Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 йил 27 март

ОЛИЙ МАЖЛИС СЕНАТИДА

Бугун Тошкент шаҳрида очиладиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
ўн саккизинчи ялпи мажлисида кўриладиган масалалар айнан ушбу эзгу мақсадларга йўналтирилган.
Мамлакатимиз парламенти юқори палатасининг
ўн саккизинчи ялпи мажлисида сенаторлар давлатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига доир бир қатор қонунларни, шунингдек, ўз ваколатлари доирасида тегишли масалаларни муҳокама этишади.
Кеча ялпи мажлис кун тартибига киритилган масалалар Сенат қўмиталари йиғилишларида ҳам кўриб чиқилди. Мухбиримиз танаффус пайтида муҳокама этилаётган масалалар хусусида сенаторлар билан мулоқотда бўлди.
Панжи МУСТАПОВ, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси:
— Сенатнинг ўн саккизинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган қонунлар, ҳақиқатан ҳам, бугунги кун талабларига, эҳтиёжларига тўла мос келади ва ўз пайтида ишлаб чиқилган. 
Қўмита йиғилишида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фао­лияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекис­тон Республикаси Қонуни ҳам худди шундай ҳужжатлар жумласига киради. Зеро, мазкур Қонун омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ваколатларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади. Хусусан, унинг давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлаш ҳуқуқларини тўла рўёбга чиқаришига қонуний имконият яратади. 
Бу нормалар, албатта, Ўзбекистонда инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя­лаш борасида Юртбошимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотларнинг изчил бажарилишида катта аҳамият касб этади.
Нодира КАРИМОВА, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси:
— Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси ниҳоятда масъулиятли бир даврда ўтаяпти. Зеро, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози бугунги кунда дунё мамлакатлари иқтисодиётида янада чуқур илдиз отмоқда. Халқаро ҳамжамиятга интеграциялашиб бораётган Ўзбекистонда бу масалага алоҳида эътибор билан қаралаётир. Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда 2009-2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастури ишлаб чиқилди ва айни пайтда у қатъий назорат остида амалга оширилмоқда.
Сенаторлар ялпи мажлисда ушбу Дастурнинг сўзсиз бажарилиши борасида маҳаллий ҳокимият органларининг роли ва масъуллиги тўғрисидаги масалани ҳам атрофлича муҳокама этишади. Зеро, 2009-2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дас­турининг жойларда сўзсиз ижро этилишида сенаторлардан улкан масъулият, жонбозлик ва жонкуярлик талаб этилади. Ўйлайманки, мана шу муҳокамадан сўнг тегишли хулосалар ишлаб чиқилади ҳамда бу борадаги ишлар кўлами кенгайтирилади. 
Қолаверса, қўмита томонидан ялпи мажлис муҳокамасига киритилган “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига ўз­гартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам бу борада ўзига хос аҳамиятга эга. Негаки, ушбу ҳужжат фуқароларнинг тижорат банкларида очилган депозит ҳисобварақларидаги омонатлари бўйича, ана шу омонатларнинг миқдоридан қатъи назар, ҳақни тўлиқ ҳажмда тўлашни кафолатлайди. Бу чора инқироз шароитида фуқароларнинг банк­ларга бўлган ишончини орттиради, албатта.
Суҳбатдошларимиз айтганидек, бугун ялпи мажлисда кўрилажак масалалар мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барқарор тараққий этиши, жамият ҳаётини янгилаш ва эркинлаштиришга оид тадбирларнинг мукаммал бажарилиши учун тегишли ҳуқуқий заминни кучайтиради. Қолаверса, бу анжуман ҳар бир сенаторни, улар орқали маҳаллий кенгашлар депутатларини янада фаол, жонкуяр, жонбоз бўлишга ундайди.
ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 27 март )
© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati