OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR На русском                                                      

2010 йил 14 май
Сенатда маъқулланган »
Кучли ижтимоий муҳофаза

Истиқлолнинг илк кунлариданоқ мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида маъқулланган “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 28-моддасига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 180 ва 275-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун ҳам, таъбир жоиз бўлса, шу йўлдаги саъй-ҳаракатлар самарасидир. Мухбиримиз ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида юқори палатанинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Ю. Турсунбаев билан суҳбатлашди.

— Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояси давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан   ҳисобланади. Бу борадаги ишларимиз, айниқса, 2007 йилда Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган “Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастури асосида янада мазмун касб этиб, аҳолининг кам таъминланган, ижтимоий муҳофазага муҳтож қисмини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга эътибор кучайтирилди. Бундай юксак эътиборни шу мақсадлар учун дастур доирасида 483 миллиард 600 миллион сўм маблағ сарфланганлиги ҳам кўрсатиб турибди. Айни чоғда мазкур дастурга биноан, ижтимоий ҳимоя самарадорлигини оширишга йўналтирилган 26 та қонун ва ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, амалдагиларига ўзгартишлар киритилди. Буларнинг барчаси, пировардида аҳолининг ижтимоий муҳофазасини янада ­мустаҳкамлади.

— Янги Қонунни ишлаб чиқишга сабаб бўлган зарурат ҳақида ҳам тўхталсангиз.

— Юртимизда аҳолининг маълум қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида катта тажриба тўпланган. Шунга қарамай, соҳада ҳал этилиши зарур бўлган масалалар ҳам мавжуд. “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 28-моддасига, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 180 ва 275-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун шу масалалардан бирини ҳал этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Яъни амалдаги “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддаси, Солиқ кодексининг 180 ва 275-моддаларида хизмат мажбуриятини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва рафиқалари пенсиясига қўшимча 30 фоиз устама ҳақ берилиши, қисман солиқдан озод қилиниши ҳамда уларнинг мол-мулки солиққа тортилмаслиги белгилаб қўйилган. Аммо бундай шароитда ҳалок бўлган ички ишлар идоралари ходимлари оила аъзоларига бу каби имтиёзлар назарда тутилмаган.

Шу ўринда қайд этиш керакки, хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ички ишлар идоралари ходимларининг оила аъзоларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор қарорлар қабул қилинган. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 30 апрелдаги “Ички ишлар органлари ҳарбий хизматчилари ва ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан, хизмат мажбуриятини бажариш чоғида вафот этган ички ишлар органлари ҳарбий хизматчилари ва ходимлари оилаларига ойлик ­маошларининг 50 баравари миқдоригача бир йўла бериладиган нафақа тўлаб келинмоқда.

Юқорида қайд этилган пенсия ва солиққа оид имтиёзларни ҳарбий хизматчилар билан бир қаторда эл-юрт тинчлиги ва осойишталиги посбони бўлган ҳамда ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, мардлик ва фидойилик кўрсатган ички ишлар ходимларига нисбатан ҳам татбиқ этиш мақсадида мазкур Қонун ишлаб чиқилди. 

— Амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган асосий ўзгартиш ва қўшимчалар нималардан иборат?

— “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги ­Ўзбекистон Республикаси Қонуни 28-моддасининг “и” бандига ўзгартиш киритилмоқда. Ушбу Қонунга киритилган ўзгартишга кўра, агар ҳозирга қадар боқувчисини йўқотган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари пенсиясига энг кам ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида устама ҳақ қўшилаётган бўлса, бундан буён шу миқдордаги устама ҳақ ички ишлар органларидаги хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимларининг ота-оналари ва бева хотини ёки бева эрига ҳам берилади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 180 ва 275-моддаларига ҳам бу борада тегишли ўзгартишлар киритилди. Маълумки, солиқ қонунчилиги бўйича солиқ ва мол-мулк солиғидан озод қилиш имтиёзлари мамлакатни ҳимоя қилиш ёхуд ҳарбий хизматнинг бош­қа мажбуриятларини бажариш чоғида яраланган, контузия бўлган, шикастланган ёки фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик оқибатида вафот этган ҳарбий хизматчилар ота-оналари ва рафиқаларига бериб келинмоқда. Солиққа оид қонунчиликка ўзгартиш киритилиши муносабати билан бундай имтиёзлар мамлакатни, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий тузумини ҳимоя қилиш ёки ички ишлар органларидаги хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида яраланган, контузия бўлган, ­шикастланган ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик оқибатида вафот этган ички ишлар органлари ходимларининг ота-оналари ва бева хотинлари ёки эрларига ҳам берилади.

Шу ўринда яна бир янгилик ҳақида айтиш зарур. Маълумки, амалдаги қонунларда ҳарбий хизмат мажбуриятини бажариш чоғида вафот этган эркак ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғи пенсияга устама ҳақ олиб келган, солиқдан қисман озод қилинган ҳамда унинг мол-мулкига солиқ солинмаган. Эндиликда бундай имтиёзлар ҳарбий ёки ички ишлар органларидаги хизмат чоғида ҳалок бўлган аёлнинг эрига ҳам берилади.

Дарҳақиқат, ушбу ҳужжатнинг ижтимоий аҳамияти беқиёс. Зеро, юрт тинчлиги, хонадонларимиз осойишталигини таъминлаш йўлида қурбон бўлганлар ҳаққи-ҳурмати уларнинг оила аъзолари ҳам ана шундай иззат ва эъзозга муносибдирлар.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati