OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 4 май
Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси олдидан » Суд экспертизаси ва қонунчилик

Маълумки, жиноят ишларини холис ва тезкорлик билан очишда ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судлар фаолиятини кучайтиришда фан ва техника имкониятлари асосида йўлга қўйилган суд-экспертизанинг ­аҳамияти жуда катта. Шу боис мамлакатимизда бу соҳанинг ҳуқуқий асоси тобора такомиллаштириб борилмоқда.

Айтиш лозимки, ҳозирда мамлакатимизда суд-экспертизаси фао­лиятининг асосларини белгиловчи ягона меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат йўқ. Шу боис бу соҳадаги жараёнлар идоравий норматив ҳужжатлар ва суд жараёнига оид процессуал  қонунлар асосида тартибга солиб келинмоқда.  Қолаверса, уларда фақат суд экспертизасини ўтказиш ва белгилаш масалаларигина қамраб олинган. Жумладан, бу Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларида қисман белгиланган. Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда экспертизалар фақат иккита моддада эслатиб ўтилган, холос.

Шундай қилиб, бу борадаги бўшлиқни тўлдириш мақсадида ­Адлия вазирлиги ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик ­палатаси томонидан “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Ўзбекистон ­Республикаси Қонуни қабул қилинди. У Олий Мажлис Сенатининг ­иккинчи ялпи мажлисида муҳокама этилади.

Қонуннинг афзаллиги шундаки, ушбу ҳужжат демократик тамойилларга асосланган бўлиб, суд  экспертизаси суд процессидан алоҳида ажратиб кўрсатилмоқда. Унда амалий жиҳатдан долзарб бўлган суд-экспертлик фаолияти тушунчаси ва унинг принциплари билан боғлиқ бўлган амалий масалалар ҳал қилиниб, суд-экспертлик фаолиятининг ҳуқуқий асоси тартибга солинмоқда. Айни чоғда суд-экспертлик фаолиятининг асосий принциплари, хусусан, суд эксперти мустақиллиги, эксперт текширишининг объекти, суд экспертига қўйиладиган талаблар кўрсатилиб, давлат суд-экспертлик муассасаси тушунчаси жорий этилмоқда. Шу билан бирга, давлат суд-экспертиза муассасаси ёки бошқа ташкилот раҳбари ва суд экспертининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилаётир. 

Бундан ташқари, унда суд экспертизасини ўтказиш асослари, қўшимча ва қайта суд экспертизаларини ўтказиш каби масалаларга ўрин берилиб, суд экспертизаси ўтказилаётганда жараён иштирокчиларининг қатнашиши, суд экспертининг хулосаси ва хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги меъёрлар белгиланмоқда.

Шунингдек, соҳадаги халқаро ҳамкорлик, давлат суд экспертлари меҳнатига ҳақ тўлаш, уларнинг ижтимоий муҳофазаси, суд экспертизаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик, қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш ва унинг кучга кириши масалалари тартибга солинмоқда.

Қисқаси, “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистонда суд-экспертиза соҳасини изчил ривожлантириш имконини беради. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқишда хорижий давлатларнинг бу борадаги тажрибаси инобатга олинди.

Светлана ОРТИҚОВА,
Олий Мажлис Сенати
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

© 2005-2010 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati