Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2010 йил 15 январь

Қонун кучга кирди: Солиқ қонунчилиги янада такомиллаштирилди

Маълумки, Сенатнинг ўн иккинчи ялпи мажлисида солиқ сиёсати ва тизимини янада ислоҳ қилиш ҳамда эркинлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ кодекси маъқулланиб, Президентимиз томонидан имзоланганидан сўнг, 2008 йил 1 январидан кучга кирган  эди. Кодексда кўзда тутилган меъёр ва қоидалар, аввало, солиқ тизими ва солиқ муносабатларини унификация қилиш, мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ҳамда мутаносиб ривожлантиришда солиқларнинг рағбатлантирувчи ролини кучайтиришга қаратилган.

«Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг  2-моддасига биноан, икки йил давомида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси нормаларининг амал қилиши ва самарадорлигини мунтазам мониторинг ва таҳлил қилиб бориш, зарур бўлган ҳолларда эса уни янада такомиллаштириш учун таклифлар киритиш белгиланганди. Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида идоралараро махсус гуруҳ ва унинг доимий  ишчи органи тузилган. Ўтган икки йил мобайнида ушбу ишчи органга Солиқ кодексини такомиллаштириш бўйича 1000 дан ортиқ таклифлар келиб тушди.  Улар асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳамда Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан ўтказилган семинарларда, давра суҳбатларида хўжалик юритувчи субъектлар, тадбиркорлар, тижорат банклари, халқаро молия ташкилотлари ва экспертлар томонидан берилган таклифлардир. 2008 йилда келиб тушган ана шундай таклифлар асосида Солиқ кодексининг 79 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси нормаларининг амал қилиши ва самарадорлигини мунтазам равишда мониторинг ва таҳлил қилиб бориш бўйича белгиланган муддатнинг иккинчи йилида, яъни 2009 йил мобайнида келиб тушган таклифлар асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлар лойиҳалари Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига киритилган. Қуйи палата томонидан қабул қилинган мазкур қонунлар Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлисида маъқулланди ҳамда Президентимиз томонидан имзоланиб, 2010 йил 1 январидан ҳаётга татбиқ этила бошланди.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар, аввало, солиқ солиш тизимини янада такомиллаштиришга йўналтирилган ўзгартиш ва қўшимчаларни, шу жумладан, Солиқ кодексининг ҳамда унга оид қонунларнинг айрим нормаларининг турлича тал­қин қилинишини бартараф этишни ­назарда тутади.

«Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан Солиқ кодексининг бир юз ўттиз тўртта моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, олтита моддасига 2010 йил учун тасдиқланган солиқ концепциясидан келиб чиққан ҳолда, ўн саккизта моддасига эса Солиқ кодекси ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида қўлланиладиган атамаларни бирхиллаштириш ҳамда икки ёқлама талқин этишларнинг олдини олишни кўзда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Қолганлари эса бевосита Солиқ кодекси нормалари ва қоидаларини такомиллаштириш ҳамда унинг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлашга дахлдордир. 

Солиқ кодекси 20-моддасининг биринчи қисми фаолиятни битта жойда амалга оширмайдиган, бир жойдан бошқа жойга кўчиб юриш хусусиятига эга бўлган норезидент­ларни 183 кундан ортиқ фаолият юритганда рўйхатга қўйишни тартибга солувчи жумла билан тўлдирилди. Ушбу норма бугунги кунда амалиётдаги норезидентнинг доимий муассасаси тушунчасига доир ҳар хил талқинларни бартараф қилади. Шунингдек, Кодекснинг 22-моддасидаги “асосий фаолият тури”, “бюджетдан ажратиладиган субсидия”, “дивидентлар”, “мол-мулк” ва “роялти” тушунчаларига таҳририй аниқлик киритилди. Кодекснинг 58-моддасига киритилган қўшимчаларга кўра, ортиқча тўланган бошқа мажбурий тўловлар ҳам солиқлардан ортиқча тўланган маблағлар каби (57-моддаси) қайтариш тўғрисида ариза берилган санадан эътиборан ўттиз кун ичида солиқ тўловчига қайтарилиши лозим. Шунингдек, Президентимиз томонидан 2009 йил 6 апрелда қабул қилинган “Тижорат банклари депозитларига аҳоли ва хўжалик субъектлари бўш пул маблағларини жалб этишни янада рағбатлантириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор талабларидан ҳамда 2010 йил учун солиқ сиёсати концепциясидан келиб чиққан ҳолда тўловларни пластик карточкалар асосида қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш тартибини бузган солиқ тўловчиларга нисбатан жазо чоралари қўлланилишини назарда тутадиган қўшимчалар ҳам киритилди.

Солиқ кодексининг 179-моддаси имтиёзларни назарда тутувчи нормалар билан тўлдирилди.  Жумладан, жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бош­қа даромадларининг олий ўқув ­муассасаларида тўлов-контракт асосида таълим олиш учун ўзи ёки фарзандларини ўқитиш учун йўналтирилган маблағлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади. Шунингдек, жисмоний шахсларнинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ихтиёрий равишда тўланадиган маблағлари ҳамда қишлоқ жойларида «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик тижорат банкининг кредитлари ҳисобига намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қурувчи шахслар томонидан олинган ипотека кредитлари ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплашга қаратилган маблағлари солиққа тортилмайди. Шунингдек, кодексга яна бир қатор тўлдириш, таҳририй тусдаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.

Шу ўринда «Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни тўғрисида ҳам тўхталиб ўтиш жоиздир. Ушбу Қонунга биноан, мамлакатимизнинг иккита қонунига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 175-моддасига солиқларни, бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун зарур бўлган ҳисоботларни, ҳисоб-китоб­ларни ва бошқа ҳужжатларни тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки белгиланмаган шакл­да тақдим этиш, тўланиши лозим бўлган солиқ ёки бошқа мажбурий тўловларнинг миқдорини камайтиришга олиб келиши ёки олиб келмаслигидан қатъи назар, жарима солишни белгиловчи ўзгартиш киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг янги 2153-моддасига биноан, тегишли орган ва ташкилотлар томонидан солиқ тўловчининг мажбуриятлари юзага келганлиги тўғрисида ахборот тақдим этиш мажбурияти бажарилмаган ҳолларда ахборотни тақдим этадиган органлар ва ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарлик чоралари белгиланди. Ушбу норма мазкур органлар мансабдор шахсларининг жавобгарлигини оширишга ҳамда бундай ҳоллар юз беришининг олдини олишга қаратилган.

Шу билан бирга, «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонунлар амалдаги солиқ тизими ва солиқ муносабатларини унификация қилишга, мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ҳамда мутаносиб ривожлантиришда солиқларнинг рағбатлантирувчи ролини янада кучайтиришга, юртимизда ислоҳотларни амалга ошириш учун илғор замонавий солиқ солиш тизимига мос келадиган ва бюджетнинг даромад қисмининг шаклланишини барқарор равишда таъминлайдиган ҳамда иқтисодий ўсишга таъсирчан омил бўладиган самарали солиқ тизими барпо этилишига хизмат қилади.

Абдурашид АЛТИЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2010 йил 15 январь, №10 (4925))

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati