OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 3 март
Тадбир: Сайловчи ишончини оқлаш

ҳар бир депутат фаолиятининг мезони бўлиши керак

Президентимизнинг парламент палаталари қўшма мажлисидаги маърузасида ҳокимиятнинг вакиллик органлари, жумладан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

Унда, айниқса, ҳокимият вакиллик органининг ўтган даврдаги фаолиятини талабчанлик руҳида тан­қидий баҳолаш, йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш, сусткашлик ҳамда ўзибўларчилик ҳолатларига барҳам бериш ва айни пайтда уларнинг назорат-таҳлил фаолиятини янада жонлантириш каби масалалар алоҳида таъкидланган эди. Албатта, бундай юксак вазифаларни амалга ошириш учун халқ вакиллари, аввало, Конституция ва қонунларимизда белгилаб берилган ҳуқуқ-ваколатларини, бурчларини яхши билмоғи, уларни амалда қўллай олиши керак.

Бухоро шаҳрида ташкил қилинган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ­депутатлари фаоллигини оширишнинг асосий йўналишларига бағишланган ­семинар-тренингда уларнинг айнан мана шу йўналишдаги билим ва кўникмалари бойитилди. Тадбирда сўз олган Олий Мажлис Сенати Раиси ўринбосари
М. Ражабова,  Қонунчилик палатаси ­Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси И. Насриев, Олий ­Мажлис Сенати аъзоси, вилоят ҳокими, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ­раиси С. Ҳусенов Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларни изчил рўёбга чиқаришда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари шуғулланишлари зарур бўлган энг муҳим масалалар ҳақида фикр юритдилар.

Шунингдек, семинар-тренингда депутатларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, уларнинг қонунлар ижросини таъминлашдаги ­ваколатлари, жамоатчилик назоратини таъминлашда депутатнинг иштироки ­кабилар ҳам муҳокама этилди.

Семинарнинг иккинчи кунида депутатлар маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари раислари ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари раҳбарлари секцияларида ўқувни давом эттирдилар.

Биз билан суҳбатда бўлган депутатларнинг аксарияти ушбу семинар-тренинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар фаолиятини янада фаоллаштиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар. 

— Мен илгари ҳам депутат сифатида фаолият кўрсатганман, — дейди халқ депутатлари Вобкент тумани Кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари доимий комиссияси раиси Бозор Рамазонов. — Мана шу тадбир давомида ўтган фаолиятимизда йўл қўйилган камчиликларни, нуқсонларни чуқур таҳлил қилиб кўрдим. Ҳуқуқ ва бурчларимиз, ваколатимизни янада яхшироқ анг­лаб, истиқболдаги ишларимиз режасини пишитаяпман. Сир эмас, янги сайланган депутатнинг дилида тугиб қўйган ниятлари кўп. Энг асосийси эса сайловчи ишончини оқлашдир. Президентимиз таъбири билан айтганда, сайловчидан олинган “насия”ни фақат ва фақат самарали фаолият билан қайтариш мумкин. Бунинг учун, табиийки, депутат ўз ҳуқуқи, ваколати, бурчини яхши билмоғи керак. Шундагина қўйилган мақсадга эришилади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, бугунги тадбирнинг аҳамияти ғоятда катта.

—  Депутат сифатида зиммамизда улкан масъулият турибди, — дейди яна бир суҳбатдошимиз, халқ депутатлари вилоят Кенгаши Ёшлар сиёсати ва соғ­лом авлод масалалари доимий комиссияси раиси Саид Раҳмонов. — Ўқув жараёнида берилган тавсия ва йўл-йўриқлар ишимиз самарасини оширади, албатта. Қолаверса, семинарда ўзимизни қизиқтирган кўплаб саволларга тўлақонли жавоб олдик. Бир сўз билан айтганда, тадбир парламент ҳамда маҳаллий Кенгашлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш асносида тажриба ва малакамизни оширишга хизмат қилди.

—  Президентимиз қўшма мажлисдаги маърузасида партия депутатлик гуруҳлари фаолияти бугунги давр талабларига мос бўлиши кераклигини алоҳида таъкидладилар, — дейди халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Ахтам Исаев. — Дарҳақиқат, ҳокимиятнинг вакиллик органларида сиёсий партиялар фракцияларининг ғоя ва дастурлар беллашуви доимий тус олиши, ҳар қайси партия ўз олдига қўйган мақсад-муддаоларига ана шундай кураш орқали эришиши бугунги ижтимоий-сиёсий жараённинг мантиқий талаби ҳамдир. Гарчи парламентимиз қуйи палатасида сиёсий партиялар фракциялари анча жонли иш олиб бораётган бўлса-да, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида сиёсий партия­лар депутатлари гуруҳи фаолияти қониқарсиздир. Ваҳолонки, “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конс­титуциявий қонунда сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги мав­қеи янада мустаҳкамлаб қўйилган. Семинар-тренингда мана шу имкониятларни рўёбга чиқариш юзасидан атрофлича ­фикр-мулоҳаза юритилгани ­фаолиятимизда асқотади, албатта.

УзА
Халқ сўзи газетаси, 2010 йил 3 март

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati