OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 19 март
ҚИШЛОҚ ЁШ ТАДБИРКОРЛАРИНИНГ САЛОҲИЯТИ ЮКСАЛМОҚДА

Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан ташкил этилган “Қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантиришда ёшлар салоҳиятидан ­фойдаланиш” мавзуидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида қайд этиб ўтилганидек, мамлакатимиз Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, йигит ва қизларда Ватан ­тақдирига, унинг ҳозирги куни ва келажагига дахлдорлик ҳиссини ­кучайтириш, мустақил ва янгича фикрлайдиган ёшларни тарбиялашдан иборат. Мамлакатимизда амалга оширилаётган “Баркамол авлод йили” Давлат дастури ана шу мақсадга хизмат қилмоқда. Ушбу Дастур мамлакатимизда ­соғлом, баркамол авлодни тарбия­лаш, ёшларга ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун зарур имконият ва шароит яратиш, шунингдек, мамлакатимиз йигит-қизларини ҳар томонлама етук, XXI аср талабларига тўлиқ жавоб берадиган шахслар қилиб шакллантириш борасидаги аниқ мақсадга қаратилган чора-тадбирлар комплексини назарда тутади. Дастурда қишлоқ жойларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ­ривожлантириш ҳамда ёшларнинг ­салоҳиятини ана шу соҳага кенг жалб этиш учун зарур шароит ­яратиш ­масалалари алоҳида ўрин олган.

Ҳозир кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида мамлакатимиз фаол аҳолисининг 70 фоизидан кўпроғи банд бўлиб, меҳнат фаолиятининг ушбу йўналиши аҳолининг кўпчилиги учун асосий даромад манбаига айланди. Фермер хўжалиги, хизмат кўрсатиш, қурилиш ва коммуникациялар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини технологик қайта ишлаш ва шу каби бошқа соҳаларда тадбиркорлик фао­лияти билан муваффақиятли шуғулланаётган қишлоқ ёшларининг сафи кенгайиб бормоқда. Масалан, Сирдарё вилоятида ҳозирги кунда 5152 та кичик бизнес субъекти иш олиб бормоқда. Уларда қишлоқ жойларда яшаётган 18 ёшдан 28 ёшгача бўлган 1700 нафар ­йигит ва қиз тадбиркорлик фаолияти ­билан шуғулланмоқда.

 

Давра суҳбати қатнашчилари қишлоқда тадбиркорликни ривожлантиришда ёшларнинг салоҳиятидан фойдаланиш каби муҳим вазифага дахлдор бўлган кенг доирадаги масалаларни муҳокама қилдилар. Амалдаги қонунларга ва норматив ҳужжатларга қишлоқда тадбиркорликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга, шунингдек, бу йўлдаги ҳали ҳам мавжуд бўлган тўсиқларни бартараф этишга йўналтирилган, давр ­талабларига мос ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ­хусусида фикрлашдилар. Ёшларнинг тадбиркорлик фаолияти соҳасида олган замонавий билим ва кўникмаларини муваффақиятли қўллаш, кўп жиҳатдан, ўқув муассасаларининг ўқув режалари ва дас­турларини доимий равишда такомиллаштириб бориб, мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг талаблари билан чамбарчас боғлаш, қишлоқ ёшларининг ташаббусларини ва бошлаган ишларини амалда қўллаб-қувватлашга боғлиқ эканлигига алоҳида эътибор берилди.

Масалани муҳокама қилиш асносида давра суҳбати қатнашчилари иқтисодиётда таркибий ўзгаришларнинг ғоят муҳим йўналиши, аҳоли даромадларини ва ўрта мулкдорлар синфини шакллантиришнинг асоси сифатида қишлоқ жойларда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликнинг ривожланишини янада рағбатлантириш, бу соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, шунинг­дек, қишлоқ ёшларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш учун шароит яратиш, уларга тегишли имтиёз ва преференциялар бериш зарурлигини алоҳида кўрсатиб ўтдилар. Ушбу масалаларни ҳал қилиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссиялари, корхоналар ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, банк муассасалари, ўқув юртлари раҳбарларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат ва нотижорат ташкилотлар, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамда ­бошқаларнинг катта куч-ғайрати ва масъулияти ­талаб қилиниши таъкидлаб ўтилди.

Давра суҳбати якунлари бўйича унинг иштирокчи­лари томонидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Тадбирда сенаторлар, Сирдарё вилояти халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашларининг депутатлари, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Марказий банкнинг вилоят бош бошқармалари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Сирдарё вилояти бўйича ҳудудий бош­қармаси, Сирдарё вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги инс­титути, Тошкент иқтисодиёт университети олимлари ва мутахассислари, ­жамоат бирлашмаларининг, ­оммавий ахборот ­воситаларининг вакиллари қатнашдилар.

УзА
Халқ сўзи газетаси

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati