O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 йил 8 июль
ИШ ЎРИНЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИШ – СОЦИАЛ СИЁСАТНИНГ ЭНГ МУҲИМ УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ

8 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда 2010 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишининг бориши ҳақидаги масала кўриб чиқилди. Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. Собиров олиб борди.

Ушбу Дастур давлатимиз раҳбарининг 2009 йилнинг асосий якунлари ва 2010 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида ишлаб чиқилган бўлиб, 2010 йилда ижти­моий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим мақсади ва асосий устувор вазифаси — ислоҳотларни давом эттириш ва чуқурлаштириш, мамлакатимизни янгилаш ва модернизация қилиш, 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастурини сўзсиз бажариш ва шу асосда иқтисодий ривожланишнинг юқори ва барқарор суръатларини, самарадорлигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишдан иборатдир.  

Дастур Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2009 йил 4 декабрдаги Қарори билан тасдиқланган эди.

Муҳокама асносида 2010 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини бажариш юзасидан иқтисодиётнинг реал тармоқларида ва мамлакат ҳудудларида қатор ишлар олиб борилганлиги қайд этилди. Мажлисда кўрсатиб ўтилганидек, Дастурнинг прогноз кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилди. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан ажратилган ­кредит маблағлари миқдори 2 миллиард 143 миллион сўмдан ошган.

Алоҳида таъкидлаб ўтилганидек, кичик корхоналар ва микрофирмалар ташкил этиш ҳисобига 132,1 мингта, уй меҳнатининг барча шаклларини, жумладан, косибчилик ва халқ ҳунарманд­чилигини ривожлантириш ҳисобига 101,7 мингта, паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик ва бошқаларга ихтисослашган фермер хўжаликларини ривожлантириш ҳисобига 59,4 мингта иш ўрни яратилди.

Кенгаш мажлиси иштирокчилари жорий йилнинг беш ойида яратилган жами иш ўринларининг 91,4 минг­таси Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастури доирасида ташкил этилганлигини кўрсатиб ўтдилар. Биргина уй-жой қурилишини ривожлантириш ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш дастурини бажариш ҳисобига 42 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган.

Иш ўринларини ташкил этишда банклар томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини тиклаш, кенгайтириш ва ривожлантиришга, янги корхоналар барпо этишга ажратилаётган кредит маблағлари катта аҳамиятга эга бўлмоқда.

Аҳолининг бандлигини таъминлашда ўтказилаётган меҳнат ярмаркалари ҳам муҳим роль ўйнамоқда. Жорий йилнинг беш ойида республика бўйича 530 та шундай ярмарка ўтказилиб, натижада 62567 нафар фуқаро иш билан таъминланган.

Айни вақтда, мажлисда кўрсатиб ўтилганидек, Сенат аъзолари маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари билан биргаликда жойлардаги вазиятни ўрганиб чиқишлари натижасида мамлакатнинг айрим минтақаларида Дастурни бажаришнинг бир қатор кўрсаткичлари бўйича мавжуд муаммолар аниқланди. Хусусан, Сирдарё ва Хоразм вилоятларининг бир қатор корхоналари ва айрим минтақаларида янги кичик корхоналар ва микрофирмалар ташкил этиш ҳисобига, Сурхондарё вилоятида вақтинча ишламаётган корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига қўшимча иш ўринлари яратишнинг прогноз параметрлари тўлиқ бажарилмаган.

Шу муносабат билан мажлис қатнашчилари Дастурнинг бажарилишини таъминлашда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фао­лиятини кучайтириш зарурлигини таъкидладилар. Парламент аъзоларининг фикрича, давлат дастурлари ва ҳудудий дастурларда белгиланган тадбирларнинг бажарилиши устидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари ўз сайлов округларида амалга ошираётган, ижобий натижалар бераётган депутатлик назорати анча кучайтирилиши керак.

Шунингдек, фуқароларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари ва улар учун белгиланган қўшимча кафолатларнинг қонуний асосларда таъминланиши устидан депутатлар томонидан қатъий назорат олиб бориш, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг Дастурни бажариш борасидаги масъулиятини ошириш, касаба уюшмаларининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларнинг иш ўринларини ташкил этиш соҳасидаги ролини кучайтириш зарурлиги ҳам таъкидланди.

Муҳокама натижалари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, парламент аъзоларининг асосий вазифаларидан бири парламент томонидан қабул қилинган қонунлар ижро этувчи ҳокимият, марказда ҳукумат ва жойларда ҳокимликлар томонидан қандай бажарилаётгани устидан қатъий парламент назоратини, депутатлик назоратини ўрнатишдан иборат. Шу муносабат билан Сенат Ўзбекистон Республикаси Президенти ­Ислом ­Каримовнинг 2010 йил 26 январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисидаги, 2010 йил 27 январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш — устувор мақсадимиздир» номли маърузаларининг асосий қоида ва хулосаларини рўёбга чиқариш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг устувор вазифаларни ҳал қилишга йўналтирилган Ҳаракат дастурини ижро этишнинг боришини кўриб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилди.

Мажлисда Сенат ва ҳукумат аъзолари, тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари раҳбарлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati