O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 йил 5 август
ЕР — ХАЛҚИМИЗ ҲАЁТИ ВА ФАРОВОНЛИГИНИНГ АСОСИ »

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ­Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси билан халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг қўшма мажлисида Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг ерлардан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланишга доир қисмининг ижро этилишини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.

Қўшма мажлисда ерлардан оқилона, самарали ва мақсадли фойдаланилишини таъминлашда, фермер хўжаликларига, қишлоқ хўжалиги корхоналарига, муассасалар ва ташкилотларга ер участкаларини беришда, ер участкаларини бериш тартиби ва шартларига амал қилишда, тупроқнинг сифати ва унумдорлигини оширишда Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг нормаларига риоя этиш масалалари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг унумдорлигини ошириш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда ер ресурсларини муҳофаза қилиш тадбирларини рўёбга чиқаришда давлат томонидан ёрдам бериш чоралари муҳокама қилинди.

Қайд этиб ўтилганидек, мамлакатимизда ғоят муҳим табиий ресурс, ҳар бир фуқаро ҳаёти ва фаолиятининг асоси бўлмиш ер фондини сақлаш, тупроқнинг сифатини яхшилаш ҳамда унумдорлигини ошириш масалаларига катта аҳамият берилмоқда. Зарур қонунчилик базаси яратилган бўлиб, у ер муносабатлари ҳуқуқий тартибга солинишини, ер ресурсларидан оқилона фойдаланилиши ва уларнинг муҳофаза қилинишини таъминламоқда.

Ушбу масалани муҳокама қилиш асносида тадбир қатнашчилари Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 43-моддасига мувофиқ, Фарғона вилоятида шу йил 1 январь ҳолатига кўра, қишлоқ хўжалиги ерлари таркибига 567616 гектар ер ажратилганлигини, шуларнинг 248681 гектарини қишлоқ хўжалиги учун яроқли бўлган суғориладиган ерлар ташкил қилишини қайд этдилар. Вилоятнинг суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларида тупроқ унумдорлигининг бонитети ўрта ҳисобда 56 баллни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 46-моддасига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларига мўлжалланган ерлар фермер хўжаликларига берилган. 2008 — 2009 йилларда фермер хўжаликлари оптималлаштирилганлиги натижасида вилоятнинг пахта ва ғалла экинлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларига қарашли ер майдони ўртача 71,7 гектарни ташкил этмоқда. Ҳозир вилоятда 10131 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда.

Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича 2008 — 2012 йилларга мўлжалланган Давлат дастурини амалга ошириш мақсадида вилоятда тупроқ унумдорлигини ошириш, унинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича ҳудудий дас­тур ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. Ҳамма жойда ер ресурсларидан мақсадли, оқилона фойдаланилиши ҳамда уларнинг муҳофаза қилиниши ­устидан давлат назорати таъминланмоқда.

Шу билан бирга, қўшма мажлисда сенаторлар Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг ерлардан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланишга доир қисмининг ижро этилишидаги мавжуд айрим камчиликларга эътиборни қарат­дилар.

Қўшма мажлисда сўзга чиққанлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари, вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси, шунингдек, бошқа манфаатдор ташкилотлар, фермер хўжаликлари ва корхоналар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг Фарғона вилоятида Ўзбе­кистон Республикаси Ер кодексининг ерлардан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланишга доир қисми талабларига оғишмай риоя этилишини таъминлаш борасидаги ишини янада такомиллаштириш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, улар ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ер ресурсларидан мақсадли, оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан қаттиқ давлат назоратини таъминлаш бўйича бир қатор таклифларни билдирдилар. Масалани муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли қўшма қарор қабул қилинди.

Қўшма мажлисда сенаторлар, халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг депутатлари, халқ депутатлари туман Кенгашлари доимий комиссияларининг раислари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки,  Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт, Қишлоқ ва сув хўжалиги, Адлия вазирликларининг, Ўзбекистон Республикаси “Ергеодезкадастр”, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмиталарининг тегишли вилоят бошқармалари ва ташкилотларининг, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашдилар.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati