O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 йил 12 ноябрь
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси тўғрисида ахборот

Тошкентда 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов иштирок этди.

Мажлислар залида Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, республика ташкилотлари, Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялар ва халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари, шунингдек, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари мухбирлари ҳозир бўлди.

Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Д.Тошмуҳамедова бошқарди.

Депутатлар ва сенаторлар мажлис котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.

Қўшма мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» мавзуида маъруза қилди.

Давлатимиз раҳбари давлат аҳамиятига молик муҳим вазифаларни ҳал этишда давлат ҳокимияти тармоқларини, хусусан, парламентни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, сиёсий партияларнинг ролини ошириш, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларини, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, шунингдек, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган бир қатор қонунчилик ташаббусларини илгари сурди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Ўзбекистон Республикаси Президентининг маърузаси бўйича қўшма қарор қабул қилди.

Олий Мажлиснинг ҳар икки палатаси Кенгашларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг ялпи мажлисларида давлатимиз раҳбарининг маърузасида баён этилган асосий қоида ва хулосаларни муҳокама қилишни ташкил этиш вазифаси топширилди.

O'zA

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati