OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 5 март
8-март - Халқаро хотин-қизлар куни. Дилларда янграган туйғу

Аёл — борлиқ кўзгуси. Унинг гўзаллиги оламни чароғон этади, чунки унинг нияти пок, ўзи пок. Шу боис  уни авайлаб-асраган юртнинг келажагини порлоқ деб нақл қилишади. Шу маънода, буни Ўзбекистонимизга ва унинг бири-биридан латофатли, оқила  ўзбек аёлларига нисбат қилсак, хато бўлмайди.

Бу бежиз эмас. Истиқлол туфайли меҳнатда бахти очилган аёллар жуда кўп. Уларнинг орасида қанчадан-қанча ҳунарманд онахонлар, чевар опалар, фермер аёллар, турли-туман касб соҳибалари бор. Давлатимизнинг юксак унвонларию нишонларига сазовор бўлган фидойи ва меҳнаткаш, элим деб, юртим деб ёниб яшаётган аёлларимизнинг саноғига етиб бўлмайди. Баъзан ана шундай  қалб соҳибалари даврасида ўзимни қўярга жой тополмайман. Уларга таъзим қилгим, раҳмат айт­гим келаверади. Тўғриси, мен ҳам Истиқлол шарофати ва Юртбошимизнинг  кўрсатган эътибори, эъзозидан саодатга мушарраф бўлган аёллардан бириман.­

Эсимда, бундан ўн йил муқаддам Каттақўрғонда  оддий ўқитувчи эдим. Кейинчалик маҳалладошларимнинг ишончли вакиласи сифатида уларнинг тилак ҳамда истакларини масъул идораларга етказиш  ва уларни ҳал этишга ёрдамлашиш бахтига муяссар бўлдим. Йиллар ҳаётимни, қарашларимни ўзгартирди, интилишу мақсадларим моҳияти халқ фаровонлиги, Ватан тараққиётида эканлигини янада теранроқ тушуниб етдим. Олий Мажлис ­Сенатининг аъзоси бўлдим. Тошкент­га келиб, Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг доимий асосда ишловчи сенатори сифатида мамлакатимиз тақдирида муҳим аҳамият касб этадиган қонун ҳужжатлари қабул қилинишида иштирок этиш бахтига эришдим.

Ўтган беш йиллик фаолиятимизда Сенат томонидан 250 дан ортиқ Қонун кўриб чиқилди. Уларнинг ҳар бири атрофидаги тортишувлар, баҳс-мунозаралар жараёни шу қадар жўшқин кечдики, ундаги умумдавлат ва минтақалар манфаатлари уйғунлигини мувофиқлаштириш, муштарак жиҳатларини шакллантиришда муайян тажриба тўплашга муваффақ бўлдик.

Дарҳақиқат, бугун ўзбек аёллари давлатимиз ва жамиятимизнинг юксак ғамхўрлиги, ардоғи, эътиборида. Хусусан, Президентимизнинг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони доирасида амалга оширилаётган ишлар аёлларнинг манфаатларини  ҳимоя қилиш, оилада ва жамиятда уларнинг мавқеини янада баланд поғонага кўтаришда катта имконият яратди. Чунончи,  “Соғлом она — соғлом бола” ғоясини ўзида мужассам этган дастурлар асосида соғ­лиқни сақлаш тизимида жиддий янгиланишлар юз берди: замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган диагностика, скрининг ва перинатал марказлари, янги туғуруқхоналар қурилди. Оналик ва болалик муҳофазаси устувор йўналишга айланди.­

Бу юксак эътиборнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, етук билим, тегишли малакага эга бўлган оқила ва доно аёлларимизга ҳаётнинг барча жабҳасида ўзларига муносиб ўрин эгаллашлари учун кенг йўл очилди. Шахсан Президентимиз ташаббуси билан сайлов тўғрисидаги мавжуд қонунларимизга Олий Мажлис ва маҳаллий вакиллик органларига номзод кўрсатишда ҳар қайси сиёсий партия томонидан хотин-қизлар учун камида 30 фоиз ўрин ажратиш шарти белгилаб қўйилганлиги аёлларнинг халқимиз ишончли вакиллари сифатида фаолият юритишларига қатъий асос бўлди.

Айтиш жоизки, ана шундай  беқиёс қўллаб-қувватлаш натижасида бугунги кунда кучли фуқаролик жамиятини барпо этишда хотин-қизларимизнинг қўшган ҳиссаси сезиларли даражада орт­ди. Масалан, 2009 йил охирида бўлиб ўтган сайловлар аёлларимизнинг сиёсий маданияти ўсганлигини, сиёсий тафаккури чуқурлашганини кўрсатди.­

Айни пайтда янги таркибдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 33 нафарини, Сенат аъзоларининг 15 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Бу рақамлар шунчаки кўрсаткич эмас, юртимизда аёлларнинг шону шавкатини, бугунги қадр-қимматини билдирувчи воқеликнинг ёрқин исботидир.

Мухтасар айтганда, бугун ўзбек аёлининг қалбида янграган туйғуга қулоқ тутсангиз, унда беадад ризолик, шукроналарни эшитасиз. Унинг шодонлигидан хабардор бўласиз. У билан бирга қувонасиз, бахтли дамлари учун Истиқлолга, унинг меъморига таъзим бажо ­келтирасиз.

Ҳамротош ШОДИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

УзА
Халқ сўзи газетаси, 2010 йил 5 март

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati