Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 yil 31 mart

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

28 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Парламент юқори палатаси аъзолари ялпи мажлиснинг иккинчи кунини «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишдан бошладилар. Сенаторлар томонидан эътироф этилганидек, Қонун нормалари ­жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни ҳозирги тамойилларни ҳисобга олган ҳолда тартибга солади. Киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар жиноий йўл билан топилган даромадларни қонуний тус бериб «ҳалоллаб олиш»га ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимининг самарадорлиги ҳамда амалий йўналишдаги ҳаракатчанлигини оширишга, мазкур тизим шу соҳадаги умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқий нормалар ҳамда стандартларга янада тўлиқроқ мувофиқлаштирилишини таъминлашга йўналтирилгандир. Айни бир вақтда киритилаётган ўзгартишлар қонун ҳужжатларини молиявий операциялар амалга оширилаётганда тадбиркорлик субъектларининг манфаатлари ишончли тарзда муҳофаза этилишини таъминлайдиган тарзда янада либераллаштириш учун шароитлар яратади. Қонунни ­сенаторлар маъқулладилар.
Шундан кейин сенаторлар «Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида инвестицияларни либераллаштириш, рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни (Тошкент, 2008 йил 15 август) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар ҳамда маъқулладилар. Сўзга чиққан сенаторлар ушбу Қонунни қабул қилиш замирида 2008 йил 15 август куни Тошкент шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Япония ўртасида инвестицияларни либераллаштириш, рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш мақсади мужассам эканлигини қайд этиб ўтдилар.
Ушбу халқаро Битим иккала мамлакат ўртасидаги иқтисодий муносабатларни инвестицияларни кўпайтириш учун бар­қарор, тенг ҳуқуқли ва очиқ-ошкора шароитлар яратиш йўли билан мустаҳкамлаш мақсадида имзоланган. Битимда бир Тараф бошқа Тарафнинг инвесторларига ва инвестиция­ларига ўз инвесторларига ҳамда инвестицияларига яратиб берганидан қолишмайдиган қулай режимни яратиб бериши назарда тутилмоқда.
Сўнгра Сенат аъзолари Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2008 йилда давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ахборотини, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2008 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2008 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотни тинг­ладилар.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда демократик жамиятнинг ҳуқуқий асосларини яратиш юзасидан собитқадам иш олиб борилмоқда, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш масалаларига катта эътибор берилмоқда. Ана шу жараёнда адлия органларининг вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалга оширилиши устидан мониторинглар ўтказиш йўли билан қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўлланиш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсати юритилишини таъминлаш борасидаги иши муҳим ўрин тутади.
Шу билан бирга, ўтказилган мониторингларнинг натижалари норматив ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда уларни амалга киритиш юзасидан белгиланган тартиб айрим вазирликлар ва идоралар томонидан бузилаётганлиги ҳоллари ҳам мавжудлигидан, назорат идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тегишли таркибий бўлинмаларининг тадбиркорлик субъектлари қўллаб-қувватланишини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда уларнинг олдини олиш масалаларига оид фаолиятида муайян камчилик ва нуқсонлар ҳам борлигидан далолат беради.
Бош прокурорнинг ҳисоботида қайд этиб ўтилганидек, прокуратура органлари асосий эътиборни қонунларнинг ижроси устидан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштиришга, тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоялашга ҳамда уларнинг фаолиятига ғайриқонуний аралашув ҳолларини бартараф этишга, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтиришга, қишлоқ хўжалигида ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга қарата чиқарилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бажарилиши устидан назоратни таъминлашга қаратилди. Фермерликни ривожлантириш йўлидаги бюро­кратик ғов-тўсиқларни бартараф этиш, фермер хўжаликларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги ерларини қонунга хилоф равишда ажратиб бериш ва улардан ғайриқонуний фойдаланиш ҳолларини бартараф этиш ҳамда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тезкор ва тергов бўлинмаларининг одам савдоси билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш соҳасидаги фаолияти самарадорлигини оширишга, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари мансабдор шахсларининг жиноий қилмишлари пайини қирқиш ҳамда бундай қилмишларга чек қўйишга, судларда жиноят ишлари ҳамда фуқаролик ишлари, шунингдек, хўжалик низолари кўрилаётганда прокурорнинг ваколатлари самарали амалга оширилишига эришишга муҳим аҳамият берилди.
Сенаторлар Омбудсманнинг 2008 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқар эканлар, шуни алоҳида эътироф этдиларки, инсон ҳуқуқлари ишончли ҳимоя этилишини таъминлашда, фуқаролик жамияти сари изчил илгарилаб боришда, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг, шу жумладан, парламент Омбудсманининг ҳуқуқий мақомини ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашда давлатимиз раҳбарининг «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган Тадбирлар дастури тўғрисида» ўтган йили чиқарилган Фармони алоҳида аҳамиятга эга бўлди, унинг қоидаларини амалга оширишга қаратилган ишлар эса Ўзбекистон ўз тараққиётининг танлаб олинган демократик йўлига содиқ эканлигининг яна бир тасдиғи бўлиб қолди.
Мажлис асносида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2008 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳам тинг­ланди.
Муҳокама давомида сенаторлар Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини таъминлаш, мамлакатда экологик вазиятни соғломлаштириш борасидаги фаолияти кучайтирилиши зарурлигини таъкидладилар.        
Сўнгра сенаторлар Ўзбекис­тон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимига мамлакатимиз Президенти томонидан тақдим этилган номзодни тасдиқладилар.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг МалайзиядагиФавқулодда ва Мухтор Элчиси вазифасига тайинлаш тўғрисидаги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Туркманистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси вазифасига тайинлаш тўғрисидаги масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ваколатига тааллуқли бошқа долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини тамомлади.
Икки иш куни мобайнида мажлисда йигирма учта масала, шу жумладан, 13 та қонун кўриб чиқилди. Муҳокама қилинган масалалар юзасидан 60 нафардан ортиқ сенатор сўзга чиқди.
Сўзга чиққан сенаторларнинг фикрича, маъқулланган қонунлар, муҳокама этилган масалалар юзасидан, шу жумладан, Инқирозга қарши чоралар дастурини сўзсиз бажариш борасида маҳаллий ҳокимият органларининг роли ва масъуллиги хусусидаги масала юзасидан қабул қилинган қарорлар мамлакат иқтисодиёти ва аҳолиси жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг эҳтимолий салбий оқибатларидан ишончли тарзда ҳимоя этилишини таъминлаш, демократик, социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни чуқурлаштириш, халқ фаровонлигини янада ошириш ишига қўшилган муҳим ҳисса бўлиб қолади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.
ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 31 март )
© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati