OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 6 март
Мушоҳада: Маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш фаолиятимизнинг асосий мезони бўлмоғи лозим

Маълумки, давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида Конституциямизда белгилаб қўйилган давлат ҳокимияти тизими — ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига риоя қилган ҳолда, парламентнинг амалий ролини кучайтириш масалалари эътиборимиз марказида туриши кераклигини алоҳида таъкидлади. Хусусан, қонун чиқарувчи ҳокимият ролини кучайтириш, депутатлик корпуси фаолиятини танқидий баҳолаш, халқ вакилларининг масъулиятини янада ошириш лозимлиги уқтириб ўтилди.

Юртбошимизнинг ушбу маърузаси ҳокимият вакиллик органларининг ҳар бир аъзоси фаолияти учун дастуриламал бўлиб, унда белгилаб берилган вазифаларнинг изчил рўёбга чиқарилиши мамлакатимизда кечаётган ўзгаришлар жараёнларини янада чуқурлаштириб, ислоҳотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. 

Дарҳақиқат, ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда икки палатали парламент тизими бўйича катта тажриба тўпланди. Хусусан, мамлакатимизда сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларини изчил ислоҳ этиш ва либераллаштириш, жамиятимизни янгилаш ва модернизация қилиш жадал суръатлар билан бораётган бир даврда фаолият юритган ҳар иккала палата томонидан 250 дан зиёд қонун қабул қилинди, яна кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси парламент назоратига олинди. Президентимизнинг қўшма мажлисдаги маърузасида таъкидланганидек, Сенат аъзолари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг олий қонун чиқарувчи органдаги ваколатли вакиллари сифатида қонунларни  муҳокама этиш ва қарорлар қабул қилишда, аввало, ушбу ҳуқуқий мажмуаларни умумдавлат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, ўзлари вакили бўлган ҳудуд ва минтақалар манфаатлари нуқтаи назаридан кўриб чиқиш тажрибаси шаклланди. Айни пайтда юқори палата ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларни изчил рўёбга чиқаришда умумдавлат ва ҳудудлар манфаатлари уйғунлигини таъминлаш, Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан изчил фаолият олиб бормоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Сенатининг олдинги чақириқ бешинчи ялпи мажлисида юқори палата фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаб берган эди. Чунончи, унда Сенат — бу вакиллик органи ва унинг кўпчилик қисми халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари сифатида мамлакатимиз парламентида маҳаллий Кенгашларнинг ваколатли вакиллари ҳисобланиши, айни пайтда жойлардаги вакиллик органлари фаолиятини тубдан яхшилашда юқори палата муҳим аҳамият касб этиши таъкидланган эди. Шу боисдан ўтган давр мобайнида ушбу масалага алоҳида урғу берилиб, барча даражадаги ҳокимият вакиллик органлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш механизмларини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чоралар кўрилди. Хусусан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятининг меъёрий-ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайловчилар билан алоқасини янада мус­таҳкамлаш бўйича тегишли ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, жойларга етказиб берилди. Шунингдек, Олий Мажлис палаталари қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорлиги, уларнинг минтақавий ривожланиш муаммоларини ҳал этишдаги фаолиятини мувофиқлаштиришни таъминлаш масалалари бўйича гуруҳи шакллантирилди. Ушбу гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, туман ва шаҳарлар Кенгашлари фаолияти мунтазам мониторинг қилиб борилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ривожлантиришдаги ўрни унча билинавермас, депутатлар фаолиятида фидойилик, жонбозлик етишмас эди. Масалан, маҳаллий Кенгаш йиғилишларида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар муҳокама қилинмас, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш бўйича депутатлар томонидан ташаббуслар илгари сурилмасди. Буни жойлардан Сенатга бўлаётган кўплаб мурожаатлар ҳам тасдиқларди. Аслида, ушбу масалаларни маҳаллий Кенгашлар, уларнинг доимий комиссиялари, депутатлар ваколати доирасида ҳал этиш мумкин эди. Айни пайтда мамлакатимиз қонунлари, Президентимиз фармон ва қарорлари, ҳукуматимизнинг тегишли ҳужжатлари моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтириш бўйича депутатлар иш услубини тубдан яхшилаш талаб этиларди. Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолиятини изчил такомиллаштиришга қаратилган қарор қабул қилинди. Бу борада сенаторлар томонидан 213 та маҳаллий Кенгашга (Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда 199 та туман ва шаҳар Кенгашларига) амалий ёрдам кўрсатилди. Бунда, айниқса, ҳудудларда ўтказилган турли семинар, конференция ва давра суҳбатларининг аҳамияти беқиёс бўлди. Чунки фикр алмашиш тарзида ўтказилган мазкур тадбирлар депутатларнинг бир қатор жиддий масалаларни кўтариб чиқишига туртки берди. Жумладан, депутатлик сўрови, уларни амалда қўллаш, ижросини назорат қилиш, депутатларнинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаё­тида тутган ўрни, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ислоҳотларни янада чуқурлаштиришдаги иштироки, Конс­титуция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва ваколатларни ҳаётга татбиқ этиш каби масалалар ушбу тадбирларнинг бош мавзуси бўлди.

Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ва ижро этувчи ҳокимият органлари билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш бўйича олиб борилган мазкур тадбирлар ижобий самара берди. Буни, жумладан, депутатларнинг мамлакатимизнинг мақсадли дастурлари, жумладан, Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастури ижросидаги фаол иштироки мисолида ҳам кўриш мумкин. Шундай бўлса-да, айрим Кенгашлар фаолиятида ҳали ҳам ўзибўларчилик, расмиятчилик сақланиб қолаётир, баъзи депутатлар ўз ишига масъулиятсизлик билан қараётгани ҳам аччиқ ҳақиқатдир. Шу боис Сенат маҳаллий Кенгашлар билан ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда мазкур камчиликларни изчил бартараф этиб бориш чораларини кўраётир.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари аъзолари сайловчилар томонидан билдирилган ишончни оқлашлари, ҳудудларнинг ҳар томонлама ривожланишида фаол, жонкуяр бўлиши бугунги куннинг энг долзарб талабидир. Айниқса, Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган ҳамда Олий Мажлис палаталари томонидан қабул қилинган 2010 йилда иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларининг самарали ижро этилишида улар зиммасига катта масъулият юклатилган. Бунда, табиийки, Президентимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида билдирилган танқид ва таҳлилдан тегишли хулоса чиқариш, бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришимиз зарур. Чунончи, маҳаллий Кенгашлар жойларда ислоҳотларнинг ижтимоий самарасини оширишга халақит бераётган жиддий камчилик ва нуқсонларни аниқлаши, уларни очиқ, ошкора ва амалий руҳда муҳокама қилиши, ўз хизмат мажбуриятларини уддалай олмаётган раҳбарларни асосли танқид этиши, янгиланишларнинг самарадорлигини ошириш бўйича аниқ режаларни ишлаб чиқиши  ва шу асосда қатъий фаолият юритиши керак.

Шуларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати жойлардаги ижро ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда маҳаллий Кенгашлар депутатлари учун семинар-тренинглар ўтказмоқда. Уларда Президентимизнинг парламент палаталари қўшма мажлисидаги маърузасини чуқурроқ ўрганиш, депутатларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, уларнинг қонунлар ижросини таъминлашдаги ваколатлари, жамоатчилик назоратини таъминлашда депутатнинг иштироки каби масалалар муҳокама этилаётир.

Хулоса қилиб айтганда, Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, айни вақтда ҳар бир сенаторнинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишдаги масъулияти ва фаоллигини янада ошириб боради. Зеро, бу саъй-ҳаракатларнинг пировард натижаси юртимизнинг барқарор тараққий этиши, халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилгандир.

Мавжуда РАЖАБОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари.

УзА
Халқ сўзи газетаси, 2010 йил 6 март

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati