Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 йил 27 май

Дастур ижроси: қишлоқларимиз обод бўлади

Кеча Зангиота туманида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши билан биргаликда қишлоқда инфратузилмани ривожлантириш ҳамда даромад манбаларини кўпайтиришнинг ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган стратегиясига бағишланган семинар ўтказди.

Унда вилоятдаги туман ва шаҳар кенгашлари доимий комиссиялари раислари, тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда қишлоқни ободонлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш, уй-жой, йўл қурилиши, электр энергия, газ ва ичимлик суви таъминотини тубдан яхшилаш, шунингдек, қишлоқ аҳолисига кўрсатиладиган сервис ва хизматлар кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 — Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши қишлоқларимиз равнақига хизмат қилиши аниқ, — дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Шоҳида Мамадалиева. — Зеро, уларга биноан, қишлоқларимизда узунлиги 5 км. бўлган йўллар тубдан реконструкция қилинади, 47 км. йўл тузатилади. Ўз нав­батида, 79,4 км. хўжаликлараро автомобиль йўллари равон бўлиши учун тегишли тузатиш ишлари бажарилади. 229,6 км. электр тармоғи яхшиланади. Табиийки, буларнинг барчаси вилоятимиз қишлоқларида инфратузилманинг ривожланишига, одамлар турмушининг фаровонлашувига туртки беради.

 Семинарда Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, “Ўзбекэнерго”, “Ўзтрансгаз” давлат акциядорлик компаниялари, шунингдек, “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки масъуллари қишлоқда хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш, электр энергия ва газ таъминоти,  йўлларни таъмирлаш, шунингдек, уй-жой қурилишини рағбатлантириш ва бу борада ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган дастурлар, ишлар хусусида ­батафсил ахборот беришди.

 Семинар ишида, шунингдек, вилоят қишлоқлари ривожига тўсиқ бўлиб турган айрим муаммо ва камчиликлар ҳақида ҳам сўз юритилиб, уларни баҳамжиҳатликда ҳал этиш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 27 май )

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati