Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 йил 27 ноябрь

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси олдидан

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ВА ТАРАҚҚИЁТ

Шу кунларда мамлакатимиз парламенти юқори палатасида йигирманчи ялпи мажлисга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Юқори палатанинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳам ушбу нуфузли анжуманда сенаторлар муҳокамасига бир қатор муҳим ҳужжатларни ҳавола этмоқда. Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги Давлат бюджети ана шулар жумласидандир. Мухбиримизнинг мазкур қўмита аъзоси Абдурашид Алтиев билан қилган суҳбати мамлакатимиз асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг йўналишлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги Давлат бюджети параметрлари хусусида бўлди.

— Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги Давлат бюджети Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 13 февралдаги мажлисида Президентимиз томонидан белгилаб берилган  мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор вазифаларини амалга оширишни мантиқий жиҳатдан давом эттириш мақсадида ишлаб чиқилган, — дейди Абдурашид Султонович. — Хусусан, давлатимизнинг бош молиявий ҳужжатида Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурини амалга ошириш, шу асосда иқтисодий ўсишнинг узоқ муддатли барқарор суръатларини ва ривожланишини таъминлашга доир аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилаётир. Айни пайтда таркибий ўзгартиришларни давом эттириш, иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқ ва корхоналарини техник ва технологик янгилаш, аҳоли фаровонлигини янада ошириш, қишлоқ турмуш сифатини ва қиёфасини тубдан яхшилаш, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишларни бажаришнинг молиявий-ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб берилаётир.   

— Келаси йил учун ишлаб чиқилган “Бюджетнома”га биноан солиқ тизимимизда қандай ўзгаришлар кўзда тутилмоқда?

— Мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим вазифаларига мувофиқ, 2010 йил учун солиқ сиёсатини белгилашда хўжалик юритувчи субъектлар зиммасидаги солиқ юкини янада енгиллаштиришга, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга, фуқаролар даромадларини кўпайтириш ҳамда аҳолининг харид қобилиятини оширишга, солиққа тортиш тизимини соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, юридик шахс­лар даромадидан олинадиган фойда солиғи ставкаси 10 фоиздан 9 фоизга камайтирилиши кўзда тутилмоқда. Натижада хўжалик юритувчи субъектлар фойда солиғидан тежалган 52 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ишлаб чиқаришни кенгайтириш, корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватини янада мустаҳкамлашга сарфлаш имкони пайдо бўлади. Бунда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини ҳисоблашнинг амалдаги тартиби сақлаб қолин­моқда.

Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг жадал ривожланишини рағбатлантирадиган солиқ енгилликлари ҳам кўзда тутилаётир. Чунончи, микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловининг амалдаги ставкасини 7 фоиз миқдорида белгилаш таклиф қилинаяпти.

Шу ўринда жисмоний шахслар даромадидан олинадиган фойда солиғи ставкаларидаги ўзгаришлар хусусида ҳам ахборот бериш мақсадга мувофиқдир. Жисмоний шахс­ларнинг даромад солиғи ставкасини солиқ солишнинг биринчи шкаласи бўйича 12 фоиздан 11 фоизга пасайтириш назарда тутилмоқда. Қолаверса, фуқаролар томонидан олий ўқув юртида ўқиш учун тўланадиган (ўзининг ёки 26 ёшгача бўлган фарзандининг ўқиши учун), шунингдек, Халқ банкидаги жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ихтиёрий ўтказиладиган маблағларни ҳам солиқ солинадиган базадан чиқариш кўзда тутилаётир.

— 2010 йил учун бюджет сиёсатининг асосий жиҳатлари ҳақида ҳам гапириб берсангиз? 

— Келгуси йил Давлат бюджети параметрларида ижтимоий соҳа устуворлигига алоҳида урғу берилган. Бюджет харажатларида бу соҳага йўналтирилган маблағлар янада кўпаяётир. Чунончи, 2009 йилда соҳа харажатлари 55,6 фоизни ташкил этган бўлса, келгуси йилда бу кўрсаткич 59,1 фоизга етказилмоқда.  Бунда соғлиқни сақлаш, таълим тизими, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмини манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича харажатларни  кўпайтириш, иш ҳақи, пенсиялар ва нафақаларни ошириш ­назарда тутилган.

— Абдурашид Султонович, Инқирозга қарши чоралар дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун харажатлар 2010 йилги Давлат бюджетида қандай йўналишларда бўлиши кутилмоқда?

— Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастури ижросини изчил таъминлашнинг аҳамияти беқиёс. Шу боисдан мамлакатимиз бош молия­вий ҳужжатида иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқ ва корхоналарини модернизация қилиш, ички ва таш­қи бозорда рақобатбардош бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, банкларнинг тўлов қобилиятини мустаҳкамлаш  бўйича аниқ чора-тадбирлар назарда тутилмоқда. Бунда бюджет маблағлари билан бир қаторда, имтиёзли хориж инвестициясини жалб қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағларидан фойдаланиш белгиланмоқда.

Шунингдек, Давлат бюджети параметрларида қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш мақсадида манзилли маблағлар йўналтирилмоқда. Жумладан, 2010 йилда сув хўжалиги иншоотларини сақлаш, ишлатиш ва уларни доимий ишга тайёр ҳолатда сақлаш тадбирлари учун Давлат бюджетидан 817,6 млрд. сўм, Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ­жамғармаси томонидан 2010 йилда 150 млрд. сўм маблағ ажратилиши кутилаётир. Бу, ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг етарли миқдорда сув ­билан таъминланишига замин яратади.  

— Маълумки, 2009 йил 22 январда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳоли пункт­ларини ободонлаштириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди. Ушбу ҳужжат ижросининг молиявий манбалари “Бюджетнома”да ўз аксини топганми?

— Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори шаҳар ва аҳоли пунктларининг замонавий қиёфасини янада шакллантириш, уларни ободонлаштиришни тубдан яхшилаш, ободонлаштириш бошқармаларини замонавий махсус транспорт ва механизация воситалари билан жиҳозлаш, шунингдек, банд бўлмаган аҳолини ободонлаштириш ишларига жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва рағбатлантириш мақсадини кўзлайди. Унда мазкур тадбирларни молиялаштиришнинг манбалари ҳам кўрсатиб ўтилган. Хусусан, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича прогноз тушумларининг 50 фоизи, автотранспорт тўхташ жойи бўйича пуллик хизмат кўрсатишдан олинган йиғим тўлалигича, шунингдек, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича ҳамда транспорт воситалари учун бензин, дизель ёнилғиси ва газдан фойдаланганлик учун жисмоний шахслардан олинадиган солиқ бўйича прогноздан ортиқча тушумлар ушбу мақсадларга сарфланади. Қолаверса, хайрия (ҳомийлик) ёрдамлари ҳам жалб этилиши мумкин. Умуман, ушбу қарор ижроси доирасида, 2009 — 2011 йилларда 691 дона транспорт воситаси харид қилинади. Шунингдек, давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга йўлларни капитал таъмирлаш, инфратузилмани яхшилаш кўзда тутилмоқда.

Қолаверса, маҳаллий бюджет даромадларини мустаҳкамлаш ҳисобига ҳам мазкур турдаги харажатларни қоплаш кўзда тутилаётир. Чунончи, 2010 йилда маҳаллий ҳокимиятларнинг маҳаллий бюджетлар даромадларини шакллантиришдаги ўрни, мустақиллиги ва масъулиятини ошириш мақсадида республика бюджетига тушиши лозим бўлган 3 турдаги солиқ тушумларини тўлиғича маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолдириш мўлжалланмоқда. Бу билан ижтимоий соҳа ва аҳолини қўллаб-қувватлаш, капитал қурилиш ва ободонлаштириш ишларини кенгайтириш белгиланмоқда. Умуман, шаҳар ва туманлар маҳаллий бюджетлари даромадлар базасининг сезиларли даражада оширилиши уларнинг республика бюджетига боғлиқлигининг камайишига олиб келади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекис­тон Республикасининг 2010 йилги Давлат бюджети Юртбошимиз раҳнамолигида олиб борилаётган кенг миқёсли ислоҳотларнинг давомийлигини, изчиллигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Унинг мақсадли ва қонуний ижро этилиши мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий барқарорликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

 

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 27 ноябрь)

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati