O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 йил 17 август
Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлиси олдидан
Пиротехника буюмлари муомаласи

эндиликда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинади

Парламент юқори палатасининг навбатдаги анжумани кун тартибига “Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам киритилган. Аслида бу ҳуқуқий ҳужжат пиротехника буюмлари муомаласини лицензиялаш жорий этилишини, шунингдек, пиротехника буюмларининг ноқонуний муомаласи юзасидан маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтиришни назарда тутганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Пиротехника буюмлари мақсади ва қўлланиш шароитларига кўра, икки гуруҳга — маиший мақсаддаги буюмлар ҳамда ­махсус ва техник мақсаддаги ­буюмларга бўлинади.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда пиротехника буюмларининг, асосан, маиший мақсадлардаги пиротехника воситаларининг муо­маласи кескин кўпайди. Масаланинг долзарблиги даражасини шу ҳолат ҳам белгилайдики, 2006 — 2009 йиллар мобайнида ички ишлар органлари томонидан республика ҳудудида амалга оширилган рейд ва бош­қа тадбирлар натижасида пиротехника буюмларини келтириш, ташиш, сақлаш, сотиш ва улардан фойдаланишда белгиланган қоидаларни қўпол равишда бузган 3481 нафар ҳуқуқбузардан 3 млрд. 276 млн. донадан ортиқ пиротехника буюмлари олиб қўйилган.

Халқаро ҳамда миллий таснифга мувофиқ, пиротехника ­буюмлари биринчи классга мансуб портловчи материаллар ва буюмларнинг алоҳида тоифаларига киритилган ҳамда улар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавф­сизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва мол-мулкни асраш манфаатларига бевосита таъсир этади.

Пиротехника буюмларининг юқори даражада хавфлилигига қарамай, уларнинг асосий қисми муомаласига доир масалалар қонунчилик билан етарли даражада тартибга солинмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Портловчи ва заҳарли моддаларни яратиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, реализация қилиш соҳасида хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2004 йил 5 мартдаги қарори билан яратиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва реализация қилиш бўйича фаолият лицензияланиши керак бўлган портловчи ва заҳарли моддалар, уларни қўллаган ҳолда материаллар ва маҳсулотлар, шунингдек, портлатиш воситалари рўйхати тасдиқланган эди. Пиротехника буюмларининг ўзига хос фарқланувчи хусусиятларга эгалиги ҳисобга олиниб, улар ушбу рўйхатга киритилмаган эди.

Бундан ташқари, амалдаги қонун ҳужжатларида пиротехника буюмлари муомаласи соҳасидаги ҳаракатларнинг, лицензиялардан ташқари, бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар ёхуд давлат томонидан тартибга солишнинг бошқача шакллари асосида амалга оширилиши ҳам назарда тутилмаган.  

Халқаро тажрибани ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, қатор мамлакатларда, жумладан, Европа ­иттифоқига аъзо давлатлар, ­Канада, АҚШ (айрим штатларида), Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси, Молдова, Латвия ва Эстонияда пиротехника буюмлари муомаласини лицензиялаш амалга оширилмоқда.

Юқорида қайд этилганларни инобатга олиб, бу соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш мақсадида тўрт моддадан иборат бўлган мазкур Қонун қабул қилинган. Ушбу Қонуннинг биринчи моддаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси “Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи” деб номланган, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш,  шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарликни назарда тутувчи 2501 -модда билан тўлдирилди.

Мазкур Қонуннинг иккинчи моддасига биноан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси “Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи” деб номланган 1851 -модда билан тўлдирилди.

Бу моддадаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилади. Негаки, ушбу модда санкцияси ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилишни назарда тутади. Мазкур Қонуннинг учинчи моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майда қабул қилинган “Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг Рўйхати тўғрисида”ги Қарорининг биринчи иловаси “Пиротехника буюмларини (ҳарбий мақсаддаги маҳсулотлардан ташқари) яратиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, реализация қилиш, улардан фойдаланиш, уларни йўқ қилиш ва утилизация қилиш” мазмунидаги 74-хатбоши билан тўлдирилди.

Тўртинчи модда эса мазкур Қонуннинг кучга кириши тартиб-таомилини белгилайди.

Қисқа қилиб айтганда, янги Қонун пиротехника буюмларининг муомаласи соҳасида давлат томонидан самарали назорат ўрнатилишига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг соғлиғини муҳофаза этишга ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашга, шубҳасиз, ижобий таъсир кўрсатади.

Эркин РЎЗМЕТОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati