O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 йил 10 август
ОЛИЙ МАЖЛИС СЕНАТИДА »

2010 йил 10 августда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг  мажлиси бўлиб ўтди.

Кенгаш  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ­Сенатининг  учинчи ялпи мажлисини шу йил 28 августда Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Кенгашда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолияти мамлакатда амалга оширилаётган социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий  ислоҳотларнинг эҳтиёжлари ва жараёнлари билан узвий боғлиқ. Шу муносабат билан Ўзбе­кистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг  бўлажак ялпи мажлисида  ижтимоий-сиёсий ҳаётни модернизация қилиш ва демократлаштиришда, кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришда муҳим роль ўйнаши керак бўлган қонунлар ва масалалар ­муҳокама қилинади.

Чунончи, Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига давлат қурилиши ва бошқарув соҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор Ўзбекистон Республикаси қонунлари киритилмоқда. “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги, “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1781-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасига ва “Давлат статистикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги, “Давлат солиқ хизмати органлари тизими янада модернизация қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар шулар ­жумласидандир.

Бўлажак ялпи мажлисда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган қонунларни, чунончи: “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги, “Баҳолаш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини ҳам кўриб чиқиш таклиф қилинди.

Ялпи мажлисда суд-ҳуқуқ тизимига доир қонунлар ҳам муҳокама қилинади. Хусусан,  “Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлиси кун тартибига Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таркибига ўзгариш киритиш тўғрисидаги масалалар ҳам киритилди.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинади.

Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва Девонининг учинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш ­билан боғлиқ ишларини ­мувофиқлаштириш учун ­Кенгаш томонидан махсус ишчи гуруҳи тузилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati