Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2010 йил 7 январь

Қонун кучга кирди: Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари

Унинг самарадорлиги қонунчилик базасини такомиллаштиришда ҳам намоён бўлмоқда.

Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш билан боғлиқ барча қонунлар жамиятни эркинлаштириш ва мамлакатни  модернизациялаш баробарида  инсон ҳуқуқ ва манфаатларини самарали  ҳимоя қилишни янада такомиллаштирмоқда. Ва айни вақтда  бу ислоҳотлар жиноятчиликка қарши кураш билан боғлиқ давлат сиёсатини амалга ошириш масъулияти юклатилган ҳуқуқ-тартибот, яъни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини жонлантиришга ва мукаммаллаштиришга ҳам асос яратмоқда. Аниқроқ айтганда, бу тизим  фаолиятига дахлдор қонунчилик асосларини янада демократлаштиришга хизмат қилмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида маъқулланган ва бугунги кунда кучга кирган “Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 329-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги Қонун ҳам мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги янгиланишларнинг бир кўринишидир. Парламент юқори палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси М. Ражабова мухбиримизга айнан ушбу соҳага дахлдор янгиланишлар, хусусан, юқорида номи зикр этилган Қонуннинг аҳамияти ҳақида гапириб берди:

 

— Ушбу Қонундан кўзланган асосий мақсад, — дейди Мавжуда Абдуллаевна, — ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жумладан, прокуратура, ички ишлар вазирлиги, миллий хавфсизлик хизмати идоралари тизимидаги суриштирув ва тергов органлари томонидан жиноят иши қўзғатилгунга қадар жиноятлар тўғрисида аризалар, хабарларни ва бошқа маълумотларни ҳал этиш билан боғлиқ муддатлар (Жиноят-процессуал кодексидаги)га аниқлик киритишдан иборатдир.  Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексининг махсус қисми тўққизинчи бўлимидаги ишни судга қадар юритиш билан боғлиқ масалалар 7 та бобдан иборат бир неча нормалардан ташкил топган. Унга кўра, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят содир этилганлиги тўғрисидаги сабаб ва асослар мавжуд бўлган барча ҳолларда жиноят ишини қўзғатиши шарт экани белгилаб берилган. Жумладан, унинг биринчи бобида жиноят ишини қўзғатишга оид нормалар акс эттирилган.

Шу ўринда жиноят иши қандай асослар билан қўзғатилади, яъни жиноят ишини қўзғатишга нима асос бўлади, деган савол туғилиши, ­табиий. Мазкур саволга ЖПКнинг 322-моддасида санаб ўтилган асосларни келтирган ҳолда жавоб топиш мумкин.

Жумладан, шахснинг аризалари; корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслар берган хабарлар; оммавий ахборот воситаларида ёритилган хабарлар;  жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи маълумотлар ва ишларни суриштирув органи, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суднинг бевосита ўзи аниқлаши ҳамда айбини бўйнига олиш ҳақидаги арз ҳам жиноят ишини қўзғатиш учун асос бўлади.

Шуниси эътиборга моликки, жиноятга оид ҳар қандай ариза, хабар ёки бошқа маълумотлар Жиноят-процессуал кодексининг 329-моддасида кўрсатилган тартибда кўриб чиқилади. Бунинг учун мазкур нормадаги муддатларга риоя қилишга тўғри келади.

Суриштирув ёки тергов органлари фаолияти билан боғлиқ амалиётда тўпланган тажриба эса ЖПКнинг 329-моддасини янги мазмун билан тўлдиришни тақозо этди. Бундан буён ЖПКнинг 329-моддаси биринчи қисмида белгиланган муддатларга биноан, жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотлар тегишли суриштирув ёки тергов органлари томонидан рўйхатга олинади, дар­ҳол ёки 10 кунлик муддатда ҳал этилади.  ЖПКнинг 329-моддасига қонун билан киритилган муҳим янгилик янги норманинг учинчи қисми билан амалиётга жорий этилиши назарда тутилган тартиб-таомил ҳисобланади.

Эндиликда терговга қадар текширув муддати кўп вақт талаб қиладиган экспертиза, хизмат текшируви, ҳужжатли тафтиш ёки бошқа текширув тайинланган ҳамда олис жойларда бўлган ёки чақирувга биноан ҳозир бўлишдан бош тортаётган шахслардан тушунтиришлар олиш зарурати туғилса,  суриштирувчи ёки терговчининг асослантирилган қарорига кўра, прокурор томонидан бир ойгача узайтирилиши мумкин.

Дарҳақиқат, Бош прокуратура томонидан мазкур масала юзасидан амалга оширилган таҳлилий маълумотда 2008 йил давомида прокуратура ва ички ишлар органлари томонидан кўриб чиқилган 115 мингта жиноятга оид аризалар, хабарлар ёки бошқа маълумотлардан 5,4 мингтаси (4,8 фоиз) қонун билан белгиланган ўн кунлик муддатни бузган ҳолда ҳал қилинган. Бунга кечиктириб бўлмайдиган катта ҳажм­даги терговолди ҳаракатлари (масалан, ҳодиса жойини кўздан кечириш, узоқ ҳудудларда яшайдиган шахслардан тушунтириш олиш, комплекс ва комиссион экспертизалар, ҳужжатли тафтиш ўтказиш) сабаб бўлган.

Таъкидлаш жоизки, терговолди текширув муддатининг қисқалиги ҳамда муддатни узайтиришнинг қонуний механизми йўқлиги жиноятга оид ариза ва хабарлар бўйича асоссиз ва барвақт қарорлар қабул қилинишига олиб келган. Амалиётдаги мавжуд қонунбузарликларнинг олдини олишда ЖПК 329-моддасига киритилган янги таҳрир масаланинг ечимини топишдаги энг оптимал ва мақбул йўл эканини алоҳида қайд этиш ўринлидир.

Мазкур Қонунни қабул қилишда айрим хорижий давлатларнинг жиноят процессига тааллуқли қонунларни ўрганишга тўғри келди. Улардаги  жиноятга оид хабарларни кўриб чиқиш муддати айрим ҳолларда прокурор томонидан бир ой муддатгача узайтирилиши мумкинлиги мазкур нормани қиёсий баҳолашга хизмат қилди.  Эндиликда жиноятга оид аризалар, хабарлар ёки маълумотларни кўриб чиқишнинг уч кунлик муддатидан воз кечилади.  Мазкур масала дар­ҳол, ўн кунлик муддатда ёки алоҳида ҳолларда прокурор томонидан бир ойгача узайтирилади.

Хуллас, янги  Қонуннинг кучга кириши суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишдаги яна бир муҳим масаланинг ечимини топишга асос яратди. Табиийки, у  инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни тўла кафолатлайди, жиноят процессида қонунийлик принципига тўлиқ риоя этилишига мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2010 йил 7 январь, №4 (4919))

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati