OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 10 апрель
Олий Мажлис Сенатида » ТАБИАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ — ҲАММАНИНГ ИШИ

Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ­Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг
2009 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Н. Умаров ўз ҳисоботида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2009 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан қўйилган вазифаларни бажариш юзасидан қилинган ишлар тўғрисида Сенат қўмитасига ахборот берди.

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ўтган даврдаги фао­лияти атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш устидан давлат назоратини таъминлашга, мамлакатда экологик вазиятни соғ­ломлаштириш ва экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилганлиги кўрсатиб ўтилди.

Табиатни муҳофаза қилиш тадбирларининг ва мамлакатда экологик вазиятни яхшилаш юзасидан амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида атмосферага чиқариб ташланаётган ифлослантирувчи моддаларнинг умумий миқдори 2008 йилдагига нисбатан 55 минг тоннага ёки 2,5 фоизга камайиб, 2,13 миллион тоннани ташкил қилди, жумладан, кўчмас манбалардан 741 тоннага, ҳаракатланувчи манбалардан 1,38 миллион тоннага камайган. 18,6 мингта автомобиль газ ёнилғисига ўтказилган, 1,26 миллион тонна ва 161,7 минг куб метр чиқинди қайта ишланган, 234,9 километр водопровод тармоғи таъмирланди ва 188,8 километр водопровод тармоғи, 157,9 километр канализация тармоғи фойдаланишга топширилган, 1,4 миллион куб метр ичимлик суви тежаб қолинган.

Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастури амалга оширилишини таъминлаш мақсадида давлат экологик экс­пертизасини ўтказиш нархи пасайтирилди, ­натижада 2009 йилнинг  1 июнидан 31 декабригача тадбиркорлик субъект­ларининг 346,9 миллион сўмлик маблағи тежалди ва ишлаб чиқаришга инвестиция қилинди.

Табиий ресурслар, ҳайвонот ва ўсимлик ­дунёси давлат кадастрларини тузиш ишлари давом эттирилди. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг илмий бўлинмалари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобидан 132 миллион сўмлик илмий тадқиқот ишлари бажарилган.

Экологик билимларни ва таълимни тарғиб этиш ишлари фаоллаштирилди. Экология мавзуидаги радиоэшиттиришлар ва телекўрсатувлар 2008 йилдагига нисбатан 27 фоизга, лекция ва суҳбатлар 43,7 фоизга ошган.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни тинглаш якунларига доир Олий Мажлис Сенати қарорларини амалга ошириш мақсадида охирги йилларда «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ўрмон тўғрисида»ги, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги, «Радиациявий хавф­сизлик тўғрисида»ги, «Чиқиндилар тўғрисида»ги Ўзбекистон Рес­публикаси қонунларига, шунинг­дек, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисидаги низомга ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига белгиланган тартибда ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ҳисоботни муҳокама қилиш чоғида мажлис иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятида камчиликлар ва баъзи ҳал қилинмаган масалалар борлигига эътиборни қаратдилар. Чунончи, табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштиришга доир ишлар етарли даражада олиб борилмаяпти, ерларни рекультивация қилиш устидан назорат тўла амалга оширилмаётир, экологик тоза ва ресурсларни тежайдиган, жумладан, қайта тикланадиган энергиядан фойдаланиладиган технологияларни жорий этиш имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Мажлис иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича 2008 — 2012 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурини ва тегишли ҳудудий ҳаракатлар дастурларини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирларни бажаришни таъминлаш, табиатдан фойдаланишда иқтисодий механизмни такомиллаштиришга доир фаолиятни жонлантириш, экологик тоза технологиялар, қайта тикланадиган энергия манбаларини қўллаш соҳасидаги илмий-техник тараққиёт ва халқаро тажриба ютуқларини бундан буён ҳам жорий қилиш, шунингдек, экологик таълимни ривожлантириш ва чуқурлаштириш зарурлигини кўрсатиб ўтдилар.

Муҳокама якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган, ушбу масалани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси муҳокамасига киритиш тўғрисидаги Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Қўмита мажлисида Олий Мажлис Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони ва Вазирлар Маҳкамасининг, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмиталари раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати
 

УзА
Халқ сўзи газетаси

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati