Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 йил 27 март

ОЛИЙ МАЖЛИС СЕНАТИДА
Кеча, 26 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди

Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И. Собиров олиб борди.
Кенгаш аъзолари Олий Мажлис Сенатининг Раиси ўринбосари Ф. Муҳитдинованинг парламент юқори палатасининг ўн саккизинчи ялпи мажлисига тайёргарлик ҳақидаги ахборотини тинглаб, маълумот учун қабул қилдилар.
Қўмиталарнинг раислари навбатдаги ялпи мажлис муҳокамасига киритилаётган қонунлар юзасидан хулосалар, бошқа масалалар юзасидан эса қарорлар тайёрлиги ҳақида ахборот бердилар, мажлис ишини ташкил этиш юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Кенгаш мажлисида таъкидланганидек, Сенатнинг бўлажак ялпи мажлисида йигирмадан ортиқ масалани кўриб чиқиш мўлжалланмоқда.
Юқори палатанинг бўлажак анжумани муҳокамасига киритиш мўлжалланган муҳим масалалардан бири — Инқирозга қарши чораларнинг 2009–2012 йилларга мўлжалланган дастурини сўзсиз бажариш борасида маҳаллий ҳокимият органларининг роли ва масъуллиги тўғрисидаги масала барча минтақавий, бошқарув, молия ҳамда хўжалик юритувчи тузилмаларнинг, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг Инқирозга қарши чораларнинг 2009–2012 йилларга мўлжалланган дастурини бажаришдаги ролини оширишга қаратилган бўлиб, ушбу Дастурнинг асосиййўналишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан ­Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2009 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилашни изчил давом эттириш — давр талаби» деган маърузада белгилаб берилган.
Ялпи мажлисда муҳокама қилинадиган қонунларнинг аксарияти жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни бундан буён ҳам пухтароқ таъминлашга қаратилган.
Шу муносабат билан иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш ҳақидаги, фуқароларнинг мамлакат тижорат банкларидаги омонатлари ҳимоя қилинишининг ишончли кафолатларини таъминлаш, почта алоқаси хизматларидан фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳсулотлар хавф­сизлигини, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги, баҳолаш хизматларининг профессионал даражаси ва сифатини оширишга доир талаблар ҳамда баҳолаш хизматларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш ҳақидаги, «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банкининг молиявий барқарорлигини ошириш тўғрисидаги нормаларни белгиловчи қонунларни алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур.
Бир қатор қонунлар суд-ҳуқуқ ислоҳотини янада чуқурлаштиришга ва жиноят ишларини суд тартибида юритишни либераллаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш соҳасидаги миллий қонунчилик базасини ҳамда ҳуқуқнинг қўлланиш амалиётини такомиллаштиришга йўналтирилган. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши ваколатига тааллуқли бошқа ­масалалар ҳам кўриб ­чиқилди.
Кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан Кенгаш тегишли қарорлар қабул қилди.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 27 март )

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati