OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR На русском                                                      

2010 йил 13 май
Сенатда маъқулланган »
Болалар назоратсиз қолмаслиги лозим

Юртимизда болаларнинг бахтли ҳаёт кечириши, ўз иқтидорини юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратилган. Айни чоғда бола ҳуқуқларини таъминлаш, соҳа профилактикасини кучайтириш, ота-она ва бошқа шахсларнинг болалар олдидаги масъулиятини ошириш борасида муайян ишлар бажарилмоқда.

Дарҳақиқат, бу йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар натижасида воя­га етмаганлар жиноятчилиги сезиларли даражада камаймоқда. Жумладан, 2009 йилнинг 9 ойида 2006 йилнинг шу давридагига нисбатан бундай жиноятчилик 10,4 фоизга пасайган. Албатта, бунда ички ишлар идоралари ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида амалга оширилаётган профилактик ва тарбиявий тадбирларнинг аҳамияти сезиларли бўлаётир. Шу билан бирга, бу йўналишда ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар ҳам етарли. Масалан, кейинги йилларда вояга етмаганлар томонидан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони бир-мунча ошгани, албатта, ҳеч биримизни беэътибор қолдирмаслиги лозим.

Таҳлилларнинг кўрсатишича, кўпинча жиноий қилмишлар болаларнинг тунги вақтда кўнгил­очар масканларда назоратсиз юриши ва спиртли ичимликлар истеъмол қилишлари оқибатида рўй бермоқда. Хусусан, ўтган йилнинг 9 ойида болалар томонидан содир этилган жиноятларнинг қарийб ўттиз фоизи айнан тунги вақтга тўғри келади. Афсуски, уларнинг бўш вақтини бундай ўтказишига ота-оналар, кўнгилочар масканлари раҳбар ва ходимларининг эътиборсизлиги, масалага масъулият билан ёндашмаётганликлари ҳам сабаб бўлаётир. Чунки амалдаги қонунчиликда бундай ҳолатлар учун ушбу шахсларга жавобгарлик кўзда тутилмаган.

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, болаларнинг ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларининг олдини олиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун ишлаб чиқилиб, яқинда Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида ­маъ­қулланди. Ушбу Қонунга биноан­, боланинг ота-онасидан бири ёки уларнинг ўрнини босувчи шахснинг кузатувисиз ресторан, кафе, бар, клуб, дискотека, кинотеатр, компьютер зали, Интернет хоналари ёхуд бошқа кўнгилочар жойларда ҳозир бўлишига йўл қўйилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Болаларнинг кўнгилочар масканларига боришига йўл қўйган ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс ҳамда кўнгилочар маскани раҳбари ва ходимлари бунга жавобгар бўлади. Табиийки, ушбу меъёрнинг ҳаётга татбиқ этилиши болалар ўртасида ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир қилиниши ҳолатларининг камайишига олиб келади ҳамда ота-она ва тадбиркорларнинг бу борадаги масъулиятини оширади. Бундан ташқари, болалар ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, уларни миллий қадрият ҳамда анъаналарга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги тадбирлар самарадорлигини ошириш имконини беради.

А. ЖУМАБОЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati