OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 16 апрель
«СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИ ИСЛОҲОТИ: АМАЛИЁТ ВА САМАРАДОРЛИК» тўплами чоп этилди

Куни кеча Ўзбекистон ­Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Қонунчилик ва ­суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Германия техник ҳамкорлик жамиятининг ­Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан биргаликда ташкил этилган “Суд-ҳуқуқ тизими ислоҳоти: амалиёт ва самарадорлик” мавзуидаги халқаро конференция ­материаллари тўпламининг тақдимоти
бўлиб ўтди.

Тўпламга олимлар ва мутахассисларнинг охирги беш йил мобайнида, яъни 2005 — 2009 йилларда суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш ва ҳокимият тизимида судларнинг мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган қонунлар самарадорлиги ҳақидаги маърузаларининг тезислари киритилган.

Тўпламда мамлакат парламенти, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, илмий муассасалар, олий ўқув юрт­лари ва бир қатор халқаро ­ташкилотларнинг вакиллари бўлмиш 40 нафардан ортиқ ­муаллифнинг материали эълон қилинган. Бу материаллар мамлакатимизда судлов ишларини юритишда адолат ва инсонпарварлик принципларини рўёбга чиқариш, процессуал қонунчилик базасини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш мақсадида суд-ҳуқуқ ислоҳотини янада чуқурлаштириш борасида амалга оширилаётган фаол қонун ижодкорлигининг моҳиятини ишонарли тарзда ва аниқ мисоллар, факт­лар асосида ёритиб беради.

Тўплам мазмуни билан танишиш мамлакатимизда икки палатали парламент шакллантирилгач, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг сифати ва асослилигини яхшилаш учун реал имкониятлар яратилганлиги ҳақида яхлит тасаввурга эга бўлиш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси  Президенти Ислом Каримов 2010   йил 27 январда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида “...Парламентимиз суд-ҳуқуқ тизимини чуқур ислоҳ қилиш ва либераллаштириш, суд ҳокимиятининг амалдаги мустақиллигини таъминлаш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган кенг ­миқёсли ишларга ҳам салмоқли ҳисса қўшди. Ўтган беш йил мобайнида қабул қилинган 58 та қонунга мувофиқ, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар янада чуқурлаштирилди. Шу даврда жиноий жазо тизимини либераллаштириш, амалда суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш жараёнларига катта эътибор берилди. Адвокатура институти ислоҳ этилди. Суд қарорларини ижро этиш тизими, прокуратура фаолияти такомиллаштирилди, бутун суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-бос­қич демократлаштиришга қаратилган бошқа бир қатор чора-тадбирлар амалиётга татбиқ этилди. Мамлакатимизда 2008 йил 1 январдан бошлаб ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида, шунингдек, фуқароларни қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини прокуратурадан судларга ўтказиш тўғрисида 2007 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонунлари бутун дунёда улкан қизиқиш ва эътибор уйғотди. Мазкур чора-тадбирларнинг жорий этилиши билан Ўзбекистонда дунёдаги энг инсонпарвар, либерал жиноий жазо тизимларидан бири яратилди”, деб таъкидлади.

Халқаро конференция қатнашчиларининг мақолаларида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва судлов ишини юритишнинг аниқ натижаларига эътибор қаратилади. Бу натижалар суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини яққол кўрсатиб ­турибди.

Тўплам ўқувчиларни “Суд-ҳуқуқ тизими ислоҳоти: амалиёт ва самарадорлик” мавзуидаги халқаро конференциянинг тавсиялари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг ўтган беш йил мобайнидаги қонунчилик, назорат-таҳлил фао­лияти ҳақидаги батафсил маълумотлар билан ҳам таништиради. Масалан, 2005 — 2009 йиллар мобайнида ушбу қўмита томонидан кўриб чиқилган  79 та қонуннинг еттитаси давлат қурилиши ва бошқаруви соҳасига, 58 таси суд-ҳуқуқ ислоҳотига, еттитаси фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга тааллуқли бўлди ва ҳоказо. Шунингдек, қўмита томонидан Олий Мажлис Сенатининг бешта қарори лойиҳаси ва ­Амнистия актини қўллаш тўғрисида Низом ­тайёрланди.

Тўпламнинг тақдимотида ­сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ­Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Германия техник ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистондаги вакиллари, Ўзбекистон Республикаси ­Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтининг масъуллари, олий ўқув ­юртларининг мутахассислари ва олимлари, вазирликлар, идоралар ва ­оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати
 

УзА
Халқ сўзи газетаси

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati