Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 йил 24 ноябрь

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси олдидан

МУРОЖААТЛАРНИ ЎРГАНИШ ТАРТИБИ
ҳуқуқий жиҳатдан янада такомиллашади

 Давримизнинг ҳар бир куни ҳаётимизга янги мазмун олиб кираверади. Жамиятимиздаги бемисл эврилишлар турмуш тарзимизни мунтазам ислоҳ қилиб боради. Бу, энг аввало, тараққиётимизнинг ҳуқуқий асослари ҳисобланмиш қонунларимизнинг янгиланишларида намоён бўлади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида муҳокама этилиши кутилаётган “Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 329-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам жамият ривожининг ана шундай ислоҳотлари натижасидир. Олий Мажлис Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Мавжуда Ражабова мухбиримизга ушбу ўзгартишга туртки бўлган омиллар хусусида сўзлаб берди.

— Мазкур Қонун маъқуллаш учун Олий Мажлиснинг Сенатига қуйи палата томонидан белгиланган тартибда тақдим этилган, — дейди Мавжуда Абдуллаевна. — Қонуннинг асосий мақсади жиноятлар ҳақидаги аризалар ва хабарларни кўриб чиқиш тартибини такомиллаштириш, ҳақиқатни аниқлаш, қонунийлик ҳамда жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларини амалга оширишга ёрдам беришдан иборат. Ушбу Қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун Қўмита ҳузурида ишчи гуруҳ ташкил этилди. Гуруҳ таркибидаги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Адлия, Ички ишлар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтининг вакиллари, Тошкент давлат юридик институтининг ҳуқуқшунос олимлари билан биргаликда мавжуд қонунчилигимиз ва амалиётдаги хулосалар обдан ўрганилди. Натижада янги Қонун Конституциямиз талабларига ва қонунчилигимиз техникасига мос равишда қайта кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг «Жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотларни кўриб чиқиш тартиби» деб номланган 329-моддасининг амалдаги таҳрири икки қисмдан иборат. Уларда жиноятларга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотларни рўйхатга олиш ва уч суткадан, зарур ҳолларда эса ўн суткадан кечиктирмасдан кўриб чиқиш муддатлари ҳамда тартиби белгиланган.

Қонун нормаларини қўллаш амалиётини таҳлил қилиш жараёнлари кўпгина ҳолларда жиноятлар тўғрисидаги аризалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қонунда белгиланган муддатларни бузган ҳолда ҳал этилаётганлигини кўрсатди. Зеро, бу ҳол бир ойгача муддатда, яъни узоқ вақтни талаб қиладиган терговолди ҳаракатлари ҳамда айрим ҳолларда, сўраб-суриштириш йўли орқали тушунтириш олиш билан боғлиқ. Бинобарин, текшириш муддатларининг қисқалиги ҳамда бу муддатларни узайтиришнинг қонунчилик механизмлари мавжуд эмаслиги жиноятлар ҳақидаги аризалар ва хабарлар юзасидан асоссиз ва барвақт қарорлар қабул қилинишига сабаб бўлаётир. Ана шуларни ҳисобга олиб, мазкур Қонунда Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг «Жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотларни кўриб чиқиш тартиби» деб номланган 329-моддаси матнини қуйидаги янги таҳрирда баён этиш назарда тутилган:

«Жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотлар рўйхатга олиниши ва дарҳол, жиноят ишини қўзғатиш учун сабаб қонунийлигини ва асослар етарли эканлигини бевосита ёки суриштирув органлари ёрдамида текшириш зарурати бўлган тақдирда, ўн суткадан кечиктирмасдан ҳал қилиниши лозим. Ушбу муддат жиноятга оид хабарлар олинган пайтдан бошлаб, то ишни қўзғатиш ёки қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор чиқарилгунига қадар ёхуд терговга қадар текширув материаллари ушбу Кодекснинг 587-моддасига мувофиқ прокурорга юборилгунига қадар бўлган вақтни ўз ичига олади.

Кўрсатилган муддат ичида терговга қадар текширув ўтказилиб, унинг давомида қўшимча ҳужжатлар, тушунтиришлар талаб қилиб олиш, шунингдек шахсни ушлаб туриш, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш ва экспертиза ўтказиш мумкин. Терговга қадар текширув вақтида бошқа тергов ҳаракатларини ўтказиш ман қилинади.

Алоҳида ҳолларда, терговга қадар текширув муддати қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлган тақдирда, суриштирувчи ёки терговчининг асослантирилган қарорига кўра прокурор томонидан бир ойгача узайтирилиши мумкин:

1) ўтказиш учун кўп вақт талаб қиладиган экспертиза, хизмат текшируви, ҳужжатли тафтиш ёки ­бошқа текширув тайинланган бўлса;

2) олис жойларда бўлган ёки чақирувга биноан ҳозир бўлишдан бош тортаётган шахслардан тушунтиришлар олиш зарур бўлса;

3) янги ҳолатлар аниқланиб, уларни қўшимча текширмасдан туриб қонуний қарор қабул қилишнинг имкони бўлмаса».

Шу тариқа, мазкур модданинг янги таҳририга мувофиқ, жиноятларга оид аризалар ва хабарлар дарҳол рўйхатга олинади ва ҳал қилинади. Муайян вазиятлар мавжуд бўлган зарур ҳолларда  эса, терговга қадар текшириш муддати прокурор томонидан бир ойгача узайтирилиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, янги Қонун мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кечаётган ислоҳотлар изчиллигини таъминлаб, жиноят-процессуал тартибини такомиллаштиради. Энг муҳими, бу орқали фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ўз вақтида таъминлаш учун ҳуқуқий асос мустаҳкамланади.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 24 ноябрь)

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati