OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 6 май
Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси олдидан » Ташаббус, фаоллик ва изланиш ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди

Маълумки, Президентимизнинг Сенатнинг биринчи мажлисида сўзлаган нутқи ҳамда Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги маърузаси чуқур таҳлил, мулоҳаза ва таклифларга бойлиги билан ижтимоий ҳаётимизда катта воқеа бўлди. Жумладан, парламент фаолияти бўйича бир қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилдики, бу депутат ва сенаторларнинг навбатдаги иш режасини белгилаб олишларида қўл келмоқда.

Дарҳақиқат, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда мамлакат парламентининг муайян ҳиссаси бор. Буни парламентнинг олдинги чақириқдаги фаолияти даврида 250 дан ортиқ қонун қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилганлиги тасдиқлаб турибди. Ҳозирда ушбу қонунлар Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурида белгиланган вазифаларни бажаришда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Қисқаси, ушбу ҳужжатлар асосида барқарор иқтисодий ўсиш суръати ва аҳоли реал ­даромадларининг ошиши таъминлаб келинаяпти.

Бундай ютуқларга қарамасдан, Олий Мажлис, шу жумладан, Сенат фаолиятида айрим камчиликлар ҳам йўқ эмас. Бундан ташқари, сенаторларнинг сайловчилар ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, уларнинг доимий комиссия­лари билан ҳамкорликда олиб бораётган фаолияти ҳам қониқарли эмас. Зеро, сенатор ва маҳаллий Кенгашларнинг ўзаро ҳамкорлиги орқали қонунларнинг жойларда қандай ишлаётганлиги, яна қандай қонунларга эҳтиёж борлигини аниқлаш мумкин бўлади.

Айтиш керакки, давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган танқидий фикр­лар ҳамда олдимизга қўйилган вазифалар Сенат ва сенаторлардан ташаббускорликни, изланишни, қонунлар ижросини назорат қилишни ҳамда минтақаларни ривожлантириш масалаларини умумдавлат манфаатлари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ҳал этишда қўл келадиган чоралар кўришни талаб қилмоқда. Фаолиятимизни ана шу талаб асосида ташкил этмоқдамиз.

Хусусан, яқинда Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг 2010 йилга ҳамда кейинги йилларга мўлжалланган қонунчилик ва назорат фаолияти, шу даврда амалга оширадиган тадбирлари режаси ишлаб чиқилди. Унга биноан, аввало, ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш каби вазифаларни рўёбга чиқариш кўзда ­тутилмоқда.

Бундан ташқари, фуқаролик жамияти институтлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамият ва давлат қурилиши тизимидаги ҳуқуқлари ва ваколатларини кенгайтириш, оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва ролини оширишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш муҳим вазифа бўлиб қолаверади. Айни чоғда Юртбошимизнинг маърузаларидан келиб чиқадиган қоидаларни рўёбга чиқариш ва уларни бажариш мақсадида 2010 ва кейинги йилларга мўлжалланган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Олий Мажлис Сенатининг Ҳаракат дастури ишлаб чиқилди.

Ҳозирда ана шу дастур асосида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорликда қонунларнинг марказда ва минтақаларда ижро этилиши устидан парламент, депутатлик назоратини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Айни чоғда парламент назоратининг парламент сўрови, парламент эшитуви ва парламент назоратининг қонунда назарда тутилган бошқа шаклларидан унумли фойдаланиш режалаштирилаётир. Шунингдек, минтақада ва бутун дунёда мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, халқаро муносабатларнинг ҳуқуқий базасини шакллантириш, парламентлараро алоқаларни кучайтириш устида изланиш олиб борилмоқда. 

Қисқаси, Сенат аъзолари ўз фаолиятларини жонлантиришда Президентимиз томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқмоқда. Албатта, бундай изланишлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада ­мустаҳкамлаш ва пировардида юртимиз тараққиётини, халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

С. ОРТИҚОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

© 2005-2010 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati