллионлаб одамлар бир умрга ногирон бўлиб қолмоқда. Бу ҳар биримиз, айниқса, соҳа мутасаддиларидан ушбу масалага жиддий ёндашишни талаб этади.
Мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича тегишли қонунчилик асослари яратилган. Хусусан, “Йўл ҳаракати хавф­сизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бу борадаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга хизмат қилмоқда. Албатта, ҳар бир қонун самарали ва сўзсиз ижро этилиши билангина кучли ҳисобланади. Шу боисдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ­мазкур ҳужжатнинг жойлардаги ижросини парламент назоратига олган. Хусусан, қўмита яқинда Қонуннинг Қашқадарё вилоятидаги ижросини назорат фаолияти тартибида ­ўрганиб, унинг халқ депутатлари ­вилоят Кенгаши билан ўтказилган қўшма йиғилишда атрофлича ­муҳокама қилди.
Маълумки, Қонуннинг 4-моддасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси ­Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва махсус ваколатли давлат органлари — Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш давлат-акциядорлик компанияси, Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Бугунги кунда вилоят ҳокимлиги, махсус органларнинг вилоятдаги бошқарма ва бўлимлари томонидан ушбу Қонун меъёрлари тўла-тўкис бажарилиши юзасидан тегишли ишлар амалга оширилаётир.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузурида Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш комиссияси ­тузилган бўлиб, унинг иш режасига мувофиқ, вилоятда йўл ҳаракати ­хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган омилларни ўрганиш ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориш бўйича турли тадбирлар ўтказилаяпти.
Умуман, мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ, одамларнинг турмуш фаровонлиги тобора яхшиланиб бормоқда. Буни Қашқадарё вилоятида сўнгги йилларда автомобиль транспорти сони мунтазам кўпайиб бораётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Чунончи, шахсий фойдаланишдаги автомобиллар сони 2000 йилдагига нисбатан 74,1 фоизга кўпайган. Айни пайтда улар амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатига олиниб, мунтазам мажбурий техник кўрикдан ўтказиб борилмоқда.
Йўл-патруль хизматлари, автомобиль ва дарё транспорти агентлиги томонидан эса шаҳарлараро қатновчи транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиши ҳолати мунтазам ­кузатилиб, уларнинг автомобилни бошқаришга лаёқати текшириб ­борилмоқда.
Бу каби профилактик тадбирлар самараси ўлароқ, 2010 йил биринчи ярим йиллигида йўл-транспорт ҳодисалари ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан бирмунча кама­йишига эришилди. Масалан, транспорт ҳодисалари оқибатида ўлим ҳолати 41,8 фоизга, жароҳатланганлар сони 9,9 фоизга пасайди.   
“Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонун ижросини ўрганиш давомида, шунингдек, унда белгиланган норма ва қоидаларни бажаришда айрим камчилик ҳамда нуқсонларга йўл қўйилаётгани ҳам аниқланди. Хусусан, автомобиль йўлларида ҳаракатни ташкил этиш ишларини такомиллаштириш, ҳайдовчилар, умуман, аҳоли ўртасида йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича тушунтириш ишлари кўламини янада ­кенгайтириш талаб этилмоқда. Шу билан бирга, давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимининг вилоят ­бошқармаси моддий-техника базасини бундан-да мустаҳкамлаш ­борасида чоралар кўриш зарур.
Таҳлилларимиз давомида шу нарса аниқландики, вилоятда 2010 йилнинг ярим йиллик ҳолатига кўра, йўловчи ташиш билан шуғулланувчи 103 та уюшма ва хусусий корхоналар мавжуд бўлиб, улар 312 та йўналиш бўйича аҳолига пуллик транспорт хизматларини кўрсатаётир. Бироқ ушбу корхоналарда иш юритишнинг яхши йўлга қўйилмагани, яъни ҳайдовчилар иш вақти ва тартибини назоратга олиш тадбирлари талаб даражасида эмаслиги, уларнинг штат бирликлари билан тўлиқ таъминланмаганлиги аён бўлди. Вилоятда фойдаланилаётган автобус ва микроавтобусларнинг аксариятини бутунлай янгилаш лозим. Жумладан, чет элда ишлаб чиқарилган, шаҳарлараро йўловчи ташишда фойдаланилаётган 118 та ҳар хил русумдаги автобуснинг ишлаб чиқарилганига
10 йилдан, “Мерседес-Бенц” русумли автобусларнинг 82 фоизи ишлаб ­чиқарилганига 20 йилдан ошган.
Айни пайтда мавжуд тезлик ўлчаш асбоблари (радар)ни ҳам янгилашга эҳтиёж сезилмоқда. Чунки ҳозирда ишлатилаётган “Барьер-2U” русумли тезлик ўлчов асбобларининг техник йўриқномасида улардан фойдаланиш муддати 8 йил эканлиги кўрсатиб ўтилган. Ваҳолонки, мазкур асбоблар ишлатилаётганига саккиз йилдан ошиб кетган. Шунингдек, вилоят давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини ҳайдовчилар томонидан спирт­ли ичимликлар истеъмол қилинганини текширадиган алкотестерлар билан жиҳозлаш лозим.
Вилоят Кенгаши депутатлари билан ўтказилган қўшма мажлисда Қонун ижроси бўйича йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонлар атрофлича таҳлил этилиб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. Одамларнинг ҳаётини, соғ­лиғини асраш, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонун ижросини сўзсиз таъминлашда мутасадди идоралар, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари масъулиятини янада ошириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Ю. ТУРСУНБАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари
қўмитаси раиси.

O'zA

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati