OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 5 март
МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАР ДЕПУТАТЛАРИ УЧУН ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг 2010 йил 26 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисида сўзлаган нутқида ҳамда 2010 йил 27 январда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида қайд этилган асосий вазифаларни амалга ошириш, шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига амалий, услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида Сенат ташаббуси билан жорий йилнинг 27 февралидан 15 мартига қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида маҳаллий Кенгашлар депутатлари учун семинар-тренинглар ўтказилмоқда. Мазкур тадбирларда сенаторлар бевосита иштирок этмоқдалар. Жумладан, яқинда Бухоро шаҳрида ташкил этилган семинар-тренингда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг айнан мана шу йўналишдаги билим ва кўникмалари янада бойитилди. Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари М.Ражабова, Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси И.Насриев, Сенат аъзоси, вилоят ҳокими С.Ҳусенов Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларни рўёбга чиқаришда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ҳал этишлари зарур бўлган энг муҳим вазифалар ҳақида фикр юритишди.

Ушбу семинар-тренингларни ўтказиш учун Сенат томонидан жойларга намунавий дастур юборилган. Мазкур дастур долзарб ҳудудий масалаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Унда давлатимиз раҳбарининг Сенатнинг биринчи мажлиси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузаларидан келиб чиқадиган вазифалар моҳияти, давлат ва ҳудудий дастурлар, жумладан, Инқирозга қарши чораларнинг 2009-2012 йилларга мўлжалланган ҳамда
2010 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини бажаришда жамоатчилик назоратини амалга оширишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссиялари ва депутатларининг вазифалари, уларнинг мамлакатимиз Конституцияси, “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва ваколатларини изчил руёбга чиқариш, хусусан, ижро этувчи ҳокимият бўлимлари, бошқармалари, бошқа тузилмалар, корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарларининг ҳисоботини тинглаш, депутатлик сўровини юбориш ва уларни назорат қилиш тартиб-таомиллари, парламент билан маҳаллий вакиллик органларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, “Баркамол авлод йили” Давлат дастурини амалга оширишда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг масъуллиги каби масалалар қамраб олинган.

Олий Мажлис Сенатининг Матбуот хизмати

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati