OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 4 май
Банк тизими ва мамлакатнинг олий молиявий назорат органи фаолиятининг якунлари кўриб чиқилди

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлиси ўтказилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2009 йилдаги фаолияти якунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2009 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Ҳисоб палатаси 2009 йилда ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 13 февраль куни бўлиб ўтган 2008 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2009 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида белгилаб берилган мамлакатни 2009 йилда барқарор иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига мувофиқ амалга оширганлиги кўрсатиб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф. Муллажоновнинг ҳисоботида Марказий банк­нинг 2009 йилдаги фаолияти “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонун талаблари бажарилишини таъминлашга ҳамда банк секторини янада ривожлантиришга қаратилганлиги кўрсатиб ўтилди. Қатъий пул-кредит сиёсати олиб борилганлиги мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда инфляция даражасини мақсад параметрлари доирасида сақлаб туриш имконини берди. 2009 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 7,4 фоизни ташкил қилди.

Тижорат банкларининг умумий капитали 2008 йилдагига нисбатан 1,4 баробар ўсди, хусусан, етакчи банкларнинг устав капиталлари давлат маблағлари ҳисобидан қўшимча равишда 500 миллиард сўмдан кўпроққа оширилди.

Банкларнинг барқарор ресурс базасини шакллантиришга қаратилган ишлар банклардаги депозитлар ҳажми 2008 йилдагига нисбатан 1,5 баробар, аҳоли омонатлари 1,7 баробар кўпайишига олиб келди ва бу ҳол мамлакатимиз банк тизимига бўлган ишонч янада ўсиб бораётганлигидан далолат беради.

2009 йилда тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган кредит ресурсларининг умумий ҳажми 2008 йилдагига нисбатан 1,5 баробар ўсди, микрокредитлар ҳажми эса 1,6 баробар кўпайди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни тинглаш якунлари бўйича Олий Мажлис Сенати қабул қилган қарорларни амалга ошириш мақсадида олдинги йилларда банк-молия тизимининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш чоралари кўрилди.

Мажлисда ҳисоботни муҳокама қилиш асносида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг кредит ахборотини алмашишни ҳуқуқий таъминлаш соҳасидаги ишни янада такомиллаштириш, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта қуроллантириш, иқтисодий жиҳатдан ночор корхоналарни молиявий соғломлаштиришга ва уларнинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган узоқ муддатли банк инвестициялари ва кредитлари ҳажмини ўстириш, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари К. Акмаловнинг Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2009 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботида кўрсатиб ўтилганидек, ҳисобот йилида Ҳисоб палатаси томонидан ­турли вазирлик ва идораларда 14 та асосий йўналиш бўйича 47 та назорат тадбири ўтказилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилги Давлат бюджетини ижро этиш тўғрисидаги ҳисобот ташқи аудитдан ўтказилди ва баҳоланди, Ўзбекис­тон Республикасининг 2010 йилги Давлат бюджети ­лойиҳаси ­экспертиза қилинди.

Ҳисоб палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши устидан қаттиқ назорат ўрнатилди. Мамлакатнинг йирик саноат корхоналарида жаҳон молиявий- иқтисодий инқирози оқибатларини камайтириш ва юмшатиш юзасидан кўрилаётган чораларнинг самарадорлиги ўрганилди, шунингдек, тижорат банклари давлат томонидан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланишининг аҳволи текширилди.

Шунингдек, текширишлар асносида аниқланган, жиноят аломатларига эга бўлган ҳолатлар бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жиноят ишларини қўзғатганлиги, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилганлиги ҳам қайд этилди. Текширилган идоралар ва ташкилотлар Ҳисоб палатасининг кўрсатмалари асосида аниқланган барча камчиликларни бартараф этиш тадбирларини ишлаб чиқди.

Ҳисоботни муҳокама қилиш асносида сенаторлар Ҳисоб палатаси амалга ошираётган назорат тадбирларини кучайтириш ва самарадорлигини оширишга қаратилган ўз таклиф ва тавсияларини баён этдилар.

Ҳисоботларни кўриб чиқиш натижалари бўйича Қўмита тегишли қарорлар қабул қилди.

Мажлис ишида сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг аъзолари, тижорат банклари ­бошқарувининг раислари, Ҳисоб палатасининг масъул ходимлари, манфаатдор вазирликлар, идоралар, ҳокимликларнинг вакиллари, тегишли корхоналар, ташкилотлар ҳамда муассасаларнинг раҳбарлари, экспертлар ва таҳлилчилар, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашдилар.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

© 2005-2010 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati