Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 йил 26 ноябрь

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси олдидан

Фарзандлар баркамоллиги — устувор мақсад

Мамлакатимизда эртамиз эгалари бўлмиш болаларнинг ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб вояга етишлари,  уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, жамиятда ўз иқтидорини, истеъдодини рўёбга чиқариш учун барча шарт-шароитлар, ҳуқуқий асослар яратилган. Чунончи, БМТнинг Бола ҳуқуқлари конвенцияси, унинг бир қатор баённомалари ратификация қилинди. “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни амалиётга изчил татбиқ этилаётир. Фарзандларимиз саодатини кўзлаган бу ҳуқуқий мажмуалар, ўз навбатида, мамлакатимизнинг халқаро миқёсда болалар ҳуқуқларини ҳимоялашда ташаббускор давлатлар қаторидан ўрин олишига хизмат қилаётир. Энг муҳими, бундай эзгу саъй-ҳаракатлар кўлами тобора кенгайиб, мавжуд қонуний меъёрлар такомиллаштирилмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида муҳокама этилиши режалаштирилаётган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ва “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекис­тон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш  ҳақида”ги Қонуни ҳам мана шунга қаратилгандир.

Маълумки, 2008 йил 4 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан Халқаро Меҳнат Ташкилотининг (ХМТ) “Ишга қабул қилишда энг кичик ёш тўғрисида”ги (1976 йил 26 июнь, Женева) 138-сонли Конвенцияси ратификация қилинди. Ушбу Конвенциянинг 2-моддасига биноан, ишга қабул қилишдаги энг кичик ёш умуммажбурий таълимни тугатган пайтдаги ёшдан паст бўлмаслиги ва барча ҳолатларда 15 ёшдан кичик бўлмаслиги белгиланган. Бу эса айнан ушбу талабни миллий қонунчилигимизга уйғунлаштириш мақсадида, хусусан, Меҳнат кодекси ҳамда “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга айрим ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш заруратини туғдирди.

Умуман, миллий қонунчилигимизда ишга қабул қилишнинг энг кичик ёши борасида бир қатор нормалар мавжуд. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси (77-модда) ва Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига (20-модда) биноан, фуқароларни 16 ёшдан бошлаб ишга қабул қилишга йўл қўйилади. Шу билан бирга, 15 ёшга тўлган шахс, ота-онасидан бири ёки улар ўрнини босувчи шахснинг ёзма равишдаги розилиги билан ишга қабул қилиниши мумкин. Шундай қилиб, 15 ёш Ўзбекистон Республикасида ишга қабул қилишдаги энг кичик ёшни англатади.

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни талабларига мувофиқ ҳам, болалар 6-7 ёшдан 15-16 ёшгача мажбурий умумий ўрта таълим олишади. Мана шулардан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисининг 2009 йил 26 январдаги
4-сонли баёнига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш 15 ёш деб тасдиқланди ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тегишли баёнот Халқаро Меҳнат Ташкилотига юборилган.

Бу ёш меъёри кўпгина давлатлар тажрибасида қўлланиб келинаётганини ҳам айтиш ўринлидир. Хусусан, “Ишга қабул қилишда энг кичик ёш тўғрисида”ги (1976 йил 26 июнь, Женева) Конвенцияни ратификация қилган Австрия, Бельгия, Германия, Греция, Италия, Корея, Швейцария, Япония ва бошқа мамлакатларда ишга қабул қилишда энг кичик ёш сифатида 15 ёш белгиланган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, дунёдаги 150 мамлакатдан 66 тасида 15 ёш, 48 тасида 14 ёш, 36 тасида эса 16 ёш ишга қабул қилишнинг энг қуйи меъёри сифатида тан олинган.

Мамлакатимиз томонидан ратификация қилинган Конвенция талабларини миллий қонунчиликда акс эттириш зарурати ҳам ана шундан. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 77-моддаси иккинчи қисмига ўзгартиш киритилмоқда. Унга кўра, ёшларни меҳнатга тайёрлаш мақсадида умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг ўқувчиларини ўн беш ёшга тўлганларидан кейин ота-онасидан бирининг ёки улар ўрнини босувчи шахснинг розилиги билан болаларнинг соғ­лиғига ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган ҳамда таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишларни ўқишдан бўш вақтларида бажариш учун ишга қабул қилинишига йўл қўйилади.

Айни пайтда Меҳнат Кодексининг 242-моддасига ва “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддасига тегишли ўзгартишларни киритиш ҳамда уларни “Таълим тўғрисида”ги Қонунга мувофиқлаштириш мақсадида Меҳнат Кодексида тўлиқ матни бўйича “ўрта махсус ўқув юртлари” сўзлари “касб-ҳунар” сўзлари билан тўлдирилмоқда.

Миллий қонунчиликнинг меҳнат ҳуқуқи ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қисмига киритилаётган ушбу ўзгартиришларнинг аҳамияти катта. Зеро, “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ва “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш  ҳақида”ги Қонуннинг кучга кириши билан халқаро меҳнат ҳуқуқи стандартлари ва таълим тўғрисидаги қонунчилик талаблари мувофиқлаштирилади. Натижада таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича меъёрий ҳужжатлар талаблари тўлиқ бажарилишига замин яратилади. Энг муҳими, бола ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга доир давлат сиёсатининг изчил рўёбга чиқарилиши таъминланади.

М. ИСРОИЛОВ,
Олий Мажлис Сенатининг
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 26 ноябрь)

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati