O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 йил 10 август
Қонун ижросига бағишланди »

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси билан халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг қўшма мажлисида «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Қашқадарё вилоятида ижро этилишини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Мажлисда қайд этилганидек, йўл-транспорт воситалари тўхтовсиз кўпа­йиб бораётган, йўл коммуникациялари ривожланаётган ва йўл ҳаракати жадаллашиб бораётган бир шароитда фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги ва мол-мулкини, ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини, шунингдек, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш масалалари тобора долзарблик касб этмоқда.

Масалани муҳокама қилиш асносида мажлис қатнашчилари номи юқорида  келтирилган Қонунни ижро этиш учун Қашқадарё вилоятида йўл ҳаракатини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, транспорт воситаларининг техник ҳолатини ва  ишлатилишини, йўллар ва темир йўлдан  ўтиш жойларининг ҳолати  назорат қилинишини  таъминлаш, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолларининг, йўл-транспорт воситаларининг ҳисобини юритиш ва уларни рўйхатга олиш, аҳолига йўлда юриш хавфсизлиги қоидаларини ўргатиш ва бошқа тезкор-профилактика тадбирларни ўтказишга қаратилган ­муайян ишлар амалга оширилаётганлигини кўрсатиб ўтдилар. Вилоят ҳокимлиги ҳузурида Йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш комиссия­си ташкил этилган бўлиб, у «Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги», «Диққат, темир йўлдан ўтиш жойи!», «Диққат, болалар!» ва бошқа тадбирларни режали тарз­да ўтказиб келмоқда.

Вилоят ҳудудида юридик ва жисмоний шахслар тасарруфидаги автомото­транспорт воситалари мажбурий тарзда техник кўрикдан ўтказиб келинмоқда. Статистика маълумотларига қараганда, рўйхатдан ўтказилган транспорт воситалари сони шу йил 1 июль ҳолатига  2000 йилдаги 104246 тадан 158516 тагача (52,5 фоиз), шу жумладан, жисмоний шахсларнинг транспорт воситалари 79076 тадан 137685 тагача (74,1 фоиз) ўсган.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини тиббий жиҳатдан таъминлаш мақсадида корхона, ташкилот, муассасаларга қарашли транспорт воситаларининг ҳайдовчилари вақти-вақти билан мажбурий равишда тиббий кўрикдан ўтказилмоқда, йўл ҳаракати иштирокчилари, ички ишлар органларининг  мансабдор шахслари ва аҳолига йўл-транспорт ҳодисаларида зарар кўрганларга шифокор келгунча ёрдам кўрсатиш усуллари ўргатилмоқда.

Амалга оширилган профилактика тадбирлари натижасида 2010 йилнинг 6 ойи­да вилоят ҳудудида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони 2009 йилнинг шу давридагига нисбатан 293 тадан 288 тагача (1,7 фоизга), йўл-транспорт ҳодисалари натижасида ҳалок бўлганлар сони 122 нафардан 71 нафаргача (41,8 фоизга), шикастланганлар сони эса 321 нафардан 289 нафаргача (9,9 фоизга) қисқарган.

Шу билан бирга, юқорида айтилган Қонуннинг Қашқадарё вилоятида ижро этилиши  масаласини муҳокама қилиш асносида сўзга чиққан сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идораларнинг вакиллари  йўл-патруль хизматларининг моддий-техник воситалари билан таъминланишини яхшилаш чораларини кўриш, халқаро ва давлат аҳамиятига молик автомобиль йўлларини қуриш сифатини ошириш ва уларни йўл ҳаракатини бошқариш воситалари билан жиҳозлаш, транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлайдиган ва қайта тайёрлайдиган нодавлат ўқув муассасалари фаолияти устидан назоратни кучайтириш зарурлигини таъкидладилар. Мажлисда мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсия­лар ҳам берилди.

Масалани муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Шу куннинг ўзида Қашқадарё вилояти ҳокимлигида «Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш. Муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўллари» мавзуида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган семинар бўлиб ўтди.

Семинарда қайд этиб ўтилганидек, мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашни такомиллаштириш, автотранспорт воситаларида  йўловчилар ва юклар ташишни тартибга солиш, хусусий транспорт воситалари ҳайдовчилари, ўқувчи-ёшлар ва аҳоли орасида йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб қилиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, шунингдек, автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ва йўловчиларнинг йўлда юриш маданиятини ошириш масалаларига катта эътибор берилмоқда. Йўл ҳаракати хавфсизлигини ҳамда фуқаролар  ҳаёти ва саломатлиги муҳофаза қилинишини таъминлаш соҳасида вужудга ­келадиган муносабатларни тартибга соладиган тегишли қонунчилик базаси ­яратилган.

Семинар қатнашчилари ўз чиқишларида ички ишлар органларининг ходимлари бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар, нодавлат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари билан биргаликда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида ўтказаётган тадбирларнинг самарадорлигини янада ошириш зарурлигига эътиборни қаратдилар. Хусусан, транспорт воситаларининг техник ҳолати ва ускуналанишига, уларга техник хизмат кўрсатишга ҳамда уларни таъмирлашга, шунингдек, транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлашга қўйиладиган талабларни кучайтириш борасида амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш масалалари юзасидан таклифлар ва тавсиялар берилди.

Қўшма мажлис ва семинар ишида сенаторлар, халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг депутатлари, халқ депутатлари туман ва шаҳарлар Кенгашлари доимий комиссияларининг раислари, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашдилар.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati