O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 йил 13 август
ЛИЗИНГ — МИНТАҚАЛАРДА ИҚТИСОДИЁТНИ ИНВЕСТИЦИЯЛАШ ВА МОДЕРНИЗАЦИЯ ҚИЛИШНИНГ САМАРАЛИ ШАКЛИ

ЛИЗИНГ — МИНТАҚАЛАРДА ИҚТИСОДИЁТНИ ИНВЕСТИЦИЯЛАШ ВА МОДЕРНИЗАЦИЯ ҚИЛИШНИНГ САМАРАЛИ ШАКЛИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2010 йил 27 январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш — устувор мақсадимиздир” маърузасида “парламентимиз ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари — Кенгашлар олдида турган ғоят муҳим вазифа — бу қабул қилинган қонунларнинг ижро этувчи ҳокимият, яъни ҳукумат томонидан марказда, ҳокимликлар томонидан эса жойларда қандай бажарилаётгани устидан қатъий парламент назоратини, депутатлик назоратини ­ўрнатишдан иборатдир”, деб таъкидланди.

Ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини назорат қилиш шаклларидан бири қонунлар ижроси устидан Ўзбекистон Республикаси Олий ­Мажлиси Сенатининг қўмиталари томонидан амалга оширилаётган парламент назоратидир.

2010 йил 12 августда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси билан халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг қўшма мажлисида “Лизинг тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Самарқанд вилоятида ижро этилишини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Мажлисда қайд этилганидек, лизинг хизматларини янада ривожлантириш иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқаришда муҳим молиявий-ташкилий воситадир.

“Лизинг тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни саноат, қурилиш корхоналари, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик  субъект­лари томонидан амалга оширилаётган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳажмини тадрижий равишда янада кўпайтириб бориш учун зарур бўлган лизинг хизматларини ривожлантиришда асосий ҳуқуқий базадир. Мазкур Қонунга мувофиқ, лизинг инвес­тиция фаолияти сифатида баҳоланади ва у бир қатор солиқ ҳамда божхона имтиёзлари ва афзалликларига эга бўлиб, булар асосий ишлаб чиқариш воситаларини кам сарф-харажат билан янгилаш ёки сотиб олиш имконини беради.

Ҳозирги кунда лизинг соҳасида мамлакатнинг лизинг компаниялари ҳам, тижорат банклари ҳам фаол иш олиб бормоқда. Солиққа тортишда қулай шароит яратилганлиги, бошқа рағбатлантириш чоралари ва имтиёзлар мавжудлиги, лизинг операцияларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари такомиллаштирилганлиги натижасида мамлакатимизда сўнгги йилларда лизинг хизматлари ҳажмларининг анча ўсганлиги кузатилмоқда. Чунончи, 2009 йил якунлари бўйича мамлакатимизда лизинг портфели 1,1 триллион сўм даражасига етди, лизинг битимлари суммаси 400 миллиард сўмни ташкил қилди, бироқ лизинг портфелининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги, асосий капиталга киритилган инвестициялардаги ­улуши пасайиб бориш ­тамойилига эга.

2008 йилдан то 2010 йилнинг биринчи ярмигача бўлган даврда Самар­қанд вилояти бўйича 1022 та лизинг лойиҳаси амалга оширилган бўлиб, лизингга берилган ускуналарнинг умумий баҳоси 88 228,3 млн. сўмни ташкил этган (шунинг 23 307 млн. сўми ёки 26 фоизи тижорат банк­лари томонидан, 64 921,3 млн. сўми ёки 74 фоизи лизинг компания­лари томонидан молияланган). Сотиб олинган янги ускуна ва техника саноат (33,2 фоиз), қишлоқ хўжалиги (53,2 фоиз), қурилиш индустрияси (3,1 фоиз) субъектларига ва хизмат кўрсатиш секторига (10,5 фоиз) берилган. Амалга оширилган лизинг лойиҳалари ёрдамида вилоят бўйича ҳаммаси бўлиб 2000 дан ортиқ иш ўрни яратилди.

Шу билан бирга, масалани муҳокама қилиш асносида мажлис қатнашчилари мазкур Қонуннинг Самар­қанд вилоятида ижро этилишидаги айрим камчилик ва хатоларга ҳам эътиборни қаратдилар.

Шу муносабат билан сенаторлар ва депутатлар ўз чиқишларида, айниқса, саноат тармоқларида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини чуқур қайта ишлашда ва қурилишда лизинг операциялари ҳажмини янада оширишда Қонун нормалари ва талабларини ижро этиш самарадорлигини кучайтириш зарурлигини кўрсатиб ўтдилар. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тижорат банклари ва лизинг компаниялари билан биргаликда ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини рўёбга чиқариш, айниқса, қишлоқ жойларда лизинг хизматларини оммалаштириш, хусусан, маҳаллий хом ашёни қайта ишловчи минитехнологиялар сони ва турларини кўпайтириш юзасидан самарали ҳамда амалий чоралар кўриш таклиф қилинди. Бу эса иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, шунингдек, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик субъектларининг инвестициявий фаоллигини оширишнинг таъсирчан ва ­самарали омилидир. Муҳокамада катта малака ва ­тегишли меҳнат ҳақини ­талаб қиладиган иш ўринлари яратиш мақсадида энг янги ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш лойиҳаларини кўпайтириш зарурлигига алоҳида урғу берилди.

Қўшма мажлис қатнашчилари иккиламчи лизинг муносабатларини, хусусий тадбиркор қўлидаги лизинг объектини ҳисобга олишни, лизинг берувчининг устав капиталини шакл­лантиришни, лизинг объектини реализация қилишни тартибга солиш ҳамда шартнома шартлари бажарилмаган тақдирда, сарфланган маблағлар, лизинг олувчи лизинг объектини лизинг берувчига қайтарган ҳолларда, даромадлар бўйича солиқ имтиёзлари қайтариб берилишини кафолатлаш бўйича мазкур Қонуннинг ва бошқа қонун ҳужжатларининг нормаларини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор таклифларни бердилар.

Муҳокама якунлари бўйича тегишли қўшма қарор қабул қилинди.

Қўшма мажлисда сенаторлар, Самарқанд вилояти халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, тижорат банклари ҳамда лизинг, суғурта компаниялари, кичик бизнес ва фермерлик вакиллари, олимлар ва экс­пертлар, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнаш­дилар.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati