O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 йил 19 август
Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлиси олдидан
Монополияга Қарши ишлар тизими такомиллашади

Парламент юқори палатасининг навбатдаги анжумани кун тартибига қуйи палатада қабул қилинган “Монополияга қарши давлат органи қайта ташкил этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам киритилган.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 февралдаги “Монополияга қарши ишларни тартибга солиш ва рақобатни ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва мамлакатимиз раҳбарининг ушбу йил
2 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилди.

Қонуннинг асосий мақсади монополияга қарши ишларни мувофиқлаштириш тизимини такомиллаштириш, рақобат муҳитини ривожлантириш, монопол корхоналари фаолияти назоратини кучайтириш ҳамда иқтисодий ночор хўжалик тизимларини молиявий соғломлаштириш борасидаги ишларни фаоллаштиришдан иборат. Шу ўринда айтиш лозимки, юртимизда бу борадаги ишлар  товар бозорида монопол фаолиятни назорат қилиш ва чеклаш борасидаги давлат бошқарув тизимини изчил ислоҳ қилиш доирасида амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, республика бозорларида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, рақобатни ривожлантириш учун ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий шарт-шароитлар яратиш, бозорларни монополлаштиришга уринишларга йўл қўймаслик, бозор иқтисодиёти талабларига жавоб берувчи монополияга қарши тартибга солиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Президентимизнинг 2000 йил 2 августда “Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг шу санадаги “Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар асосида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси мустақил давлат органи сифатида ­ташкил этилди. Қўмитанинг мақоми ва вазифалари ҳам, табиийки, кенгайди.

Ислоҳотларнинг кейинги босқичида хусусий секторни ривожлантириш, корхоналар фаолиятини табиий монополиядан ҳимоя қилишни кучайтириш, банкротликка тушган корхона ва монопол ташкилотларни қайта ташкил этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, рақобатни рағбатлантириш, рақобатни ва ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватловчи бозор тизими учун шароит яратиш, қолаверса, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилишни таъминлаш ишлари амалга оширилди. Бунда Президентимизнинг 2005 йил 30 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилганлигини айтиш зарур. Шунга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасининг Кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси негизида Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ташкил этилди.

Бундай ўзгаришлар соҳа қонунчилигини такомиллаштиришни тақозо этди. Натижада 2005 йил 19 декабрда “Баъзи давлат бошқарув органларининг қайта ташкил этилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Унга биноан, қўмитанинг қайта номланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексининг 2681-моддаси, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23, 25, 27-моддалари ва “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасига  тегишли ўзгартишлар киритилди.

Монополияга қарши фаолиятни тартибга солиш, рақобат муҳитини изчил ривожлантириш, табиий монополия корхоналари фаолиятини назорат қилишни кучайтириш ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан нархларнинг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик, иқтисодий ночор корхоналарни молиявий жиҳатдан соғломлаштириш борасидаги ишларни фаоллаштириш мақсадида Президентимизнинг 2010 йил 26 февралдаги “Монополияга қарши ишларни тартибга солиш ва рақобатни ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Ушбу ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобатни ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига айлантирилди.

Айтиш жоизки, мазкур Фармон асосида тегишли вазирликлар, ташкилот ва тадбиркорлик субъектларига Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналари уюшмасини ташкил этиш таклифи ҳам берилган эди. Шу муносабат билан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш вазифаси қўмита ваколатидан соқит қилинди. Бу вазифанинг давлат органи зиммасидан олиниб, нодавлат ташкилотига берилиши кучли фуқаролик жамиятининг асосий мезонларидан ҳисобланади.

Зеро, бу — фуқаронинг тадбиркорлик фаолияти жараёнида эркин иштирок этиши учун кафолат ва шароит яратишга ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи субъектнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга хизмат қилади.

Абат РАМБЕРГЕНОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati