O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 йил 18 ноябрь

Демократик ислоҳотлар изчиллигини таъминлаш мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигининг муҳим асосидир

 

Юртбошимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида қилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” мавзуидаги маърузасини барчамиз катта қизиқиш билан тингладик.
Президентимиз мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган вазифаларни ҳал этишда давлат ҳокимияти тармоқларини, хусусан, парламент­нинг роли ва масъулиятини янада ошириш, сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларини, оммавий ахборот ­воситаларини ривожлантириш, шунингдек, ­демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ҳамда иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган бир қатор қонунчилик ташаббусларини илгари сурди. Ушбу ташаббуслар жамиятимизда ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб бериши билан бир қаторда, давлатимиз раҳбари раҳнамолигида рўёбга чиқарилаётган “ўзбек модели”нинг имкониятларини сафарбар қилиш ва изчиллигини таъминлаш, энг муҳими, Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йўлини янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Дарҳақиқат, демократик ислоҳотларнинг муҳим қисми ҳисобланган иқтисодиётни эркинлаштириш, модернизация ва диверсификация қилиш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш, қулай ва самарали ­инвестиция муҳитини шакллан­тириш, банк-молия тизимини ­ривожлантириш, хусусий мулк ва тадбиркорлик учун қулай ­шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар ­мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор суръатларда ўсишини таъминлаб келмоқда. Бундай ютуқларга эришишда, аввало, Юртбошимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон ­тараққиётининг беш тамойили, шу билан бирга, амалиётга татбиқ этилган қонунларнинг ўрни беқиёс­дир. Чунончи, ислоҳотларнинг биринчи босқичида Фуқаролик, Ер, Солиқ ва Божхона кодекслари, “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”, “Банклар ва банк ­фаолияти тўғрисида”, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги сингари ўта муҳим қонун ва норматив ҳужжатлар қабул қилинди. Иқтисодий ислоҳотларнинг ке­йинги бос­қичида эса умумий ҳисобда 400 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинди ва ҳаётга жорий этилди. Уларнинг барчаси иқтисодиётимизни янада либераллаштириш ва модернизация қилишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлибгина қолмасдан, рўёбга чиқарилаётган бозор ислоҳотларининг бар­қарорлигини таъминлаб, айни пайтда турли иқтисодий инқирозлардан мустаҳкам ҳимоя ва кафолат бўлиб ­хизмат қилмоқда.
Бу ислоҳотларнинг узвийлигини таъминловчи мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси юртимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган аниқ дастуриламал бўлиб, унда тараққиётимизнинг кейинги босқичлари, чунончи, демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш зарурлиги яққол акс эттирилган. Концепция­да келтирилганидек, холисона ­таҳлил, ислоҳотларимизнинг ­мантиқий ва изчил олиб борилиши, уларнинг замонавий бозор тартиб-қоидаларига мувофиқлигини баҳолаш иқтисодиётни ­бошқариш тизимини янада ­чуқурлаштириш, такомиллаштириш ва либераллаштириш бўйича ­жиддий эҳтиёж мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, Президентимиз таъкидлаганидек, хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, ҳар бир хусусий мулкдорнинг қонуний йўл билан топган мулки дахлсизлигини таъминлайдиган ишончли кафолатлар тизимини яратиш зарур. Энг муҳими, бу давлат хусусий мулк­дор ҳуқуқларининг ҳимоячиси эканлигини кафолатлаши лозим. Зеро, ушбу саъй-ҳаракатлар, пировардида, тадбиркорларнинг ўз бизнесига бемалол инвестиция киритиши, ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириши, маҳсулот ҳажми ва олаётган даромадини кўпайтириши, ўз мулкига ўзи эгалик қилиши, фойдаланиши, тасарруф этишига хизмат қилиши лозим.
Бунда, табиийки, Концепцияда кўрсатилган қонун ҳужжатларини тайёрлаш, қабул қилиш ва ҳаётга жорий этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бугунги кунда парламент палаталари олдида турган энг муҳим ­вазифалардан биридир.
Маълумки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи кучига айланди. Буни уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 50 фоиздан ортаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Қолаверса, мамлакатимизда жорий йилнинг тўққиз ойи давомида яратилган иш жойларининг аксарият қисми ҳам айнан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келаётгани уларнинг салоҳияти ниҳоятда катта эканлигини кўрсатади. Бироқ, Президентимиз қайд этганидек, бу соҳа реал иқтисодиётимизда, авваламбор, саноатда етакчи ўринни эгаллай олмаяпти. Шунинг учун “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳририни, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-қоидалари тўғрисида”ги Қонунни тайёрлаш зарур.
Шу ўринда битта масалага алоҳида эътибор қаратиш жоиз. Президентимиз ушбу секторни кредитлаш, ресурслардан фойдаланиш, давлат буюртмаларини олиш, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотларни сотиш учун янги имтиёзлар бериш, халқаро амалиётга мувофиқ даромадларнинг йиллик декларацияси шаклига босқичма-босқич ўтиш, молия ва статистика ҳисоботлари тизимини янада соддалаштириш, жумладан, бундай ҳисоботларни ваколатли давлат органларига электрон шаклда тақдим этиш каби механизмлар ҳисобидан қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам қонунда ўз аксини топиши даркорлигини уқтирдилар. Айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ишонч билдириш, давлат буюртмаларини бажаришдаги иштирокини рағбатлантириш бўйича ҳуқуқий асосларнинг яратилиши, табиийки, уларнинг мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий ҳаётидаги мавқеини оширади.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг муҳим ва аҳамиятли яна бир жиҳати шундаки, унда парламент аъзоларидан тортиб ижро органлари барча соҳа ва бўғин раҳбарларининг вазифалари аниқ белгилаб берилганлигидир. Концепцияда билдирилган энг устувор мақсадларни амалга оширишда сенаторларнинг масъулиятини ошириш, уларнинг бор куч ва ­имкониятларини сафарбар қилиш мазкур ҳужжат ҳаётийлиги ва самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади, албатта.
Абдурашид АЛТИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси.

Xalq so'zi gazetasi, O'zA

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati