O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 йил 18 декабрь

 

Кўчмас мулк бозори ва риэлторлик

 

Юртбошимиз жорий йил 12 ноябрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида “Ўзбекистонда амалга оширилаётган бозор ислоҳотларининг суръати ва мантиқий талабларидан келиб чиққан ҳолда, эркин бозор иқтисодиёти муносабатларини янада ривожлантиришга хизмат қиладиган бир қатор қонунлар қабул қилишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда”, деб алоҳида таъкидлаган эди. Бу ҳуқуқий ҳужжатлар қаторида “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам бор.

Маълумки, кўчмас мулк бозори бозор иқтисодиётининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ кўчмас мулк билан боғлиқ муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш ва такомиллаштириш, кўчмас мулк бозорини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг натижасида кўчмас мулк объектлари ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимлар тузиш билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш бўйича тадбиркорлик фаолияти ҳам юзага келди.
Бугунги кунда профессионал хизмат кўрсатувчи Республика кўчмас мулк биржаси, “Агросаноат” кўп тармоқли биржаси, Республика мулк аукциони, “Пойтахт аукцион” ва “Муниципал биржа” масъулияти чекланган жамияти каби бозор инфратузилмаси ташкилотлари аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ушбу турдаги хизматларга бўлган эҳтиёжини таъминлаб келмоқда. Қолаверса, юртимизда кўчмас мулк объектлари ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимлар тузиш бўйича давлат рўйхатидан ўтган 2500 дан ортиқ ташкилотлар хизмат кўрсатмоқда. Шу билан бирга, бу борада давлат рўйхатидан ўтмаган, аҳоли орасида “маклерлар” деб аталувчи воситачилар томонидан ҳам хизмат кўрсатиб келинмоқда. Уларнинг фаолияти эса шу пайтга қадар тегишли қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаганди.
Бундай ҳолат мамлакатимиз кўчмас мулк бозорида кўрсатиладиган хизматларнинг замонавий андозаларга мос бўлиши ва умуман, ушбу тармоқнинг изчил ривожланишига тўсқинлик қилмоқда. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, дунёнинг тараққий этган мамлакатларида кўчмас мулк объектларига доир битимлар тузиш билан боғлиқ хизматлар “риэлторлар” деб аталувчи ўз ишининг малакали мутахассислари томонидан шартномавий асосларда кўрсатиб келинмоқда. 
Мамлакатимизда ҳам риэлторлик фаолиятини тартибга солувчи алоҳида қонун ҳужжатига эҳтиёж туғилган эди. Шу нуқтаи назардан, “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни сенаторлар томонидан маъқулланди. Қонун юртимизда риэлторлик фаолиятининг ҳуқуқий асосларини бос қичма-босқич ривожлантиришга ҳамда кўчмас мулк бозори иштирокчилари ва давлат манфаатларини уйғунлаштирувчи тизимни яратишга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Бугунги кунда кўчмас мулк бозорида кўрсатилаётган воситачилик хизматларининг сифатини талаб даражасида, деб бўлмайди. Чунки амалда риэлторлик фаолия ти билан ҳар қандай шахс, ҳатто мутлақо касбий малакага эга бўлмаган шахслар ҳам шуғулланишаётир. “Маклерлар”нинг мазкур фаолиятдан олаётган даромадлари декларация қилинмасдан ҳамда улар бўйича солиқлар бюджетга тўланмасдан келинмоқда. Қолаверса, бундай фаолиятни давлат органлари томонидан назорат қилиш ва мувофиқлаштириш йўлга қўйилмаганлиги натижасида кўчмас мулк олди-сотдиси билан бўладиган битимларда, айниқса, “маклерлар” воситачилигида амалга ошириладиган ҳужжатларда кўпгина нуқсонлар учрамоқда. Буни Олий хўжалик судида биргина 2007 — 2009 йилларда кўчмас мулк воситачилари хизматлари томонидан истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ 1500 дан ортиқ ишлар кўрилганлиги ҳам тасдиқлайди.
Қонуний асоснинг ривожланмаганлиги кўчмас мулк бозорида воситачилик хизматини кўрсатувчи давлат рўйхатидан ўтган ташкилотлар учун ҳам ноқулайликлар туғдиради. Негаки, улар ўз фаолиятлари доирасида амалга оширган айрим хатти-ҳаракатлар суд томонидан ноқонуний, деб топилишидан доимо хавотирда бўлишарди. Шу маънода айтганда, мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши бу борадаги бир қатор долзарб вазифаларни ҳал қилиш учун ҳуқуқий замин яратади. Аввало, риэлторлик фаолиятини лицензия лаш, уларга малакавий талабларни белгилаш ва фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталашни жорий этиш, риэлторлар фаолиятини назорат қилиш ана шулар жумласидандир. Айни пайтда риэлторлик фаолиятининг рухсат этилган турлари аниқланади. Шу билан бирга, риэлторлик ташкилотлари (риэлторлар) ва риэлторлик хизматлари буюртмачиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб берилади.
Қонунда ўз ифодасини топган меъёрий қоидалар амалда ушбу фаолият турини тартибга солишнинг аниқ механизмларини ўз ичига олади. Қонун нормаларида унинг мақсади, риэлторлик фаолияти, риэлторлик ташкилотлари ва риэлтор тушунчаларининг моҳияти, бундай хизматлар турлари ва уларни амалга оширишнинг асосий шартлари, соҳадаги субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўз инъикосини топган.
Қонунга мувофиқ, риэлторлик ташкилотлари риэлторлик фаолиятидан ташқари бошқа фаолият тури билан шуғулланмайдиган, тижорат ташкилотидир. Ушбу ташкилотлар қонунчиликда белгиланган риэлторлик хизматларининг барча турлари билан шуғулланишга ҳақли. Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахс бўлган риэлтор эса фақатгина кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш билан шуғулланиши мумкин. Шунингдек, риэлторлик фаолиятини тартибга солувчи ваколатли давлат органининг ваколатлари мазкур Қонунда алоҳида модда билан белгиланган.
Шу ўринда “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майда қабул қилинган “Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида”ги 222 — II-сонли Қарорининг 1-иловасига қўшимча киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни хусусида тўхталиш жоиз.
Маълумки, мамлакатимизда риэлторликни тадбиркорлик фаолиятининг тури сифатида лицензиялаш йўлга қўйилмаган. Бу, ўз нав батида, кўрсатилаётган риэлторлик хизматларининг сифати, риэлторлик субъектларининг ўз фао лияти натижалари учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаслигига, риэлторликдан тушаётган даромадларнинг декларация қилинмаслигига шароит яратаётир. Айни пайтда назорат қилувчи ва ҳуқуқни ҳимояловчи органлар сифатсиз риэлторлик хизмати кўрсатаётганлар фаолиятини чеклаш учун етарли ваколатга эга эмас эди. Ана шулардан келиб чиқиб, ушбу Қонунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майда қабул қилинган “Амалга оширилиши учун лицензия лар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида”ги 222 — II-сонли Қарорининг 1-иловасига риэлторлик фаолияти тадбиркорлик фаолиятининг янги лицензияланадиган тури сифатида киритилмоқда.
Хуллас, мазкур қонунларнинг ҳаётга жорий этилиши мамлакатимизда риэлторлик фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиб, кўчмас мулк бозори иштирокчиларининг, айниқса, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

 

Қ. ЭРГАШЕВ,
Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati