O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 йил 18 август
Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлиси олдидан
Изчил ижтимоий муҳофаза

ҳуқуқий ислоҳотларимизнинг асосий йўналишларидан биридир

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2010 йил 20 мартда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини киритган эди. Аслида, бу ҳуқуқий ҳужжат мамлакатимиз раҳбарининг 2009 йил 30 декабрдаги “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тузилмасини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2009 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ташкилий тузилмасини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари асосида ишлаб чиқилган.

Лойиҳа парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилинди. У “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни деб номланиб, кўриб чиқиш учун 2010 йил 9 июлда ­Сенатга тақдим этилди.

Янги ҳуқуқий ҳужжатда мавжуд бир қатор қонунларимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган. Хусусан, унинг айрим моддалари билан  “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Деҳ­қон хўжалиги тўғрисида”ги, “Бюджет тизими тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига баъзи бир ўзгартишлар киритилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида номлари келтирилган ҳуқуқий ҳужжатларида мамлакатимизда кекса авлод вакиллари, меҳнат фахрийлари, аҳолининг ижти­моий ҳимояга муҳтож қатламлари ҳақида ғамхўрликни янада кучайтириш кўзда тутилган. Бу ғамхўрликлар туфайли пенсиялар тўлашнинг амалдаги механизми такомиллашди. Аниқроғи, жорий йил бошидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг жойларда вилоят, шаҳар, туман бўлинмалари фаолият юрита бошлади.

Негаки, илгари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизими зиммасида бўлган вазифалар ҳамда пенсия таъминотига доир масалаларнинг бутун мажмуи учун, жумладан, пенсиялар, ижтимоий нафақалар, товон пуллари ва бошқа тўловларни тайинлаш, молиялаш, ҳисобга олиш ҳамда тўланишини мониторинг қилиш учун жавобгар бўлган тегишли тузилмалар, шунингдек, врачлик-меҳнат экспертизаси хизматлари фаолиятини ташкил этиш масалалари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги таркибидан олиниб, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан таш­қари Пенсия жамғармасининг ихтиёрига ўтказилди. Шу муносабат билан тақдим этилган Қонунда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жам­ғармасининг янги ташкилий тузилмаси ва функционал вазифаларига мувофиқ ўзгартишлар киритилди.

Хуллас, амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган янги ҳуқуқий ҳужжат пенсия тайинлаш ва тўлаш, бу борада ҳисоб-китоб юритиш механизмини такомиллаштиришга хизмат қилади. Бу эса, мамлакатимизда қарилик гаштини сураётган отахону онахонларимиз учун яратилаётган қулайликларнинг яна бир кўринишидир. Зеро, кекса инсонларга меҳрибонлик кўрсатиш, ғамхўрлик қилиш миллий қадриятларимизнинг негизини ташкил этади.

П. МАТКАРИМОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati