OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 17 феваль
Мушоҳада: Қонунлар ижроси — фаровон ҳаётимиз кафолати

Юртбошимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида мамлакатни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида бажарилаётган ишларни чуқур таҳлил қилиб берди.

Бу ишлар моҳияти, аввало, ҳуқуқий-демократик ислоҳотлар самарасининг жаҳон андозаларига мос келишида, юртдошларимиз сиёсий-ҳуқуқий маданиятининг, онгининг ошганлигида ва юксак маънавиятли, маърифатли эркин ҳаёт имкониятларида яққол намоён бўлаётир. Табиийки, бундай эврилишлар, ўзгаришлар, энг муҳими, дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Ўзбекистон илгари сураётган ташаббуслар, фикрлар халқаро муносабатларда кенг қўлланилмоқда.

Бу ютуқлар замирида, албатта, миллий парламентимизнинг ҳам ўз ўрни, аҳамияти бор. Негаки, истиқлолнинг илк йиллариданоқ мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча жабҳаларини изчил ислоҳ этиш, жамиятимизни янгилаш ва модернизация қилишнинг тегишли ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди. Айниқса, ўтган беш йил давомида парламент юқори палатаси — Сенати шакл­ланиши, жамиятда ўзининг мус­таҳкам ўрнини топиши билан бир қаторда, жамиятни бошқаришда муайян тажриба тўплашга ҳам улгурди.

Шу ўринда қайд этиш жоизки,  Юртбошимизнинг 2005 йили Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида илгари сурган таклифларидан кейин сиёсий ҳаётда ўзига хос фаоллик, жонбозлик юзага келди. Сенат маҳаллий Кенгашлар билан кенг қамровли, жиддий ҳамкорликка киришди. Биргина вилоятимизда Сенат қўмиталарининг 10 дан ортиқ кўчма ёки қўшма мажлислари ўтказилди. Фуқароларимиз мурожаатларига, айниқса, уларнинг истак-хоҳишларини ўрганиш масалаларига жиддий эътибор қаратилди. Ва бунга вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари жалб этилдилар.

Шу билан бир қаторда, ўтган даврда парламент фаолиятида қонунчиликда белгиланган ваколатларни тўла рўёбга чиқаришда бир қатор камчилик ва нуқсонларга йўл қўйилганлиги, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмаганлиги Президентимиз томонидан парламент палаталарининг жорий йил 27 январдаги қўшма мажлисида алоҳида қайд этилиб, бу борада эътибор қаратилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди.

Шу маънода, истиқболда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг амалий кўмагида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига депутатлар фаолиятини режалаштириш, доимий комиссияларда муҳокамаларни самарали уюштириш, қонунлар ва бошқа  ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси юзасидан мониторинг юритишни ташкил этиш бўйича ҳам ишлар самарадорлигини янада ошириш талаб этилади. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаолиятининг янада жонланишига олиб келади, уларда тажриба ва кўникмаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади. Очиғи, бундай тажрибалар бугунги кунда доимий комиссиялар ишини оқилона ташкил этиш, долзарб муаммоларни ҳисобга олиш, сайловчилар билан мунтазам, самарали алоқа ўрнатишда жуда қўл келади.

Жорий йилда доимий комиссиямизда аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, тўй-маъракаларни замонавий, ихчам, маданиятли ўтказиш, қишлоқлардаги спорт иншоотларидан оқилона фойдаланиш юзасидан амалдаги қонун ҳужжатлари, Президент Фармон ва қарорлари, шунингдек, бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш ­масалаларини муҳокама этишни режалаштирдик.

Қолаверса, ҳар бир депутат ўз иш режасига эга. Шу асосда ҳозирда улар ўзларига биркитилган масалалар бўйича мониторинг ишларини бошлаб юборишди. Бундан ташқари, вилоят, шаҳар ва туман газеталарида, телевидение ҳамда радиода у ёки бу қонун ижроси юзасидан қатъий жадвал асосида чиқишлар уюштирилмоқда. Доимий комиссиямиздаги ҳар бир депутатга битта туманда Юртбошимизнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги, Вазирлар Маҳкамасининг йил якунларига бағишланган йиғилишидаги маърузалари ҳамда “Баркамол авлод йили” Давлат дастури моҳияти, депутат обрўси, сайловчилар билан алоқаларни йўлга қўйиш ва кучайтириш масалаларида давра суҳбати, семинарлар ўтказиш масъулияти юкланди.

Дарвоқе, Сенат тавсиясига кўра, доимий комиссияларда муҳокама этилган масалалар моҳиятини матбуотда эълон қилиш ҳам изчил йўлга қўйилаётир. Бу эса, ўз навбатида, сайловчиларнинг маҳаллий Кенгашлар, депутатлар фаолиятидан янада кўпроқ хабардор бўлишини таъминлайди, албатта. Зотан, Юртбошимизнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги маърузасида депутатларнинг ўз сайлов округидаги фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди. “Айнан ана шундай фао­лият — деб таъкидлади давлатимиз раҳбари, — қабул қилинган қонунлар қандай ишлаётганини, хўжалик юритиш амалиёти бугунги кунда қандай қонунларга муҳтож эканини, сайловчилар қандай муаммоларга дуч келаётгани ва уларни ҳал этиш бўйича нималар қилиш зарурлигини аниқлаш учун депутатга имкон берган бўларди”. Ушбу сўзларнинг мазмун-моҳиятини ўрганиш жараёнида комиссиямиз аъзолари билан бу борада янгича талаблар асосида ишлашга келишиб олдик. Бу талаблар, энг аввало, сайловчилар фикр-мулоҳазаларини пухта ўрганиш, таҳлил этиш ва шу асосда хулосаларга келишдан иборат.

Мухтасар қилиб айтганда, Юртбошимиз маърузасида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг амалга оширилиши ҳаётимизнинг янада фаровон бўлишини таъминлайди. Бундай эзгу, олижаноб мақсад эса ҳар биримизни катта масъулият билан фаолият кўрсатишга ундайди.

Фармон ТОШЕВ,
халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари доимий комиссияси раиси,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

ЎзА
("Халқ сўзи" газетаси, 2010 йил 17 февраль)

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati