OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 11 май
Парламентдаги мухбирларимиз хабар қилади
Мукаммал Қонунлар — тараққиёт омили

Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлган Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади. Икки кун давом этган мазкур анжуманда ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда Ватанимиз тараққиёти ва элимиз фаровонлигига хизмат қиладиган йигирмадан ортиқ масала муҳокама қилинди. Мухбирларимиз сенаторларнинг ушбу масалалар ҳақидаги  фикрлари билан қизиқди.

— Маълумки, мамлакатимиз жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозига қарамай, барча жабҳаларда барқарор ўсиш ва юксалишларга эришиб келмоқда, — дейди сенатор Мамазоир Хўжамбердиев. — Бу борада, албатта, Юртбошимиз томонидан узоқни ўйлаб амалга оширилаётган оқилона сиёсат ва кенг кўламли ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Ялпи мажлисда муҳокама қилинган 24 та масаланинг ҳар бири шу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Мана, мисол учун, ижтимоий ҳимоя, тиббиёт, суд-ҳуқуқ ҳамда халқаро муносабатларга доир бир қатор янги қонун ҳужжатлари ва бошқа долзарб масалалар муҳокама этилдики, буларнинг барчаси мамлакат иқтисодиётини юксалтириш ҳамда элимизнинг фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Табиийки, мазкур ҳужжатларни ҳаётга татбиқ этиш ва олдимизда турган бошқа устувор вазифаларни бажаришимизда Олий Мажлис Сенатининг 2010 ва ундан ­кейинги йилларга мўлжалланган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Ҳаракат дастури қўл келади.

— Ялпи мажлис истиқболдаги фао­лиятимизни  белгилаб берди, — дейди сенатор Холбой Ибраимов. — Унда Президентимизнинг Олий Мажлис Сенатининг биринчи ялпи мажлиси ҳамда парламент палаталарининг 2010 йил 27 январдаги қўшма мажлисидаги маърузаларида кўрсатиб ўтилган устувор вазифалар асосида ишлаб чиқилган Сенатнинг Ҳаракат дастурини маъқулладик.

Олти бўлимдан иборат ушбу дастурда Юртбошимиз маърузасида қайд этилган камчилик  ва муаммоларни бартараф қилиш, Конституция ва қонунларимизда белгилаб қўйилган мутлақ ваколатларимизни изчил ­рўёбга чиқаришга алоҳида урғу берилмоқда.­

Жорий йилда мазкур режа бўйича “Телекоммуникациялар тўғрисида”, “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларнинг, соғлиқни сақлаш, экология соҳасидаги давлат дастурларининг ижро этилиши, жойлардаги энг муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилиш ҳамда демократик янгиланишларни чуқурлаштиришда фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш мақсадида парламент эшитувлари амалга оширилади. Айни пайтда 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастурининг ижросини ўрганиш ҳамда ушбу масалани кейинги ялпи мажлисда муҳокама қилиш назарда тутилмоқда. Албатта, мазкур саъй-ҳаракатлар қонунларнинг самарали татбиқ этилишини кучайтиради ва пировардида Ватанимизни янада тараққий топтириш,  халқимизнинг бахту саодатини таъминлашга хизмат қилади.

Сенатор Шоҳида Арипованинг таъкидлашича, мамлакатимизда табиатни муҳофаза қилиш, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш борасида салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2009 йилдаги фаолияти ҳақидаги ҳисоботида бу ўз ифодасини топган.  Ҳисобот даврида мазкур қўмита томонидан юртимизда экологик ҳолатни соғломлаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларни текшириш юзасидан муайян ишлар бажарилганлиги эътиборлидир.

Айтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ўз фаолиятини Тадбирлар дастури асосида изчил амалга ошириб келмоқда. Мазкур дастурга биноан, табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигини бузганлик учун 18,3 мингга яқин мансабдор шахс ва фуқароларга маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлиб, бу кўрсаткич 2008 йилдагига нисбатан 16,4 фоиздан камроқни ташкил этади. Айни чоғда, табиий муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган объектлар фаолияти вақтинчалик тўхтатилиши эвазига атмосферани ифлослантирувчи моддаларнинг 86,7 тоннага камайишига эришилди. Шунга қарамай, соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар мавжуд. Шундай экан, бу борадаги изланиш ва ҳамкорликни янада кучайтириш талаб этилади.

— Икки кун давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини яна бир бора таҳлилдан ўтказдик, — дейди сенатор Муҳаммадали Мусаев. — Гапнинг очиғи, жуда улкан миқёсдаги ишлар бажарилганки, буни қўлга киритган натижаларимиз ҳам тасдиқлаб турибди. Зеро, Ўзбекистон буюк давлат қуриш йўлидан дадил одимлаётган экан, ушбу натижалар билан қаноатланиб қолмаслигимиз аниқ. Ялпи мажлисда муҳокама этилган янги қонун ҳужжатлари ва бошқа долзарб масалалар бу борадаги ишларимизни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

 

Қисқача айтганда, Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси самарали ўтди. Зотан, сенаторлар жамиятимизда кечаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қиладиган масалаларни қизғин муҳокама қилишар экан, ушбу масалалар нафақат умумдавлат манфаатларига, балки ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳам ҳамоҳанг бўлишига эътибор қаратилди.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

© 2005-2010 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati