OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 8 май

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИНИНГ
ИККИНЧИ ЯЛПИ МАЖЛИСИ ТЎFРИСИДА
АХБОРОТ

Тошкент шаҳрида 7 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси очилди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, фаолияти ялпи мажлиснинг кун тартибига киритилган масалаларга алоқадор бўлган давлат органларининг раҳбарлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳозир бўлдилар.

Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. Собиров олиб борди.

Сенаторлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2010 йил 26 январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисида сўзлаган нутқи, 2010 йил 27 январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги ­«Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш — устувор мақсадимиздир» маърузасининг асосий қоида ва хулосаларини рўёбга ­чиқариш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ҳаракат дастури тўғрисидаги масалани кўриб ­чиқишдан бошладилар.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги ­маърузаси асосида мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида Сенатнинг роли ва таъсирини янада кучайтириш, иқтисодиётни ҳамда ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш ­жараёнларининг ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ тизимларини доимий янгилаб бориш билан аниқ ва чуқур ўзаро алоқасини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ҳаракат дастурида устувор йўналишлар сифатида белгиланганлиги қайд этилди. Дастурда парламент қабул қилган қонунларнинг марказда ижро этувчи ҳокимият, ҳукумат ва жойларда ҳокимликлар томонидан ижро этилиши ­устидан парламент назоратини қатъий ­таъминлаш масалаларига алоҳида ­эътибор берилган.

Дастурнинг қоидалари давлатимиз ­раҳбарининг маърузасида белгилаб берилган парламентни демократик янгиланишларни, кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган либерал ислоҳотларни амалга оширувчига айлантириш, ­фуқаролик жамияти институтлари, шу ­жумладан, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамият ва давлат қурилиши тизимидаги ҳуқуқлари, ваколатларини кенгайтириш, оммавий ахборот ­воситаларини янада либераллаштириш, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар сиёсатининг ошкоралиги ва очиқ-ойдинлигини таъминлаш сингари вазифаларни рўёбга чиқаришга йўналтирилган. Дастурда Сенат қўмиталарининг халқ депутат­лари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг ­доимий комиссиялари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш механизмини кучайтириш, шунингдек, мамлакат хавфсизлигини, барқарорлигини таъминлаш, унинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига ­алоҳида эътибор қаратилган.

Дастурда парламент фаолиятининг ­мазкур вазифаларни бажаришга қаратилган турли шакллари: қўмиталарнинг сайёр мажлислари, минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ғоят муҳим ­масалалари юзасидан парламент эшитувлари, давра суҳбатлари, семинарлар, ­конференциялар ҳамда 2010 ва шундан кейинги йилларга мўлжалланган бошқа ­чоралар назарда тутилмоқда. Дастур ҳар томонлама муҳокама қилинганидан сўнг ­Сенат аъзолари томонидан маъқулланди.

Шундан кейин парламент юқори палатасининг аъзолари ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янада чуқурлаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунларини кўриб ­чиқдилар.

Сенаторлар «Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. «Баркамол авлод йили» Давлат дастури доирасида қабул қилинган ушбу Қонун мамлакат аҳолиси ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикасининг, бу соҳани давлат томонидан ­тартибга солиш тизимининг самарадорлигини оширишга қаратилган.

Қонунда озиқ-овқат маҳсулотини инсон организми учун ҳаётий муҳим бўлган ­элементлар — микронутриентлар билан бойитиш ишларини амалга ошириш тартиби белгиланади. Қонун микронутриент етишмаслиги ҳаммадан кўп ривожланган аҳоли орасида тегишли олдини олиш ­ишларини, шунингдек, соғлом овқатланиш масалалари юзасидан маърифий ишларни амалга оширишни назарда тутади. 

Сенаторларнинг фикрича, Қонуннинг қабул қилиниши оналар ва болалар ­саломатлигини яхшилашга, микронутриент етишмаслиги сабабли касалланишнинг ­камайишига ёрдам беради, ёш авлоднинг баркамол ривожланиши учун қулай замин яратади. Сенаторлар Қонунни маъқул­ладилар.

Сенаторлар «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси ­Қонунини кўриб чиқдилар. Сенат ­томонидан маъқулланган ушбу Қонун суд экспертизаси ­институти билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳал қилишга йўналтирилган. Қонун ­демократик принципларга асосланган, судлов ишини юритиш ­турларидан қатъи ­назар, суд-экспертлик фаолиятини тартибга ­соладиган умумий нормаларни, шунингдек, суд-эксперти ва унинг хулосасининг ­мустақиллигини таъминлайдиган нормалар ва бошқа қоидаларни ўз ичига олувчи ­ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатдир.

Сенаторлар «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонунни ҳам кўриб чиқдилар ва маъқулладилар. Хусусан, Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Фуқаролик процессуал кодексига ҳамда Хўжалик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Сенаторлар «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10 ва 11-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонунни кўриб чиқдилар. Киритилган ўзгартишлар жисмоний шахсларнинг хусусий тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини ­истисно этади. Қонунни муҳокама қилиш асносида сенаторлар кўриб чиқилаётган Қонун соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли, изчил ­ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилганлигини, бу ислоҳотларнинг энг муҳим вазифаси ­мамлакат аҳолисига малакали тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашдан иборат эканлигини кўрсатиб ўтдилар. Қонун сенаторлар ­томонидан маъқулланди.

«Архив иши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиш ­чоғида қайд этиб ўтилганидек, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши ҳозирги ­талаблар ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда архив ҳужжатларини бутлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштиришга, алоҳида қимматли бўлган ва мамлакатнинг ­миллий бойлиги ҳисобланган ноёб ҳужжатларнинг бут сақланишини таъминлашга ёрдам ­беради. Сенаторлар Қонунни ­маъқулладилар.

Сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиб, маъқулладилар. Ушбу Қонунга мувофиқ, шахснинг касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида ­бошқа шахсга ОИВ касаллиги/ОИТСни юқтирганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Бу ОИВ касаллиги ­тарқалишига қарши курашиш юзасидан кўрилаётган чораларнинг самарадорлигини ошириш ва ушбу касалликнинг олдини олиш қоидаларига риоя қилмаганлик учун тиббиёт ходимларининг жавобгарлигини кучайтириш имконини бериши кўрсатиб ўтилди.

Сенаторлар суд-ҳуқуқ фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор қонунларни кўриб чиқдилар. Чунончи, «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди ва маъқулланди. Қонун жазони енгиллаштирувчи ҳолатларда содир этилган жиноятлар учун жазо тайинлашнинг ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган. Ҳар томонлама муҳокама қилиш якунлари бўйича «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий ­жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳам ­маъқулланди. Қонунга мувофиқ, вояга ­етмаганлар томонидан ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида ресторанлар, кафелар, барлар, клублар, дискотекалар, кинотеатрлар, компьютер заллари, Интернет тармоғидан фойдаланиш бўйича хизматлар кўрсатиш учун жиҳозланган хоналарда ёхуд бошқа кўнгил очиш (дам олиш) жойларида тунги вақтда вояга етмаган шахснинг ота-онасидан бири ёки унинг ўрнини босувчи шахс кузатувисиз ҳозир бўлишига йўл қўйганлиги учун мазкур ­муассасалар раҳбарлари ёки бошқа масъул шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги белгиланмоқда.

Шундан кейин сенаторлар «Ўзбекистон Республикаси билан Уммон Султонлиги ўртасида ҳамкорлик ва муносабатлар асослари тўғрисидаги Битимни (Масқат, 2009 йил 5 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий ­Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2009 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиш чоғида ҳисобот йили инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида муҳим давр бўлганлиги кўрсатиб ўтилди. 2009 йил апрель ойида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ­фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Омбудсманнинг ҳуқуқий мақомини анча кучайтирди ва унинг ваколатларини кенгайтирди.

Ҳисобот даврида қонунчилик ташаб­буси ҳуқуқи субъектлари тайёрлаган 9 та қонун лойиҳаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил институти томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга ­мувофиқлиги нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертиза қилинди.

Омбудсман вакиллари Ўзбекистон ­Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн саккиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ­Сенатининг Қарорини амалга ошириш бўйича ҳудудий комиссиялар ишида фаол қатнашдилар.­

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ­билан судлов ишини юритиш соҳасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўзаро ҳамкорлиги кучайди. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ишни такомиллаштириш масалалари юзасидан 55 та турли давлат органлари ва ташкилотларга Омбудсман томонидан 200 дан ортиқ сўров юборилди. Сенаторлар Омбудсманнинг ўтган даврдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини маъқулладилар ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ С. Ш. Рашидовани нав­батдаги муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқ­лари бўйича вакили этиб сайладилар.­

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2009 йилдаги ­фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқдилар. Ҳисоб палатасининг 2009 йилдаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 10 февралдаги 2008 йилда мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва 2009 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида белгилаб берилган мамлакатни 2009 йилда барқарор ­иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига мувофиқ амалга оширилганлиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳисобот йилида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан турли ­вазирликлар ва идораларда 14 та асосий йўналиш бўйича 47 та назорат тадбири ўтказилган. Хусусан, «Бюджет тизими тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилги Давлат бюджетини ижро этиш тўғрисидаги ­ҳисобот ташқи аудитдан ўтказилди ва ­баҳоланди, Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги Давлат бюджети лойиҳаси ­экспертиза қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши қаттиқ назорат қилиб борилди. Маҳаллий бюджетлар даромадларини шакллантириш манбаларига, бюджет маблағларидан қатъиян ўз ўрнида фойдаланишга, шунингдек, минтақаларнинг дотацияга эҳтиёжи даражасини ­қисқартириш юзасидан жойларда кўрилган чораларнинг натижасига алоҳида ­эътибор берилди.

Мамлакатнинг йирик саноат корхоналарида жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози оқибатларини камайтириш ва юмшатиш юзасидан кўрилаётган чораларнинг самарадорлиги ўрганилди, шунингдек, тижорат банклари давлат томонидан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланишининг аҳволи текширилди.

Ҳисоботни муҳокама қилиш асносида сенаторлар вазирликлар ва идоралар томонидан бюджет маблағларидан фойдаланиш, маҳаллий бюджетларни ижро этиш борасидаги мавжуд камчиликларни, Ҳисоб палатаси томонидан жойларда аниқланган молиявий ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш юзасидан олиб борилаётган ишни танқидий баҳоладилар. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси амалга ошираётган назорат тадбирларини кучайтириш ҳамда самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар баён этилди.

Сенат аъзолари томонидан кун тартибига киритилган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Тегишли масалалар юзасидан қабул қилинган қарорлар оммавий ахборот воситаларида белгиланган ­тартибда эълон қилинади.  

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати иккинчи ялпи ­мажлисининг биринчи иш куни тугади.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

© 2005-2010 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati