OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 10 март
Қўшнинг тинч — сен тинч
Энг самарали ва мақбул ечим

Ўзбекистоннинг Афғонистон муаммосини ҳал этиш борасидаги ташаббуси нақадар тўғри экани амалда ўз исботини топмоқда.

“Биз Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришиш бутун Марказий Осиё минтақасини ­барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ­борасидаги ҳаётий муҳим муаммоларни ечиш учун катта имкониятлар очиб берадиган хавфсизликнинг ҳал қилувчи омили эканини яхши англаймиз”.

Ислом КАРИМОВ.

Бугунги кунда минтақавий хавфсизликни таъминлаш масаласи энг долзарб хал­қаро муаммолардан бири ҳисобланади. Чунки минтақавий осойишталикка етишмай туриб, жаҳон барқарорлигига эришиб бўлмайди. Биз яшаб турган Марказий Осиё­нинг дардли, оғриқли нуқтаси бу — Афғонистондир. ­Демак, Афғонистон наинки минтақамиз, балки дунёнинг энг ташвишли, чигал ва қарама-қаршиликка тўла муаммосидир. Давлатимиз раҳбари жорий йил 27 январда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида ушбу масалага яна бир карра тўхталиб, алоҳида таъкидлаганидек: “Халқимизда “Қўшнинг тинч — сен тинч” деган мақол бежиз айтилмаган. Қўшни мамлакат ҳудудида мана шундай кескинлик сақланиб турар экан, албатта, минтақамизда тинчлик-барқарорликка нисбатан таҳдид ҳам сақланиб қолаверади”.

Ўзбекистон айнан шу жиҳатларни эътиборга олиб, БМТ, ЕХҲТ, НАТО/СЕАП, МДҲ ва ШҲТ доирасида ўтказилаётган халқаро ҳамда минтақавий анжуманларда Аф­ғонис­тондаги вазиятни ҳал этиш бўйича ўзининг амалий ташаббусларини доимий равишда баён қилиб келмоқда. Яъни бу ердаги аҳволни ўнглаш учун жафокаш афғон диёрига иқтисодий-молиявий, ижтимоий-гуманитар ёрдам кўрсатиш, ўлка инфратузилмасини тиклаш, миллий ва этник тотувликни таъминлаш, уларнинг миллий урф-одатлари ва маданиятини, диний қадриятларини, аввало, халқни ҳурмат қилиш лозимлигини уқтириб келади. Хусусан, НАТО/СЕАП ташкилотининг 2008 йил апрель ойида бўлиб ўтган Бухарест саммитида Президентимиз афғон муаммосини фақат ҳарбий йўл билан ечиб бўлмаслиги ҳақидаги фикрни биринчи бўлиб ўртага қўйган ва бу можарони сиёсий йўл билан ҳал этиш мақсадида “6+2” мулоқот гуруҳини “6+3” гуруҳига айлантириш ҳақидаги таклифни илгари сурганди. Бу гуруҳга Афғонистон билан қўшни бўлган давлатлар, АҚШ ва Россия ҳамда НАТО ташкилотининг ваколатли вакиллари кириши назарда тутилган. Бугун ушбу ғоя нақадар тўғри экани ўз исботини топмоқда. Чунки 30 йил давомида афғон муаммосини ҳал этиш учун миллиард-миллиард доллар маблағ сарфлангани билан бу ердаги аҳвол ижобий томонга ўзгаргани йўқ, аксинча, мамлакатдаги кескинликнинг кучайиши ­давом этиб келмоқда. Эндиликда ­дунёдаги кўпгина давлатлар афғон муаммосини фақат ҳарбий йўл билан ҳал қилиш мумкин эмаслигини ҳар томонлама англаб, амалий хулосаларга келмоқдалар. Буни Аф­ғонистонга бағишлаб Лондонда ўтказилган халқаро анжуман якунлари ҳам яққол кўрсатди. Жаҳоннинг 70 дан ортиқ мамлакати вакиллари иштирок этган ушбу тадбирда асосий эътибор Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни тиклаш, ­халқаро муносабатларни ривожлантириш каби масалаларга қаратилди.

Юртбошимиз, шунингдек, 2009 йилнинг июнь ойида Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтказилган ШҲТнинг навбатдаги саммитида ҳам Афғонистон масаласида ўзининг аниқ ва асосли фикрларини билдирганди.

Афғонистон минтақамиздаги ҳудуди анча катта мамлакатдир, аҳолиси ҳам тез суръатда кўпайиб бормоқда (тахминан 30 миллионга яқин). Демак, афғон халқи табиий ресурсларни ўзлаштириш ва қайта ишлаш, автомобиль ва темир йўлларни таъмирлаш, янгиларини қуриш, ирригация тизимларини барпо этиш, малакали мутахассислар тайёрлаш борасида ШҲТ аъзолари, шу жумладан, Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор. Аммо 1979 йилнинг декабридан бери давом этаётган қуролли тўқнашувлар, миллий ва этник тотувликнинг йўқлиги, марказий ҳокимият бошқарувидаги мавжуд муаммолар, ташқаридан аралашув оқибатида мамлакат мисли кўрилмаган даражадаги қурол-аслаҳаларга тўлиб кетганки, бу ҳолат Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳарбий-сиёсий ҳаётини бутунлай издан чиқариб юборган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, афғон диёрида аҳолининг ярмидан кўпи наркотик модда етиштириш ёки уни сотиш билан машғул. Жумладан, 2005 йилда 4,5 минг тонна, 2007 йилда салкам 8 минг тонна қорадори етиштирилган бўлса, 2009 йилда Афғонистоннинг 200 минг гектар ерига экилган “заҳри қотил”дан салкам 10 минг тонна наркотик маҳсулот олиниши мумкинлиги тахмин қилинган.

Бундан ташқари, 30 йиллик нотинчлик бир неча миллион афғонларнинг ўзга юртларда дарбадар бўлишига сабаб бўлди. Бугун ҳам қуролли тўқнашувлардан безиллаб қолган афғонларни Покистон, Эрон, Европа ва МДҲ мамлакатларида учратиш мумкин. Энг ачинарлиси, ўттиз йиллик давр мобайнида туғилган авлод маърифат ва маънавиятдан йироқ бўлиб шаклланган.

Бу каби кишини ўйлантириб қўядиган мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Шундай экан, Афғонистондаги вазиятни ҳарбий воситаларда, мислсиз қурол-яроғлару ҳарбий кучлар кўмагида ҳал этиб бўладими? Албатта, йўқ. Унинг сиёсий ечими Ўзбекистон раҳбарининг Афғонистонда барқарорликка эришиш борасидаги “6+3” гуруҳини юзага келтиришдир.

“6+2” мулоқот гуруҳи самарали иш олиб боргани каби “6+3” гуруҳининг муваффақиятли фаолият кўрсатишига халқаро жамоатчилик умид боғламоқда. Чунки Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш, мазкур давлатда қонли тўқнашувлар, инсон ресурслари ва моддий йўқотишларнинг олдини олиш, шунингдек, афғон халқининг анъаналари, дини, миллий ва маданий қадриятларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишга қаратилган беш муҳим ташаббус (Президентимизнинг НАТО/СЕАП саммитидаги нутқида илгари сурилган беш ташаббус) ёрдамида афғон муаммосини бартараф этишнинг энг самарали ва мақбул услублари намоён бўлиши, шубҳасиз. Оддийроқ қилиб айтганда, “6+3” гуруҳининг юзага келиши  афғон муаммосининг сиёсий, демакки, дипломатик воситалар билан ечимига олиб боради. Бу, ўз навбатида, Афғонистондаги вазиятни ҳарбий воситалар билан ҳал этилишига чек қўяди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ён қўшнимиз бўлмиш афғон диёрида ҳамиша тинчлик ва осойишталик ҳукм суришини истаб келган, бу ўлка халқига доимо ёрдам қўлини чўзган. Бунга давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида келтирилган қуйидаги далиллар ҳам яққол мисол бўла олади: “2010 йилда Ўзбекистон бу мамлакатга етказиб бераётган электр энергия­си миқдори ўтган йиллардагига нисбатан 6 баробарга оширилди. Шу кунларда Ўзбекистоннинг қурувчи ва мутахассислари томонидан “Термиз — Ҳайратон — Мозори Шариф” темир йўлини қуриш ишлари бошланмоқда ва у йил охирига қадар якунига етказилиши кўзда тутилган”.

Албатта, бу ўз-ўзидан бўладиган иш эмас. Демак, мамлакатимиз ўз ташаббусларини амалий саъй-ҳаракатлари орқали ҳам намоён этмоқда.   

Ўзбекистон томони халқаро анжуманларда бир неча бор баён этганидек, афғон диёридаги зиддиятни бартараф этиш жараёнига, аввало, кўп миллатли Афғонистон халқининг ўзи жалб этилиши даркор. Демак, мамлакат тақдири Афғонистон халқининг ўзига боғлиқ. Ушбу ҳудудда тинчлик ўрнатилиши Марказий ва Жанубий Осиёда изчил иқтисодий тараққиёт, узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш учун ҳам кенг имкониятлар йўлини очади. Зеро, Афғонистоннинг осойишталиги минтақамиз ва дунёнинг тинчлиги демакдир.

Мамазоир ХУЖАМБЕРДИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси.

УзА
Халқ сўзи газетаси, 2010 йил 10 март

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati