O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 йил 16 июль
АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ МУҲОФАЗАСИ
давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг парламент палаталари қўшма мажлисидаги маърузасида қонун чиқарувчи ҳокимият назорат ваколатларини амалга оширишнинг қонунда кўзда тутилган ҳуқуқий норма ва механизмларидан марказда ҳамда жойларда кенг фойдаланиш учун барча зарур чораларни кўриш кераклиги алоҳида таъкидланган эди. Негаки, парламент назорати институтининг самарали қўлланиши қонунларнинг изчил ва сўзсиз ижро этилишини

таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Яқинда  Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг она ва бола соғлиғини сақлашга доир қисми Бухоро вилоятида қандай ижро этилаётганини ўрганиб чиқиб, халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида муҳокама қилганда, масаланинг мана шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратди.

Қайд этиш керакки, Бухоро вилоятида мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш юзасидан муайян ишлар олиб борилаётир. Чунончи, бугун вилоят аҳолисига жами 469 та даволаш-профилактика муассасаси, шу жумладан, 24 та кўп тармоқли поликлиника, 343 та қишлоқ врачлик пункти хизмат кўрсатаяпти. Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган дастурларга мувофиқ, 164 та қишлоқ врачлик пункти янги лойиҳалар асосида барпо этилган бўлса, 179 таси эса мослаштирилган. Шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли даволаш-профилактика муассасалари, қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини молия­вий таъминлаш мақсадида ўтган йили 74 миллиард 92 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Энг муҳими, вилоятдаги барча тиббиёт муассасаларида зарур шарт-шароитлар муҳайё этилган. Шу жумладан, қишлоқ врачлик пунктларининг барчасида, ҳатто энг чекка қишлоқларда жойлашганларида ҳам сув, газ ва иссиқлик тармоғи мавжуд. ҚВПларнинг врачлар билан таъминланганлик даражаси 98,1 фоизни, ўрта тиббий ходимлар билан таъминланганлик даражаси эса 100 фоизни ташкил этгани эътиборга моликдир.

Ўз навбатида, вилоятдаги бевосита оналар ва болалар соғлиғини сақлашга ихтисослашган даволаш-профилактика муассасалари ҳам самарали фаолият кўрсатиб келаётир. Ҳозирда вилоят перинатал маркази, 3 та туғуруқ мажмуаси, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари таркибида бўлган 12 та туғуруқ ва 13 та болалар бўлими, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали гинекология бўлими  соғлом авлоднинг дунёга келишида муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир.

Бундан ташқари, Бухоро вилояти ҳокимлиги, туман (шаҳар) ҳокимликлари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман (шаҳар)лар тиббиёт бирлашмалари ва бошқа мутасадди тузилмалар томонидан мазкур Қонун талабларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини янада ривожлантиришга оид Фармон ва қарорларида белгиланган вазифаларни бажариш ишлари доимий назоратга олинган.

Сир эмаски, бугунги кунда болаларни жисмоний жиҳатдан бекаму кўст камол топтириш, жисмонан бақувват ва маънан бар­камол ёш авлодни шакллантиришда истеъмолчиларнинг фортификацияланган ун ва йодланган ош тузини тановул қилишини таъминлаш, аҳолининг мақсадли гуруҳи ва бошқалар ўртасида микронутриентлар саплемантациясини  ўтказишга йўналтирилган овқатларни яхшилаш стратегиясини амалга ошириш муҳим аҳамиятга эгадир. Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини таъминлаш мақсадида вилоятдаги ун ишлаб чиқариш ва тузни қайта ишлаб, йодлаштириш корхоналари рўйхати тузилган. Тўртта ун ишлаб чиқариш корхонасида унни фортификация қилиш, яъни темир моддаси ва витаминларга бойитиш йўлга қўйилган. Ушбу жараён ҳар чоракда лаборатория таҳлиллари асосида ўрганиб борилаётир.

Очиғини айтганда, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг оналар ва болалар соғ­лиғини сақлашга доир қонунчилик талабларининг бажарилиши, тегишли тузилмаларнинг бу борадаги фаолияти устидан назорат олиб бориш, умуман, мазкур йўналишдаги ишлар сифати ва самарадорлигини таъминлаш бўйича иш жараёнида аввалги йиллардагига қараганда жонланиш кузатилади. Мисол учун, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари доимий комиссияси томонидан Президентимизнинг 2009 йил 13 апрелдаги “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ўиждувон туманида ижро этилишини ўрганиш натижалари муҳокама қилинган. Мазкур масала юзасидан қабул қилинган қарорда эса бажарилиши лозим бўлган вазифалар аниқ белгиланган, масъуллар зиммасига мажбуриятлар юклатилган.

Умуман, вилоятда “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг она ва бола соғлиғини асрашга доир қисмини ижро этиш юзасидан олиб борилаётган кенг кўламли ишлар самараси ўлароқ, туғилиш кўрсаткичининг барқарорлигига эришилмоқда, оналар ва гўдаклар ўлими камаймоқда. Мисол учун, 2009 йилда оналар ўлими 2008 йилдагига нисбатан 30 фоиз пасайган.

Қўмита ишчи гуруҳи ўрганишлари давомида ушбу Қонуннинг она ва бола соғлиғини сақлашга доир қисми ижросини таъминлаш борасида вилоятда айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилганлиги аниқланган. Масалан, айрим туманлардаги қишлоқ врачлик пункт­ларида ҳомиладор аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларда аниқланган касалликларни даволаш бўйича етарли ишлар олиб борилмаётир. Баъзи ҳомиладор аёллар бир ёки икки марта тиббий кўрикдан ўтказилган, холос. Айрим ҳолларда ҳисобга олинган ҳомиладор аёлларнинг тиббий ҳужжатларида ташхис хулосалари тўлиқ ёзилмаган. Прокуратура идоралари томонидан мазкур ҳолатлар бўйича туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари номига тақдимномалар киритилиб, 13 нафар тиббиёт ходимига нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилган.

Барча туманларда соғлом оилани шакллантириш ва аҳолининг тиббий маданиятини ошириш юзасидан олиб борилаётган ишларда маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасаларининг соғлиқни сақлаш ташкилотлари билан ҳамкорлигини изчил ошириш зарур. Шу билан бир қаторда, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари она ва бола соғ­лиғини сақлашга оид амалдаги қонунчилик талабларининг, ҳудудий дастурларнинг бажарилиши юзасидан мониторинг ва назорат ишларини янада кучайтиришлари талаб этилади.

Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ҳар жиҳатдан ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилган. Айниқса, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган тегишли дастурлар бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Ҳамротош ШОДИЕВА,
Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati