O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 йил 6 ноябрь
Маҳаллий Кенгашларда


Баркамол авлодни тарбиялаш келажак эгаларига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг пировард мақсадидир

Маълумки, ёшларнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишларида таълим-тарбия ишларини ташкил этишнинг аҳамияти катта. Мамлакатимизда амалга оширилаётган “Баркамол авлод йили” Давлат дастурида бу борада тегишли чора-тадбирлар белгилангани йигит-қизларимизнинг билим ва кўникмаларини, уларнинг ҳаётга мустақил муносабатини шакллантириш ва мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қўқон шаҳрида ҳам мазкур ҳужжат талабларидан келиб чиқиб, ҳудудий дастур ишлаб чиқилган бўлиб, уни амалга ошириш мақсадларига турли манбалар ҳисобидан 19 миллиард 770 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфлаш кўзда тутилган. Шуниси эътиборга лойиқки, мазкур эзгу амалларни бажариш Президентимизнинг “Қўқон шаҳрининг архитектура қиёфаси ва шаҳар инфратузилмасини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “2010 — 2012 йилларда Қўқон шаҳрининг саноат салоҳиятини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорлари ижроси билан уйғунлашиб кетди.
Мазкур қарорлар ва дастур шаҳар тараққиёти ва эртанги кунини белгилаб бериш, келажак авлоднинг фаровон ҳаёт кечириши, уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай камолга етишларига хизмат қилиши, шубҳасиздир.
Маълумки, “Баркамол авлод йили” ҳудудий дастури доирасида болалар ва ёшларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга, “Соғ лом она — соғлом бола” дастурини изчил амалга оширишга, ёш мутахассис-кадрларни тайёрлашга, таълим жараёнида янги ахборот-коммуникация ва педагогик технологиялар, элек трон дарсликлар, мультимедиа воситаларини кенг қўллашга, мактаблар, лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртида ўқитиш сифатини тубдан яхшилашга катта эътибор берилаётир.
Шу билан бирга, Қўқонда ёш авлод вакилларининг таълимдан таш қари бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг турли жиноий йўлларга кириб кетишларининг олдини олиш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари саъй-ҳаракатларини янада кучайтириш ва мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Чунончи, дастурнинг ижросини таъминлаш учун халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгаши депутатлари, маҳалла фаоллари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида 5 та ишчи гуруҳи тузилди. Шаҳар Кенгаши ўз сессияларида “Баркамол авлод йили” Давлат дастурининг Қўқонда ижро этилиши бўйича тегишли мутасаддилар ҳисоботларини эшитиб, мавжуд камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш ва ҳал қилиш юзасидан таклифлар киритиб келмоқда.
Дастур ижросини янада кучайтириш бўйича киритилган таклифларда, айниқса, ёшларнинг сифатли таълим олишини таъминлашга эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ғоялари ҳамда талаблари асосида йигит-қизларимизнинг пухта билим олишлари, касб-ҳунарли бўлишлари диққат марказимизда турибди. Шу маънода, мавжуд дастурлар ҳамда тадбирларга асосан, эскирган мактаб ва мактабгача таълим муассасалари мукаммал ҳамда жорий таъмирдан чиқарилмоқда. Уларда ёшларнинг замонавий фан ва билимларни ўзлаштиришлари учун барча шарт-шароит яратилаяпти.
Умуман, Қўқон шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфида 40 дан зиёд умумтаълим мактаби бўлиб, уларда 2 минг 100 нафардан ортиқ юқори малакали ўқитувчилар ёшларга таълим-тарбия беришаяпти. Шаҳар Кенгаши доимий комиссияси илм масканларида “Устоз — шогирд” анъанасини янада кенг қарор топтириш, ўқитувчи-мураббийлар билим ва малакаларини замон талаблари асосида узлуксиз ошириб бориш бўйича бажарилаётган ишларни ҳам мунтазам назорат қилиб бормоқда.
Яқинда бўлиб ўтган Фарғона вилояти фаоллари йиғилишида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш ўринлари билан қамраб олиш бўйича ишлар кўламини янада кенгайтириш борасидаги вазифалар ҳам белгилаб олинди. Ана шу йўналишда ташкиллаштирилаётган “Меҳнат ярмаркалари”да шаҳар саноат корхоналари ва ташкилотлари томонидан тақдим этилаётган бўш иш ўринларига минглаб ёш мутахассислар қабул қилиндилар. Энг муҳими, ғоятда долзарб бўлган мазкур масала шаҳар Кенгаши ва доимий комиссияларининг мунтазам назоратида.
Хабарингиз бор, Юртбошимиз 2009 йил 16 октябрда Фарғона вилоятига сафари чоғида Қўқон шаҳри фуқаролари ва ёшлар вакиллари билан дилдан суҳбатлашганди. Ўшанда шаҳарнинг меъморий қиёфасини янгилаш ва ёшлар учун марказ бунёд этиш борасида таклиф билдирганди. Бугун, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Қўқон том маънода ўзгаришларга юз тутди. Айни пайтда шаҳар ҳокимлиги, халқ депутатлари шаҳар Кенгаши саъй-ҳаракати кўҳна ва нав қирон Ҳўқандни сўлим ва оромбахш гўшага айлантириш, янги ва кўркам бинолар, кенг ва равон йўллар, хушманзара боғ ҳамда хиёбонлар барпо этиш, модернизация қилинган корхона, ташкилотларда очилган янги иш ўринларига минглаб ёш мутахассисларни жалб этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга қаратилган. Чунончи, “Ёшлар маркази” барпо қилиш, ёшларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари ва спорт маҳоратларини оширишлари учун Ўрдаолди майдонини кенгайтириш кўзда тутилаётир. Бу ерда “Боулинг”, 3 та теннис корти, шахмат-шашка клуби, 2 та кафе ва 2 та замонавий фаввора бунёд этилади.
Буларнинг барчаси, пировардида шаҳримиз ёшларининг бўш вақтларини мазмунли ташкиллаштириш, уларнинг эл-юрт корига ярайдиган ишлар билан банд бўлишини таъминлашга хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, яқинда кучга кирган “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг асосий талабларидан бири ҳамдир.
Шуҳрат СОБИРОВ,
Қўқон шаҳар ҳокими,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси.

Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati