OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 7 май
Мақсад — Ватан равнақи, эл фаровонлиги

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бугун бошланадиган иккинчи ялпи мажлиси ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги яна бир муҳим воқеа бўлиши, шубҳасиз. Зеро, унда Ватанимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигига хизмат қиладиган қонунлар ва бошқа бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинади. Мухбиримиз сенаторларнинг ана шу масалалар хусусидаги фикрлари билан қизиқди

— Маълумки, Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ўтган йили юртимизда товар ва хизматлар экспорти 2008 йилдагига нисбатан 2,4 фоизга ошиб, ташқи савдо айланмасида 2,3 миллиард доллар миқдорида ижобий сальдога эришилди, — дейди Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси Қурақбой Эргашев. — Айни чоғда банк­лар молия­вий барқарорлигини мустаҳкамлаш юзасидан кўрилган чоралар туфайли тижорат банклари умумий капитали 2008 йилдагига нисбатан 1,4 баробар ўсди. Хусусан, етакчи банкларнинг устав капиталлари давлат маблағлари ҳисобидан қўшимча 500 миллиард сўмдан кўпроқ миқдорда оширилди.

Инқирозга қарши чоралар дастури доирасида иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарининг барқарор ишлашини таъминлаш, уларнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилган ишлар ҳам эътиборга лойиқ. Жумладан, бу даврда 126 та иқтисодий ночор корхона тижорат банклари тасарруфига олиниб, уларнинг 36 таси ўз фаолиятини тиклаганидан кейин янги инвесторларга сотилди. Айни чоғда 34 та корхонада ишлаб чиқаришни тиклаш жараёни тугалланган бўлса, қолган 56 та корхонада молиявий соғломлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Юқори палатанинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Эркин Рўзиметов таъкидлаганидек, истиқлолнинг илк кунларидан бошлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли, хусусан, кўп болали ва кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар ва ногиронлар, талаба ва пенсионерлар манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Айниқса, 2007 йилда Ижтимоий ҳимоя йили муносабати билан қабул қилинган Давлат дастури бу борада катта аҳамият касб этиб келмоқда.

Ўтган йиллар мобайнида мазкур дастур асосида ижтимоий ҳимоя самарадорлигини оширишга йўналтирилган 26 та қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилганлиги бунинг тасдиғидир. Муҳими, ушбу йўналишдаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. Жорий йилда давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи айнан шу соҳага йўналтирилганлиги  бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Ялпи мажлис кун тартибига киритилган қонун ҳужжатларида бу масалага алоҳида ­эътибор берилаётганлиги диққатга моликдир.

— Ўзбекистоннинг хал­қаро нуфузи тобора ортиб бормоқда, — дейди Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси аъзоси Дилоромхон Эсонбоева. — Ялпи мажлис муҳокамасига киритилган “Ўзбекистон Республикаси билан Уммон Султонлиги ўртасида ҳамкорлик ва муносабатлар асослари тўғрисидаги Битимни (Маскат, 2009 йил 5 октябрь) ­ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун ана шу мақсадга хизмат қилади.

Маълумки, Юртбошимиз бошчилигидаги давлат делегациясининг 2009 йил 4-5 октябрь кунлари Уммон Султонлигига қилган расмий ташрифи чоғида икки давлат ўртасида сиё­сий, иқтисодий, инвестициявий, молиявий, нефть ва кимё, ҳаво алоқалари, олий таълим, туризм, илмий ва маданий соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 19 та келишувга эришилган эди. Маъқулланиши кутилаётган қонун ана шу келишувларга ҳуқуқий тус бериши билан жуда аҳамиятлидир. Шу боис қўмита йиғилишида мазкур ҳужжатни қўллаб-қувватлаш хусусида сўз юритилди.

Бир сўз билан айтганда, Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси муҳокамасига киритилган ҳар бир қонун ҳужжати, ҳар бир масала Ватанимизни изчил тараққий эттиришга, аҳоли фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

© 2005-2010 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati