Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2010 йил 19 январь

Аграр соҳа ривожининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси

Яқинда «Қишлоқ ва сув хўжалигида иқтисодий ислоҳотлар чуқурлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни матбуотда эълон қилиниб, ҳаётга татбиқ этила бошланди. Мазкур ҳужжат Президентимизнинг 2009 йил26 январдаги “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарори талабларини бажариш юзасидан ишлаб чиқилган.
Ана шу Қонун билан мамлакатимизнинг амалдаги 3 та кодексига ва 9 та қонунига, яъни Ўзбекистон Республикасининг Ер, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Солиқ кодекс­ларига ҳамда “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги кафолатлари тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ветеринария тўғрисида”ги, “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига “сувдан фойдаланувчилар уюшмалари” тушунчаси ўрнига “сув истеъмолчилари уюшмаси” тушунчаси қўлланиб, унинг мақоми, ҳуқуқ ва вазифаларини белгилаб ­берувчи моддалар киритилди.
Маълумки, илгари сувдан фойдаланувчиларнинг мажбуриятларида бир қатор тўловларни белгиланган тартибда амалга ошириш назарда тутилган эди. Лекин сув истеъмолчилари уюшмалари ягона ер солиғи тўловчи ҳисобланадиган фермер ва деҳқон хўжаликларига, бошқа сув истеъмолчилари ва сувдан фойдаланувчиларга гидромелиорация тармоқларини техник жиҳатдан сақлаш, сувни етказиб бериш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича хизматлар кўрсатади. Бу ҳолат ҳозирги вақтгача шарт­нома асосида амалга оширилар эди. Келажакда сувдан фойдаланишда бозор тамойилларига ўтилгач, сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари сув хўжалиги ташкилотларининг сувни етказиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаши лозим бўлади. Шу сабабли Қонуннинг 35 ва 115-моддаларига тегишли қўшимчалар киритилди. Яъни, сув ресурсларидан фойдаланганлик, сув етказиб бериш хизматлари ва бошқа кўрсатилган сув хўжалиги хизматлари учун тўловлар  тўланиши белгилаб қўйилди.
Ҳозирги вақтда сувдан махсус фойдаланишга рухсатнома бериш Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига юкланган. Бунда табиий сув объектларида сувдан фойдаланишга махсус рухсатномаларни ер усти сувлари бўйича  қишлоқ ва сув хўжалиги органлари, ер ости сувлари бўйича геология ва минерал ресурслар органлари, минерал ва термал сувлар бўйича саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш органлари таклифлари асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси органлари томонидан амалга оширилиши белгиланди. Сунъий сув объектларида, яъни каналлар, сув омборлари каби сув объектларидан сувдан махсус фойдаланишга рухсатномалар  қишлоқ ва сув хўжалиги органлари томонидан берилади. Фермер ва деҳқон хўжаликларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳамда маҳаллий аҳамиятга эга бўлган бошқа сув объектларида қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сувдан фойдаланувчиларга махсус рухсатнома туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими билан келишилган ҳолда сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан берилади. 
Сув объектларининг қирғоқбўйи  минтақаларида доимий ва вақтинчалик бинолар қуриш, бу ҳудудларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари содир этилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу эса уларни таъмирлаш ва тиклаш, реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш, сув ва сув объектларини муҳофаза қилиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли бажаришга тўсқинлик қилмоқда. Шу боис сув объектларида белгиланган тартибда сувни муҳофаза қилиш зоналарини ва қирғоқбўйи минтақаларини аниқлаш мақсадида “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг “сув объект­ларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ва соҳилбўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналари” тўғрисидаги 100-моддасига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Сувдан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни таъминлашнинг иқтисодий чора-тадбирлари кучайтирилди. Яъни, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш, сув объектларида  ўзбошимчалик билан гидротехника иншоотлари қуриш ва бошқа ишларни амалга ошириш, сув ресурсларидан хўжасизларча ва самарасиз фойдаланиш ҳолатлари содир этилгани учун маъмурий жазо чораларини кучайтириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 74-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилди. Хусусан, юқоридаги ҳолатларни содир этгани учун фуқароларга жарима аввал энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан учдан икки қисмигача, мансабдор шахсларга иккидан бир қисмидан икки баробаргача, деб белгиланган бўлса, янги нормада фуқароларга учдан икки қисмидан бир баробаргача, мансабдор шахсларга бир баробардан тўрт баробаргача деб белгиланди. Шунинг­дек, ушбу Қонун бузилиш ҳолатлари бир йил ичида қайта такрорланадиган бўлса, эски нормадаги жарима миқдори икки баробарга оширилди.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунига ҳам бир қанча ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, фермер хўжалиги Ўзбекистон Республикасида асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчи  субъект сифатида белгиланди. Ўз навбатида, фермер хўжаликларига ижарага бериладиган ер майдонларининг энг кам ҳажми пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари учун 10 гектардан 30 гектарга, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик ва бошқа маҳсулотлар етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари учун 1 гектардан 5 гектарга оширилди.
Ер ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига, “Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунларига ер ресурс­ларининг, айниқса, суғориладиган майдонларнинг чекланганлигини ҳисобга олган ҳолда, ер участкалари беришнинг ягона тартиби белгиланди. Бунда барча фуқаролар ер участкалари олиш учун яшаш жойларидаги туман (шаҳар) ҳокимлигига мурожаат қилиши, туман (шаҳар) ҳокими ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг хулосасига асосан, ер участкалари бериш ­бўйича қарор қабул қилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексида деҳқон хўжаликларига ер участкалари бериш тартиби қайта кўриб чиқилган. Бунда оилали ва қишлоқ жойларда уч йилдан кам бўлмаган муддатда яшаётган фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга 0,06 гектаргача ҳажмдаги ер участкалари берилади. Деҳқон хўжалиги юритиш учун берилаётган ер участкасининг қолган ҳажмлари илгари якка тартибда уй-жой қуриш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга берилган (берилаётган) ер участкасини ҳисобга олган ҳолда аниқланади ҳамда иморатлар ва иншоотлар қуриш, кўп йиллик дарахтлар экиш ҳуқуқисиз берилади.
Хулоса қилиб айтганда, “Қишлоқ ва сув хўжалигида иқтисодий ислоҳотлар чуқурлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг кучга кириши қишлоқ ва сув хўжалигида Юртбошимиз бошчилигида олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг қонуний асосларини янада такомиллаштириб, соҳанинг қонунчилик базасини ривожлантиришга хизмат қилади.

Ғофир АЛИЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг
Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2010 йил 19 январь)

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati