O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 йил 15 декабрь

 

Сенатда маъқулланган

ВАТАН РАВНАҚИ, ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИ

2011 йилги Давлат бюджетининг асосий мазмун-моҳиятини ташкил этади

Аввал хабар қилинганидек, Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг 2011 йилги Давлат бюджети маъқулланди. Мамлакатимизнинг мазкур бош молиявий ҳужжати жорий йилда кутилаётган бюджет ижроси ва кейинги йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўналишлари, шунингдек, истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда инвестиция, энергетика ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, жумладан, уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини кўпайтириш каби мақсадларни ўзида мужассам этган.

Хусусан, келгуси йилги Давлат бюджети параметр ларида ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши 8,3 фоизни ташкил қилиши, саноат маҳсулотлари 9,3 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 5,8 фоиз, инвести циялар ҳажми 12,1 фоиз кўпайиши кўзда тутил моқда.
Маълумки, Давлат бюджетининг асосий даромад манбаи солиқ тушумлари ҳисобланади. Шу боис 2011 йилги солиқ сиёсатини шакл лантиришда солиқ ва мажбурий тўловлар ставкаларини пасайтириш, солиқ тўловчиларга аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини кўпайтириш, табиий ресурслардан тежаб-тергаб ва оқилона фойдаланишни рағбатлантиришга қаратилган имтиёз ҳамда преференциялар бериш, шунингдек, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва самарадорлигини оширишга алоҳида урғу берилди. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида улар учун ягона солиқ тўловининг базавий ставкасини амалдаги 7 фоиздан 6 фоизга камайтириш назарда тутилмоқда. Бу микрофирма ва кичик корхоналарга 50 млрд. сўмдан ортиқ маблағни тежаб қолиш имконини беради. Ўз навбатида, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ солиш шкаласининг энг кам ва ўрта ставкаларини бир фоизга камайтириш мўлжалланмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, амалдаги солиқ ставкаларининг пасайтирилиши бюджет умумий даромадлари тушумига салбий таъсир кўрсатмайди. Аксинча, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъект ларнинг даромадлари ортиши натижасида ички истеъмол ва инвестиция ҳажми кўпайиши тахмин қилинаётир. Бунинг ҳисобига солиқ базаси кенга йиши ҳамда давлат даромадлари тушуми янада яхшиланиши таъминланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, дунёда ҳали-ҳануз давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз даврида кўпчилик давлатларнинг бюджет тақчиллиги ортаётган бир шароитда сўнгги йил ларда мамлакатимизда бюджет муассасалари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорларини ошириш орқали аҳоли фаровонлигини босқичма-босқич юксалтиришга йўналтирилган изчил чора-тадбирлар кўрилаётир. Бунинг натижасида 2008 — 2010 йилларда аҳоли даромадлари 2,5 баравардан зиёдроқ ортди. Келгуси йилда ҳам ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилади.
“Бюджетнома”даги яна бир жиҳат эътиборга ло йиқдир. Яъни 2011 йилги Давлат бюджети харажатлари таркибида ижтимоий соҳа тадбирларини молиялаштиришга устувор даражада эътибор берилиб, мазкур мақсадларга 2010 йилдагига нисбатан 1,3 баробар кўп маблағ йўналтириш кўзда тутилган.
Дарҳақиқат, давлатимиз сиёсатининг ижтимоий йўналтирилганлиги барча жабҳаларда кечаётган ислоҳотларда ўз аксини топмоқда. Айни чоғда мамлакатимизнинг энг муҳим молиявий ҳужжати — Давлат бюджетида ҳам ижтимоий аҳамиятга молик бўлган харажатлар, жумладан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтирилаётган харажатлар нафақат ўз ўрнини қатъий сақлаб қолмоқда, балки бу кўрсаткичлар йилдан-йилга ўсиб бораётир. Мисол учун, 2005 йилда республикамизда бюджет харажатларининг 50,4 фоизи ижтимоий соҳаларга йўналтирилган бўлса, 2010 йилда бу кўрсаткич 58,9 фоизни, 2011 йилда эса 59,5 фоизни ташкил қилиши кутилаётир.
Хабарингиз бор, Президентимизнинг жорий йил 10 ноябрдаги қарори асосида Молия вазирлиги ҳузурида бюджетдан ташқари Таълим муассасаларини реконс трукция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича жамғарма ташкил этилди. 2011 йилги Давлат бюджетида ушбу жамғарма маблағларини шакллантириш, уни сарфлашга доир масалалар ҳам ўрин олган.
Чунончи, мазкур маблағларни умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларини, шу нинг дек, мактабдан ташқари таълим ва маданий-маърифий муассасалар негизида “Баркамол авлод” марказларини ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилаётган давлат дастури ижросини таъминлашга йўналтириш кўзда тутилмоқда.
Соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган бюджет маблағлари жами харажатларнинг 13,1 фоизини ташкил қилаётганини ҳам қайд этиб ўтиш жоиз. Бу, табиийки, тизимни ислоҳ этиш ва соғлом авлодни шакллантириш бўйича қабул қилинган дастурларнинг молиялаштирилишида муҳим аҳамиятга эга.
2011 йилги Давлат бюджетида, шунингдек, қишлоқ хўжалигига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, келгуси йилда мелиорация тармоқларини реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тозалаш тадбирларига Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси ор қали 184,5 млрд. сўм миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. “Бюджетнома”да, шунингдек, иқтисодиётни ривожлантириш ва модернизация қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб- қувватлаш, солиқ юкини изчил пасайтириш, инвестиция муҳитини яхшилаш асосида макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган яна бир қатор чора-тадбирларнинг амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
Шу ўринда сенаторлар томонидан маъқулланган “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2011 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга ҳам тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Негаки, ушбу ҳужжат мамлакатимизнинг 2011 йилги солиқ ва бюджет сиё сати асосида ишлаб чиқилган. Унда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Солиқ кодексларига, шунинг дек, “Бож тарифи тўғрисида”ги ҳамда “Хўжалик юритувчи субъект лар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўламаганлик учун хўжалик юритувчи субъектнинг мансабдор шахсларига ҳамда ходимлар сонини яширганлик учун фуқароларга ва мансабдор шахсларга маъмурий жавобгарлик чоралари белгиловчи янги 493 ва 1755-моддалар билан тўлдирилган.
“Бож тарифи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига киритилаётган ўзгартишга кўра эса, бюджетдан маблағ билан таъминланадиган ташкилотлар томонидан ёки уларнинг буюртмалари бўйича бюджет маблағлари ҳисобидан ўз эҳтиёжлари учун мамлакатимизга олиб кириладиган товарлар учун божхона божини тўлашдан озод этиш бўйича имтиёз бекор қилиниши назарда тути лаётир.  
Ушбу Қонун билан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 14 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Маълумки, Президентимизнинг шу йил 26 апрелдаги “Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2011 йилнинг 1 январига қадар истеъмолда бўлган мол-мулк савдоси бўйича бозорлардан ташқари барча ихтисослаштирилган ва буюм бозорларини турғун савдо шохобчаларидан иборат бўлган савдо комплекслари этиб қайта ташкил қилиш белгиланган. Ушбу ҳужжатда, шунингдек, бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати ҳар йили маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланиши қайд этилган. Шу муносабат билан Солиқ кодексининг 386 ва 387-моддаларига тегишли қўшимчалар киритилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур ҳужжатлар Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлаш орқали иқтисодиётимизни янада ривожлантириш, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

 

Абдурашид АЛТИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati