Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 йил 22 декабрь

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида
«НОШИРЛИК ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУН ИЖРОСИГА БАҒИШЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлиси ўтказилиб, унда “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Самарқанд вилоятида ижро этилишини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.

 

Мажлисда қайд этилганидек, Самарқанд вилоятида мазкур Қонунни ижро этиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Вилоятда лицензия асосида иккита ­нашриёт ва иккита нашриёт бўлими ишлаб турибди. 2009 йилнинг ўтган даврида “Зарафшон” нашриёти томонидан 34 номда 9,5 минг нусхадан ортиқ бадиий-публицис­тик, илмий-тарихий, шеърий, насрий асарлар чоп этилди. Самарқанд, Бухоро, Хиванинг тарихий ёдгорликлари ҳамда туристик салоҳияти ҳақида ранг-баранг ва қимматли материалларни ўз ичига олган “Ўзбекистон” рисоласи, Навоий кон-металлургия комбинатининг биринчи гидрометаллургия заводи ишга туширилганлигининг 45 йиллигига бағишлаб сифатли нашр этилган, расмларга бой “Завод — наша судьба” альбом-китоби шулар жумласидандир. 2008 йилда нашриёт 17 миллион 867 минг сўмлик маҳсулот сотди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 23 майдаги қарорига мувофиқ, Имом Бухорий халқаро маркази ҳам ноширлик фаолиятини амалга оширмоқда. Марказ 2009 йилда 40 дан ортиқ илмий-диний, тарихий, публицис­тик асарлар, кенг жамоатчиликка мўлжалланган ўндан ортиқ ихчам китоб­лар, шунингдек, буюк аждодларимизга бағишланган 5 минг нусхадан ортиқ плакатлар чиқарди.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агент­лиги қарорларига мувофиқ, Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетида ва Самарқанд давлат чет тиллар институтида ҳам ноширлик фаолияти олиб борилмоқда. Мана шу олий ўқув юртларининг нашриёт бўлимлари томонидан илмий-услубий қўлланмалар, илмий монография ва рисолалар, ўқув дастурлари ҳамда илмий асарлар тўпламлари нашр этилмоқда. Чунончи, 2009 йилда СамДУ нашриёт бўлими томонидан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган “Миллий ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари ­масалалари” номли тўплам ҳамда “Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар” номли услубий қўлланма нашр этилди.

 

Самарқанд давлат чет тиллар институти томонидан 2008 йилда 20 та илмий ва ўқув қўлланмаси нашр этилди, шу йил охиригача эса 40 дан ортиқ китоб нашр этиш режалаштирилган. Инс­титут ўзбек, инглиз ва рус тилларида “Хорижий филология” (“Зарубежная филология”) илмий-услубий ва адабий-бадиий журналини ҳам мунтазам чиқариб келмоқда.

Вилоятда 42 та газета ва 6 та журнал чоп этилмоқда. Вилоят ҳокимлиги муассиси бўлган “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари тегишинча ҳафтасига уч ва икки марта чиқиб турибди.

Шу билан бирга, мажлисда сенаторлар ушбу Қонуннинг бажарилишидаги мавжуд камчиликларни ҳам кўрсатиб ўтдилар. Аҳолиси 3 миллион кишидан ортиқ бўлган ушбу вилоятда ноширлик фаолиятини ривожлантиришга етарли эътибор берилмаётганлиги кўрсатиб ўтилди. Масалан, ишлаб турган “Зарафшон” нашриёти зарур моддий базага эга бўлишига қарамай, босма маҳсулотни етарли даражада чиқармаётир, ушбу Қонуннинг 4-моддасини бузган ҳолда монопол мавқени эгаллаб олган ва бу соҳада соғлом рақобатнинг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда. 2008 йил якунлари бўйича ушбу нашриёт томонидан олинган даромад бор-йўғи 82 минг сўмни ташкил этганлиги юқоридаги фикрни тасдиқлайди.

Муҳокама асносида мажлис қатнашчилари вилоятда ноширлик фаолиятини ривожлантириш ва тегишли рақобат муҳитини яратиш, вилоятда ишлаб турган нашриётларнинг моддий базасидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш масалалари бўйича тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек, ноширлик фаолиятининг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш зарурлигини таъкидладилар.

Муҳокама якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Қўмита мажлисида сенаторлар, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг депутатлари, “Зарафшон” ҳамда Имом Бухорий халқаро маркази нашриётларининг, Самарқанд давлат университети ва Самарқанд давлат чет тиллар институти наш­риёт бўлимларининг раҳбарлари, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, вазирлик ҳамда идоралар, шунинг­дек, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашдилар.

 


ЎзА

(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 22 декабрь)

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati