OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 18 март
Маҳаллий кенгашларда » Ҳудудларни ривожлантиришнинг муҳим омили

Маълумки, шу кунларда мамлакатимизнинг барча минтақаларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамкорлигида маҳаллий Кенгашлар депутатлари учун семинар-тренинглар ўтказилмоқда. Уларда, аввало, Юртбошимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар, шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, уларнинг доимий комиссиялари фаолиятининг ҳуқуқий асослари хусусида атрофлича фикр-мулоҳазалар юритилмоқда.

Хусусан, маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ҳудудларни ривожлантиришда депутатлар ишини янада жонлантириш масаласи семинар-тренинг қатнашчиларининг қизғин муҳокамасига сабаб бўлаётир. Хўш, бугунги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, янгиланишлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари зиммасига қандай масъулият юклайди? Истиқболда маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари фаолиятини янада такомиллаштириш учун нималарга эътибор қаратилиши керак? Мухбиримиз билан мулоқотда бўлган халқ депутатлари Тошкент вилояти ҳамда шаҳри, Хоразм вилояти Кенгаши аъзолари масаланинг мана шу жиҳатига алоҳида эътибор беришди.

— “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига биноан, маҳаллий Кенгашлар сессияси муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, Кенгаш қарорларини ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ижросини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида доимий комиссиялар тузилади, — дейди халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси ў. Жуманиёзов. — Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугун мамлакатимизда доимий комиссиялар фаолияти учун тегишли ҳуқуқий асослар яратилган. Бироқ ҳамма жойда ҳам дои­мий комиссиялар фаолиятини амалдаги қонун ҳужжатлари дои­расида деб бўлмайди. Шу маънода ҳар бир ҳудуд ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳаётига дахл­дор масалаларни тизимли кўриб чиқиш ва ҳал этиш бўйича режаларнинг пухта-пишиқлигига эътиборни кучайтириш, уларнинг ижросини қатъий назорат қилишнинг аҳамияти ниҳоятда каттадир. Албатта, мазкур режаларнинг ўз вақтида, самарали ижро этилишини назорат қилиб бориш талаб этилади. Бунга доимий комиссиялар раислари жиддий масъулият билан ёндашиши лозим. Мабодо доимий комиссиялар раислари ўз мажбуриятларини сидқидилдан амалга оширмаса ёки депутатлар ўз вазифаларини бажармаган ҳоллари аниқланган тақдирда, уларга нисбатан маҳаллий Кенгаш сессиясида қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли чоралар кўрилади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, сайловчилар билдирган ишончни оқлаш — ҳар бир депутат зиммасидаги энг олий вазифадир.

— Куни кеча Чирчиқ шаҳрида ўтказилган “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари фаоллигини оширишнинг асосий йўналишлари” мавзуидаги семинар-тренингда ҳам ушбу масалага катта эътибор қаратилди, — дейди халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси ­раиси М. Тўлаганова. —  Ўзаро фикр алмашиш тарзида кечган ушбу тадбирда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарларининг ҳисоботини мунтазам эшитиб бориш, вилоятимиз аҳолиси турмушига дахл­дор масалаларда депутатлик сўрови институтини қўллашни янада кенгайтириш кераклиги айтиб ўтилди. Ижтимоий-маданий ривожланиш бўйича комиссия иш режасида ҳам масаланинг мана шу жиҳатига алоҳида урғу бераяпмиз. Жумладан, 2010 йилда янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури, “Баркамол авлод йили” Давлат дастури ижроси юзасидан назорат-таҳлил, депутатлик сўрови каби тадбирларни амалга оширишни режалаштираяпмиз. Чунки Президентимиз маърузасида таъкидланганидек, илгарилари бундай ҳисоботларни эшитиш кўпроқ умумий, яъни танишув ҳолатига эга бўлиб қолар, кўрилаётган масала бўйича муайян комиссиянинг позиция­си аниқ намоён бўлмасди. Эндиликда эса ҳисоботларни ҳар томонлама пухта ишлаб чиқиш, мавжуд камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш бўйича тавсиялар беришни йўлга қўйишни мақсад қилиб олганмиз.

— Дарҳақиқат, мамлакатимиз парламенти юқори палатаси томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар, амалий ёрдам кўрсатиш ор­қали маҳаллий Кенгашлар, доимий комиссияларнинг салоҳияти, масъулияти изчил юксалтирилиб борилгани, пировардида доимий комиссияларнинг ўз фаолиятларини тубдан қайта кўриб чиқишига, ўз иш режаларида эса ҳудуд учун долзарб аҳамият касб этган масалаларни акс эттиришга туртки бераётир, — дейди халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси С. Бобоқулов. — Доимий комиссиямиз ҳам ­Президентимизнинг қўшма мажлисдаги маърузасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, қолаверса, шаҳримиз ҳаёти учун долзарб аҳамият касб этган масалаларни амалдаги қонунлар доирасида ҳал этиш чораларини кўраяпти. Дейлик, иш режамизда “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун, “Баркамол авлод йили” Давлат дастурининг бир қатор туманларда ижро этилишини ўрганиш белгиланган. Шу билан бирга, шаҳримиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида долзарб масалалар бўйича мансабдор шахслар ҳисоботини эшитиш ҳам фаолиятимизда муҳим ўрин тутади.

Хулоса қилиб айтганда, маҳаллий Кенгашлар депутатлари давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги маърузасида таъкидланган вазифаларни рўёбга чиқариши, мамлакатимиз Конституцияси ва қонунларида белгилаб берилган ваколатларини изчил амалга ошириши айни заруратдир. Зотан, депутат фаол, фидойи бўлсагина, доимий комиссия­лар иши жонланади, демак, маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудлар тараққиётидаги нуфузи юксалади. 

УзА
Халқ сўзи газетаси

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati